Maqola

777 20/06/2022

ҚОЗОҒИСТОНДАГИ АВТОҲАЛОКАТ УЮШТИРИЛГАНМИ?

Қозоғистонда яна ўзбеклар кетаётган автобус ёниб кетди

Ўзбекистон фуқаролари бўлган йўловчи автобуси Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Жамбул тумани «Қизил тан» қишлоғида аварияга учради. 15 июн куни ичида 31 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобусда ёнғин содир бўлган. Йўловчилардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган.

Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Қозоғистон ФВВдан олинган дастлабки маълумотларга кўра, аварияга «Олмаота-Тошкент» автомобиль йўлининг 545-км.ида трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши оқибатида юзага келган тирбандлик сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 18 январда «Чимкент-Самара» автомобил йўлининг 1068-километрида ёнғин содир бўлган. Ҳаракат давомида «Икарус» автобусида ёнғин чиққан, бу вақтда автобус салонида 55 йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган. Ёнғин оқибатида 52 киши ҳодиса жойининг ўзида ҳалок бўлган эди.

Кишини ўйга толдирадиган жиҳати шундаки, 2022 йил май ойида Жамбил вилоятида 2 та йирик йўл-транспорт ҳодисалари рўй берди. 2 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жаулин туманида Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобус ЙТҲга учради. Автобусда 53 нафар йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлган эди. 14-май куни юз берган ЙТҲда эса 23 фуқаро тан жарохати олганди. Йўл-транспорт ҳодисалари айнан бир жойда содир бўлгани ўқувчиларимиз эътиборини тортган ва уларнинг айримлари изоҳларда ушбу ҳодисалар уюштирилганмикан, деган саволни беришган. Бошқалар “фалокат оёқ остида” дея изоҳ беришган.

Турнақатор навбатлар

Қозоғистоннинг Атирау шаҳридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш марказида мингга яқин ўзбекдан иборат «турнақатор» навбатлар кузатилган. Ўзбекистонда янги хорижга чиқиш паспортини олган фуқаролар эндиликда Қозоғистонда вақтинчалик ишлаш учун янги рухсатнома олишлари керак. Чунки эски яшил паспортлар билан рухсатномалар расмийлаштирилмайди. Бунинг учун албатта хорижга чиқиш паспорти бўлиши шарт. Шу сабабли марказда эрта тонгдан кечгача навбатлар кузатилмоқда.

Орадан кўп вақт ўтамасдан марказда фуқароларни қабул қилиш бўйича ходимлар сони 10 нафардан 26 нафарга кўпайтирилган, фуқароларни қабул қилиш вақти эса соат 24:00 га қадар узайтирилган.

            Мигрантлар давлатларни тарк этишни бошлашмоқда.

Қозоғистонда мигрантлар рухсатнома олиш учун навбатда турган бўлса, Қирғизистонда ўзбекистонлик мигрантлар сони камайиб кетаётгани айтилмоқда. Республика Миграция масалалари бўйича бошқарманинг маълумотларига кўра, йил бошидан буён фақатгина 55 нафар ўзбекистонлик  Қирғизистонда ишлаш учун расмий рухсатнома олган холос. Айни шу каби ҳолатни Россиянинг Челябинск областида ҳам кузатиш мумкин.

Челябинскда минтақани тарк этувчи мигрантлар сони 2,3 баробар ошган. «Челябинскстат»нинг маълумот беришича, вилоятдан кетувчилар сони кириб келувчи мигрантлар сонидан 1 222 нафарга кўп.

Статистик кўрсаткичларининг пасайишига мигрантларнинг вилоятдан чиқиб кетишлари сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг январь-март ойларида минтақадан кетганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробарга, яъни 4,3 минг нафарга ортган.

            “Ишга таклиф қиламиз” Эълонларга ишонса бўладими?

Тюменлик ишчиларга Жанубий Корея ва Исроилда 300 минг рублгача ҳақ тўланадиган ишлар таклиф этилмоқда. Бўш иш ўринлари ҳақида гап кетганда ишчининг тажрибаси муҳим эмаслиги, лекин хорижга чиқиш паспорти бўлиши зарурлиги  таъкидланган. Эълонга кўра, 300 минг рубл маош олишни истаган номзод манзилга етиб олиш учун парвоз харажатларини ўзи тўлайди. Етиб борганидан кейин эса компания унинг ҳужжатларини тайёрлаш ва ишчини уй-жой билан таъминлашни зиммасига олади.

Қайд этилишича, бундай ишларни орзу қилган ариза берувчиларига ҳеч қандай чеклов йўқ. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам иш берувчига мурожаат қилишлари мумкин, чунки фабрикаларда ишлашдан ташқари, тозалаш билан шуғулланмоқчи бўлганлар ёки ошхонада ишламоқчи бўлганлар учун ҳам иш таклифлари бор.

Шу ўринда, меҳнат мигрантлари бу каби эълонларга эътибор қаратишда ҳушёрликни бой бермасликлари зарур. Одатда, жуда катта ваъдалар ортида фирибгарлик ётган бўлади. Қолаверса, йўл харажатига қанчадир маблағ сарфлаб, ўзга юртга боргандан сўнг, сизга қандай муносабатда бўлиши ҳам «қоронғу».

Туркияда хорижликлар яшай оладиган маҳаллалар сони қисқартирилди

Туркия Ички ишлар вазирлиги миграция бош бошқармаси 11 июнь куни хорижликларни рўйхатга олиш мумкин бўлмаган ҳудудлар 781 тадан 1200 тага кўпайтирилгани ҳақида маълум қилди.

Аввалроқ хорижликларни рўйхатга олиш мумкин бўлмаган ҳудудлар эълон қилинган эди. Унга кўра, Туркиянинг турли вилоятларидаги 781 та маҳаллада хорижликларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар қилинганди. Мамлакат қонунчилигига кўра, маҳалла аҳолисининг 25 фоизини чет элликлар ташкил этса, уларда хорижликларни рўйхатга олиш тўхтатилади. Эндиликда, янги талабга кўра, 25 фоизлик кўрсаткич 20 фоизга туширилган.

Санкциялар оқими

Европа иттифоқи Россия Федерациясига нисбатан олтинчи жазо чоралари тўпламини маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик. Ўтиб бораётган ҳафтада Россиянинг Сбербанк, Москва кредит банки ва Росселхозбанки молиявий хабарларни алмашиш бўйича ихтисослаштирилган хизмат – СВИФТдан узилди.

Ушбу банкларни СВИФТ дан узиш Европа Иттифоқининг Россияга қарши 6-санкциялар тўпламида белгиланган эди. Мазкур молия муассасалари вакиллари, ўз навбатида, СВИФТдан узилиш уларнинг фаолиятига жиддий таъсир қилмаслигини таъкидламоқда.

Алоҳида айтиш керакки, СВИФТ тўлов тизими эмас, балки ахборот алмашиш воситаси. Оддийроқ айтганда, ўз аъзоларига хабарлар юбориш имконини берувчи чат ёки телеграмдаги катта бир гуруҳга ўхшатиш мумкин.

Европа Иттифоқи Россияга қарши яна қандай санкциялар тўпламини совға қилиши мумкинлигини эса вақт кўрсатади.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya