Maqola

539 09/07/2023

 Пул ўтказиш комиссияси ошди

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Пригожиннинг қўзғолони туфайли рубл қадрсизланиши кучаймоқда
  2. Астраханда ўзбекистонлик фуқаро ўз ҳамюртини ўлдириб қўйди
  3. Сбербанк Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун юридик ёрдам хизматини ишга туширди
  4. Сбербанк хорижга пул юбориш комиссиясини оширди
  5. Россияда хорижликларга дорихоналар ва савдо расталарида ишлаш тақиқланади
  6. Россияда ишчи кучи етишмаслигига уруш сабабчи бўлгани айтилди
  7. Москвадаги мигрант курьер кекса аёлни фирибгарлардан қутқариб қолди
  8. Волгоградда қулликка учраган 62 нафар ўзбекистонликка ёрдам берилди

Пригожиннинг қўзғолони туфайли рубл қадрсизланиши кучаймоқда

Москва биржасида рубл тез пасайишда давом этмоқда ва Украинага бостириб киришнинг дастлабки ҳафталаридаги энг паст кўрсаткичларини янгилади. 29 июнь, пайшанба кунги савдода доллар курси 87,47 рублгача кўтарилди, бу 2022 йил март ойи охиридан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Евгений Пригожиннинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси қўзғолони туфайли валюта бозорида пайдо бўлган ваҳима евро курсини душанба кунги сотув даражасидан ошириб, 95,52 рублгача кўтариб юборди. Биринчи шок тезда пасайган бўлса-да, ҳиссий из ҳали ҳам бир мунча вақт сақланиб қолади ва баъзи инвесторларни рубл сотиб олишдан тўхтатиб туради, дейди БКС брокерлик компанияси таҳлилчиси Игор Галактионов.

Уруш бошланганидан бери фақат жисмоний шахслар хорижга 60 миллиард доллардан ортиқ пул ўтказган, йирик корхоналар эса хорижий ҳисобларда 90 миллиард доллардан ортиқ даромад қолдирган. UniCredit таҳлилчиларининг тахминига кўра, Владимир Путин ҳукмронлигининг 23 йилида энг жиддий таҳдид бўлган ҳарбий исёндан кейин пайдо бўлган келажакка ноаниқлик рублга босим ўтказишда давом этади ва доллар курсини 90 га яқинлаштиради.

Июнь ойида АҚШ валютаси 7 фоизга, Европа валютаси деярли 10 фоизга қимматлашди, йил бошидан эса доллар ва евро мос равишда 15 ва 20 рублга қимматлашди. Девалвация кўлами бўйича – 6 ой ичида 20 фоиздан кўпроқ ошиб, рубл дунёдаги энг заиф валюталар қаторига кирди ва турк лирасига деярли етиб олди.

Нефтга чегирмалар ва Европага газ етказиб беришнинг кескин қисқариши ҳамда санкциялар туфайли иқтисодиётнинг экспорт даромадлари қисқармоқда. Бунга қўшимча равишда импорт, шу жумладан, “параллел” импорт харажатлари ошиб бормоқда. Бозордаги соф валюта тушумлари камайиб бормоқда, дейди ГПБ Private Banking бошқарувчи директори Егор Сусин. Шунга қарамай, ташқи савдодан Россия бозорига хорижий валютанинг умумий соф тушуми 1,15 миллиард долларни ташкил этди. “Алор Брокер” инвестиция консалтинг бўлими раҳбари Алексей Антонов, рубл бир доллар учун 89-90 гача тушади, деган тахмин билдирган. У, навбатдаги йиғилишда Россия банки асосий ставкани бирданига 2-3 фоиз пунктга оширмаса рублни унчалик қўллаб-қувватлай олмайди, деган фикрини қўшимча қилган.

Астраханда ўзбекистонлик фуқаро ўз ҳамюртини ўлдириб қўйди

Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Астрахан шаҳри Киров тумани бўйича тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. У 2023 йил 28 июнга ўтар кечаси содир этилган қотилликда гумон қилинмоқда.

Иш материалларидан маълум бўлишича, уч нафар ўзбекистонлик Астрахан кафеларидан бирида бўлиб, улар ўртасида можаро муштлашувга айланган. Жанжал тугагач, эркаклар уйларига кетишган. Аммо гумонланувчи ўз дўстига нисбатан нафратини тўхтата олмаган. У шериги ухлаб қолишини кутган, сўнг пичоқ билан унинг бўйнига бир неча марта зарба берган. Жабрланувчи олган жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган.

Жиноятчи қочиб кетган, бироқ таъқиб натижасида қўлга олинган.

Сбербанк Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун юридик ёрдам хизматини ишга туширди

“Сбер” компаниясининг янги маҳсулоти Россияда ишлаётган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига ўз она тилларида ҳуқуқий ёрдам олиш имконини беради. СберПраво платформаси томонидан тақдим этиладиган «Мен Россиядаман» йиллик обуна бўйича юридик хизмати чет элликларга ҳуқуқий муаммоларни янада ишончли ва осон ҳал қилиш имконини беради.

Россия қонунларини тушуниш, тезкор ва малакали юридик ёрдам нафақат чет эл фуқаролари учун миграция қонунчилиги талабларини бузмаслик учун имконият, балки вақтинчалик рўйхатга олиш, солиқ тўлаш, уй-жой олиш ва ижарага бериш, иш берувчи ҳамда назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан муносабатларнинг долзарб масалаларини ҳал қилишдир.

Кундузи онлайн режимда мавжуд бўлган юридик ёрдам доирасида сиз адвокатга исталган саволингизни бериб, она тилингизда жавоб олишингиз мумкин. Юридик маслаҳат телефон орқали, шунингдек, мобил қурилма ёки компютерда чат орқали тақдим этилади. Оғзаки ва ёзма маслаҳатларга қўшимча равишда, «Мен Россиядаман» обунаси эгаси ҳужжатларни тайёрлаш учун мурожаат қилиши, музокараларда ёрдам сўраши, автоулов жарималари устидан шикоят қилиши мумкин.

Обуна бўйича юридик хизмат уланган кундан бошлаб бир йил давомида амал қилади. Сиз обунани онлайн ёки Россиядаги Сбербанк филиалларида харид қилишингиз мумкин.

Сбербанк хорижга пул юбориш комиссиясини оширди

Сбербанк 1 июлдан бошлаб пул ўтказиш тизимлари орқали хорижга пул юбориш ва бошқа банклар карталарига уларнинг сайтлари ва мобил дастурлари орқали пул ўтказиш комиссиясини кўтарди.

Энди бу учун 50 рублдан 200 рублгача комиссия олинади. Шу пайтгача 30 рублдан 150 рублгача комиссия олинар эди.

Сбербанк ҳам қийналиб қолган кўринади, муҳожирлар пулига кўз олайтирмокда.

Россияда хорижликларга дорихоналар ва савдо расталарида ишлаш тақиқланади

Россиядаги хорижликларга дорихоналарда фармацевт бўлиб ишлаш ва бозорларда савдо қилиш тақиқланади, қурилиш ва дарахт кесиш ишларида ҳам уларнинг сони жиддий чекланади. Бундай қоидалар хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улуши тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасида ёзилган. Ҳужжат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида жойлаштирилган. Мигрантлар учун янги чекловлар 2024 йилда кучга киради.

Қарор лойиҳасига илова қилинган рўйхатда 16 та пункт бор. Уларга биноан, 2024 йилда чет элликларни қуйидаги мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштириш чекланади:

  • сабзавот етиштириш, ўрмон хўжалиги ва ёғоч тайёрлаш, ёғочни қайта ишлаш ҳамда ёғоч маҳсулотлари ишлаб чиқариш (мебелдан ташқари), ёғоч ва кесилган ёғочнинг улгуржи савдоси – ходимлар умумий сонининг 50 фоизидан кўп бўлмаган;
  • ихтисослаштирилган дўконларда алкогол (шу жумладан пиво) ва тамаки маҳсулотларини сотиш – 15 фоиздан кўп бўлмаган;
  • қурилиш – 80 фоиздан кўп бўлмаган;
  • кўчмас мулкни бошқариш, бинолар ва ҳудудларни сақлаш – 70 фоиздан кўп бўлмаган;
  • юк ва йўловчи транспортини бошқариш – 24 фоиздан кўп бўлмаган.
  • Дори-дармонлар савдоси, шунингдек, дўконлар ташқарисидаги, бозорлар ва стационар бўлмаган савдо объектлари – расталар, киосклар, чодирлар ва бошқалардаги оддий чакана савдо билан боғлиқ ишларга чет элликларни ёллаш принципиал жиҳатдан тақиқланади.

Шунингдек, Удмуртияда чет элликларга сабзавот етиштириш, йўловчи ташиш ва такси ҳайдовчиси, Краснодар ўлкасида эса юк машиналарида ишлаш тақиқланган.

Рязан вилоятида кийим-кечак ва тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналарида – 90 фоиздан кўп муҳожир ишлай олмайди. Калуга вилоятида чиқиндиларни йиғиш ва йўқ қилиш корхоналарида – 60 фоиздан, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва иш билан таъминлаш ва ишга ёллаш учун – 10 фоиздан кўп бўлмаган хорижликлар меҳнат қила олади. Бундай қоидалар ҳукумат томонидан ҳар йили янгиланади.

Россияда ишчи кучи етишмаслигига уруш сабабчи бўлгани айтилди 

Кадрлар танқислиги россияликларнинг «махсус операция»га сафарбар қилиниши ва хорижга кетиши сабабли юзага келди. Корхоналарнинг раҳбарлари меҳнат унумдорлигини ошириш учун ишчилар меҳнати ҳажмини оширишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Россия Меҳнат Конфедерацияси департаментининг юридик бўлими бошлиғи Олег Бабич «Говорит Москва» радиостанцияси эфирида маълум қилди.

“Фуқароларнинг чиқиб кетиши туфайли бизда ишчи кучига эҳтиёж ортиб бормоқда: кимдир сафарбар қилинди, кимдир мамлакатни тарк этди. Қаердадир ишлаб чиқариш интенсивлигини, маҳсулдорликни ошириш талаб этилади. Қолган ишчиларнинг зиммасига оғир юк тушди. Ҳозир бизда ҳарбий-саноат комплекси ходимларининг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиниши мумкин. Ҳа, одамлар бунинг учун қўшимча маош олишади, лекин улар кўпроқ ишлайди. Ишчи кучидаги йўқотишларни қандайдир тарзда қоплаш керак бўлган бошқа соҳаларда, янги малакали ишчи қидиришдан кўра, улар мавжуд ишчилардан фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Шунинг учун бир ходим кўпроқ иш қилишига тўғри келади. Буни ортга қайтаришнинг иложи йўқ».

Таҳлилчиларнинг фикрича, ишсизлик даражаси пастлиги ва кадрлар тақчиллиги фонида иш ҳафтасининг давомийлиги ошган. Биринчи чоракда бу 2010 йилдан бери рекорд 38,5 соат эди. Йил давомида беш кунлик иш даврининг ҳақиқий давомийлиги чорак соатга ошди ва 2012 йилнинг тўртинчи чорагидан бери максимал қийматга етди, деб ҳисоблаб чиққан FinExpertiza таҳлилий хизмати Росстат маълумотларига таяниб.

Москвадаги мигрант курьер кекса аёлни фирибгарлардан қутқариб қолди

Москвада посилка олиш учун келган ҳушёр курьер нафақахўр аёлни телефон фирибгарларидан қутқариб қолди. Baza телеграм канали хабарига кўра, Андрей исмли мижоз курьерни Маленковская кўчасидаги уйга чақирган. Курьер посилка олиб Ҳайкалтарош Мухина кўчасидаги бинога етказиши керак эди.

Бироқ Маленковская кўчасига келган Абдуллоҳ исмли курьер посилка учун келганида шубҳаланиб қолган. Эшикни кўз ёшга бўялган пенсионер очган. Унинг сўзларига кўра, унга қараб турган ҳамшира қийналиб қолган ва у айрим нарсаларни унга жўнатиши керак экан.

Кексаларнинг ишонувчанлигидан фойдаланадиган қаллоблар шу йўл билан кекса мижозни алдаб, уни барча жамғармаларидан маҳрум қилмоқчи бўлган деб тахмин қилган Абдуллоҳ полицияга қўнғироқ қилган. Буюртмани етказиб бериш кечикаётганини билиб, курьерга қўнғироқ қилган Андрей исмли фирибгар курьерни кекса одамнинг майна қилаётганликда айблаб, унинг раҳмини келтирмоқчи бўлган.

Курернинг қатъийлиги ва фирибгарликни тўхтатиш учун полицияга қўнғироқ қилишни ният қилганини тушунган “мижоз” Абдуллоҳга посилкани зудлик билан етказиб бермаса, миграция хизматига хабар бериш билан қўрқитмоқчи бўлган. «Агар яхшиликча олиб келмасанг, ёмон бўлади, сен билан миграция хизмати шуғулланади», дейди Андрей. Бироқ, таҳдидлар ҳушёр курьерга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмади. Кейин мижоз мессенжерда Абдуллани блоклаб қўйди. Айни пайтда курьер воқеа жойини тарк этмай, кампирнинг қўлидан пул солинган сумкани ҳам олмай, полиция ходимларини кутиб турган. Воқеа жойига етиб келган хавфсизлик кучлари холислар иштирокида сумкани очишганида, курьернинг қўрқуви бежиз эмаслиги маълум бўлди. Курьерга қўнғироқ қилган фирибгарлар ростдан ҳам кекса аёлни алдамоқчи бўлишгани аниқ бўлди: сумка ичида сочиқ билан ўралган 115 минг рубл бор эди. Аммо Абдуллоҳ фирибгарларга пенсионерни талон-тарож қилишга йўл қўймади.

Волгоградда қулликка учраган 62 нафар ўзбекистонликка ёрдам берилди

Волгоград вилояти инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига кўра, фермер хўжаликларидан бирида ишлаётган 62 нафар ўзбекистонлик муҳожир оғир меҳнат шароитидан шикоят қилган. Мигрантлар Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонасига шикоят қилишган.

Уларнинг айтишича, иш берувчи уларнинг паспортларини олиб қўйган, иш вақтини узайтирган ва узоқ вақтдан бери маошларини бермаган. Мурожаат шу йилнинг май ойида қайд этилган. Текширув натижасида мигрантлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнат фаолияти учун рухсатнома ёки патент, ходимга тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мажбурий маълумотлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Иш ҳақини тўлаш ва ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича машғулотлар ўтказиш тартибини бузиш ҳолатлари ҳам аниқланган. Фермер хўжалиги раҳбари огоҳлантирилди. Айбдорлар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya