UZCARD Россия «Мир» банк карталаридан UZCARD карталарига халқаро пул ўтказмалари хизмати ишга туширилиши ҳақида хабар қилади.
Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) ва «Мир» тўлов тизимининг оператори – “Тўлов карталари миллий тизими” АЖ (ТКМТ) «Мир» тўлов тизими қатнашчиси бўлган қатор банкларнинг мобил иловалари орқали халқаро пул ўтказмалари хизматини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Икки тўлов тизими интеграцияси фойдаланувчиларга Россия банкларининг мобил иловалари орқали картадан картага пул ўтказмаларини қулай ва тез амалга ошириш имконини беради. UZCARD карталарига пул ўтказиш бир зумда амалга оширилади. Ўтказма рублда жўнатилади ва фойдаланувчи учун қулай бўлган миллий валюта курсида ва қабул қилиб олувчи шахснинг Ўзбекистондаги ҳисобига ўтказилади. Хизматдан фойдаланганда пул ўтказмалари учун қўшимча яширин тўловлар олинмайди. Бунинг учун банкнинг мобил иловасида фақат карта рақами ва қабул қилиб олувчи шахснинг исмини киритиш керак, бошқа қўшимча маълумотларни киритиш шарт эмас.
Бугунги кунда халқаро ўтказмаларнинг энг катта ҳажми Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида амалга оширилмоқда. Бундай ўсишга икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида йил сайин ошиб бораётган ўзаро сайёҳлик оқими, транспорт-логистика алоқалари, меҳнат муносабатлари асосий рағбат бўлди.
Бугунги кунга келиб, UZCARD пул ўтказмаларини амалга ошириш бўйича босқичма-босқич кўрсатмалар, шунингдек, мобил иловалар орқали ушбу операцияни амалга ошириш мумкин бўлган «Мир» тўлов тизимида иштирок этувчи банклар рўйхатини тайёрламоқда.