Maqola

3 059 23/01/2024

Ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари бир оила аъзолари бўлган.

Ростов вилоятининг Аксай туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида бир тожикистонлик муҳожирлар оиласи ҳалок бўлди. Заҳарланган беш кишидан тўрт нафари вафот этган, бир аёл касалхонага ётқизилган.

Россия Тергов қўмитасининг Ростов вилояти бўйича тергов бошқармаси ўлим ҳолатларини аниқлаш бўйича текширув бошлаганини маълум қилди.

“Аксай тумани бўйича тергов бўлимига Шчепкинский қишлоқ боғ ширкатида жойлашган хусусий уй хўжалигида углерод оксиди билан заҳарланиш белгилари билан тўрт киши – 66 ёшли А. уй эгаси, унинг 65 ёшли хотини ва 38 ва 39 ёшли икки ўғли жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушди. Худди шундай заҳарланиш белгилари билан яна бир аёл тиббий муассасага олиб кетилиб, унга малакали ёрдам кўрсатилмоқда”, — дейилади бошқарма хабарида.

Ҳодисага хонадон эгалари томонидан ертўлага ўрнатилган бензин генератори сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Тергов департаментининг қўшимча қилишича, ҳодисанинг барча ҳолатлари текширув давомида аниқланади ва унинг натижаларига кўра тергов процессуал қарор қабул қилади.

Терговчиларнинг маълумотларига кўра, ўша мудҳиш кечада ўғиллар келинларидан бири билан бирга ота-оналарини кўргани келишган.

“Хонани иситиш учун бензин генератори ёқишга қарор қилинган.  Унинг нотўғри ишлаши туфайли углерод оксиди ажралиб чиқиб,  хоналарни тўлдирган. Натижада тўрт киши ҳалок бўлди, шифокорлар аёллардан бирини қутқариб, касалхонага ётқизишга муваффақ бўлди”, — дейилади хабарда.

Ҳалокат қурбонларининг шахси ҳақида маълумот берилмаган, бироқ исфаралик муҳожирларнинг очиқ чатларида фавқулодда ҳолат 18 январь куни содир бўлгани, марҳумларнинг жасадлари 21 январь куни уйларига жўнатилгани ҳақида хабар беришган. Қайд этилишича, улар Исфара шаҳридаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинидан 66 ёшли Фаёзиддин Савриддинов, унинг 65 ёшли рафиқаси Раъно Савриддинова, шунингдек, уларнинг 39 ва 38 ёшли икки ўғли Ғуломжон ва Ғуфронжонлар ҳамда оиланинг келинларидан бири бўлган.

Саратов вилоятида эса федерал трассада микроавтобус ва иккита юк машинаси билан содир бўлган ЙТҲда Тожикистоннинг уч фуқароси ҳалок бўлди.

“РИА Новости”нинг фавқулодда хизматлардаги манбаларига таяниб хабар беришича, 20 январь куни Федоровский туманида Мунино қишлоғи яқинида юк машинаси, Hyundai микроавтобуси ва “Газель” юк машинаси тўқнашиб кетган.

Натижада микроавтобус ҳайдовчиси ва икки йўловчиси ҳалок бўлган, яна олти нафар йўловчи жароҳатланган. Вилоят прокуратурасига кўра, микроавтобусда ҳалок бўлганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлган. Ҳалок бўлганлар ҳақида бошқа маълумотлар берилмаган.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya