Аккредитациядан ўтган “Паспорт-виза хизмати” ваколатхонасининг ўзига хос хусусияти меҳнат мигрантларининг Россияга келиш тартибини соддалаштириш бўлади,- деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон.
Россия Ички ишлар вазирлигининг “Паспорт-виза хизмати” Федерал Давлат унитар корхонасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси Олег Костюк Ўзбекистон ИИВ Консуллик-ҳуқуқий бошқармасида аккредитациядан ўтганлиги тўғрисида расмий гувоҳнома олди.
“Ваколатхона Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини ташкилий равишда ёллаш бўйича пилот лойиҳада иштирок этмоқчи. Бундан ташқари у республика фуқароларига турли ахборот хизматларини тақдим этади”,-дейди Олег Костюк.
“Паспорт – виза хизмати” жисмоний ва юридик шахсларга миграция соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатадиган, шунингдек РФ ИИВга юбориладиган аризалар ва бошқа ҳужжжатларни кўриб чиқишда ёрдам берадиган ягона давлат корхонасидир.
“Мазкур хизмат кўрсатиш компаниясида сиз Россияга кириш, қолиш, вақтинча ёки доимий яшаш, ишга жойлашиш,фуқароликни олиш, мажбуран кўчиб ўтган, “қочоқ” мақомини олиш, миграция ва рўйхатга олиш бўйича маслаҳатлар олишингиз мумкин. Компания бармоқ изларини аниқлаш ва рўйхатдан ўтказиш, паспорт-виза ҳужжатларини расмийлаштириш, давлат хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ аризалар, анкеталар ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланади”, – дейилади хабарда.
Айни пайтда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россия ИИВнинг “Паспорт-виза хизмати”ФДУК билан ҳамкорликда Ўбекистондан Россияга 10 минг нафар қурилиш ишчиларини жалб этишга оид пилот лойиҳасини амалга ошириш устида ишламоқда.
Лойиҳанинг ўзига хос хусусияти меҳнат мигрантларининг Россияга келиш тартибини соддалаштириш бўлади. Хорижлик ишчиларни танлаш иш берувчиларнинг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Ўзбекистонда Россияга келиш ва ишлаш учун зарур бўлган барча тиббий ва юридик жараёнлар, шунингдек текширувлар ҳам энди Ўзбекистонда ўтказила бошлайди.