
Сўнгги пайтларда жаҳондаги халқаро вазият, Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятлар, ҳарбий сафарбарлик туфайли Ўзбекистонга ва қўшни республикаларга кўплаб россияликлар кириб келишмоқда.
Аввалроқ биз Тошкент шаҳрида ижарага берилаётган хонадонларнинг нархи кескин кўтарилиб кетганлигини маълум қилгандик. Россияликларнинг аксарияти бу ерга таътилга келишмаган. Кўплаб мутахассислар ўз соҳаларида ишга кириш мақсадида келишган. Хўш, россиялик мутахассисларни бизда ишга қабул қилишяптими ёки уларнинг меҳнат қилишларига чекловлар ўрнатилганми?
Албатта халқ хўжалигининг кўплаб тармоқлари малакали мутахассиларга муҳтож. Ижтимоий тармоқларда сўнгги пайтларда россиялик дастурчиларни, шифокорларни ишга қабул қилиш ҳақида эълонлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Меҳнат қонунчилигида чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилишда ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Лекин улар Ўзбекистондаги меҳнат фаолиятларини қонуний расмийлаштиришлари ва белгиланган қоидаларга амал қилишлари керак. Чет эллик мутахассисларнинг Ўзбекистонда ишлашлари учун қандай талаблар қўйилган? Бу ҳақда “Кадровик.уз” сайти маълумот берди.
Иш берувчилар Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани олиш тартиб-таомили орқали худди бошқа чет элликларни ишга қабул қилганидек, Россия Федерацияси фуқароларини ҳам ишга қабул қилишга ҳақли. Тасдиқнома Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилади. Фақат шу тасдиқномага эга бўлган шахсларга Ўзбекистон корхоналарида ишлашга рухсат берилади.
Тасдиқнома олиш учун аризани иш берувчи (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) ҳам, чет эл фуқароси ҳам бериши мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома» интерактив хизматидан ҳозирча фақат my.gov.uz (ЯИДХП) порталида фойдаланиш мумкин. Бироқ у яқин кунларда license.gov.uz порталида ҳам («Лицензия» ахборот тизими) йўлга қўйилади.
Ариза исталган вақтда ва исталган кунда берилиши мумкин. Дам олиш кунлари белгиланмаган.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида аниқлаштирилишича, талабгорлар аввалгидек, маслаҳатлар ва амалий кўмак олиш учун яқин атрофда жойлашган Давлат хизматлари марказига ёки Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига 1282 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистонда тасдиқнома олмасдан меҳнат фаолиятини амалга оширишига рухсат берилган тоифадаги фуқаролар ҳам бор.