Мақола

6 383 09/10/2018

Эндиликда Ботиржон Асадов Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилади.

8 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари, статс-секретарь Григорий Карасин Ўзбекистоннинг янги элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган.

Карасин Асадовни янги лавозим билан табриклаган ва унга Россиядаги фаолиятида муваффақият тилаган. Томонлар икки мамлакат муносабатларидаги муҳим жиҳатларни муҳокама қилишган.

Томонлар шунингдек, РФ президенти Владимир Путиннинг октябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифига тайёргарлик масаласини муҳокама қилишган.

Ботиржон Асадов (1978 й. т.) -Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1999) ва Ўзбекистон стратегик таҳлил ва истиқболларни аниқлаш олий мактаби (магистр, 2008) битирувчиси.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида бошлаб, 2007 йилгача турли лавозимларда фаолият кўрсатди.

2007−2012 йилларда президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши девони етакчи маслаҳатчиси, 2012−2013 йилларда — ТИВнинг МДҲ, КХШТ ва ШҲТ ташкилотлари билан ҳамкорлик бошқармаси бўлим бошлиғи, 2013−2015 йилларда — Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси маслаҳатчиси ва Ўзбекистоннинг ШҲТ Котибиятидаги доимий вакили, 2015−2017 йилларда — Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

2017 йилда Сенат аъзоси, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси ўринбосари бўлди. 20 июнь куни Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари лавозимига сайланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Россиядаги аввалги элчиси Баҳром Ашрафхонов сентябрь ойида Алишер Султонов ўрнига «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси лавозимини эгаллаганди. Ашрафхонов 2016 йилнинг февралидан буён Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Манба: kun.uz, gazeta.uz

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация