Мақола

1 309 01/12/2023

Россия Давлат думасининг Евгений Федоров деган депутати Қозоғистоннинг суверенитети, мустақиллигини шубҳа га остига олган провокацион чиқиш қилди. Унинг иддаосича, Қозоғистон “бутунлай ҳуқуқий хусусиятга эга бўлмаган ҳудуд” экан ва мамлакат мустақиллигини қўлга киритиш жараёнидаги қонунбузарликлар бўлган эмиш. У яна Шимолий Қозоғистондаги бир гала рус айирмачиларининг ҳудудни ажратиб олиш ҳақидаги ҳаракатлари туфайли судлангани ва жазосини олганидан норози эканини билдирган.

Қозоғистонлик депутат Марат Башимов Федоровнинг баёнотларини провокацион ва ёлғон деб атаб, унинг даъволари тарихий фактларга мос келмаслигига эътибор қаратган.

Марат Башимов бу каби баёнотлардан норозилигини билдириб, улар Россия президентининг Қозоғистонга сўнгги ташрифи чоғида билдирилган расмий сиёсатига зид эканини таъкидлаган. Президент Путин Россия ва Қозоғистон ўртасидаги шериклик ўзаро ҳурмат ва суверенитетни тан олиш тамойилларига асосланганини таъкидлаган эди.

Башимов россиялик ҳамкасбларини мураккаб сиёсий масалаларда чиқишда масъулиятлироқ ва эҳтиёткор бўлишга чақириб, бундай гаплар Россиянинг асосий стратегик ҳамкори назарида обрўсига путур етказиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Мажилис депутати сўз якунида Қозоғистон БМТ Низоми тамойилларига амал қилган ҳолда кучли ва мустақил давлат барпо этгани, халқаро миқёсда эътироф этилганини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, у россиялик қонунчиларни ўз сўзларини фактларга асосланган ҳолда кўриб чиқишга ва бошқа давлатларнинг тарихи ва суверенитетига ҳурмат билан қарашга чақирди.

Эслатиб ўтамиз: Петропавловск шаҳридаги “Халқ кенгаши” гуруҳи айирмачилик фаолиятида айбланган. Ташкилотчи Вячеслав Зудерман тўққиз йилга, уч нафар фаол – Елена Болдирева, Мадина Капарова ва Олга Бережнова эса етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд уларни давлат хавфсизлигига путур етказишда ва Қозоғистон Республикаси яхлитлигини бузувчи сепаратистик фаолиятда айбдор деб топган. Март ойида ҳибсга олинганлар давлатнинг қонунийлигини инкор этиб, Қозоғистон мустақиллигини тан олишдан бош тортишган. Гуруҳ ўзларини СССР меросхўри деб кўрсатган 20 кишидан иборат эди.

Россия сиёсатчиларининг Қозоғистон ерларига кўз тикиши илгаридан бўлиб келган.

2020 йил декабр ойида ҳукмрон “Единая Россия” фракцияси аъзоси Вячеслав Никонов Россия Федерациясининг Биринчи каналида Қозоғистон ҳудудини “Россия ва Совет Иттифоқининг буюк совғаси” деб атаган эди. Эътиборли жиҳати, бундай гап-сўзларнинг секин-аста кучайиб бориши. 2022 йил январида Владимир Жириновский Қозоғистонни “сунъий давлат” деб атаганди. Июн ойида Россия Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Константин Затулин Қозоғистонни “Украинадагидек бўлиши” билан таҳдид қилган эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация