Maqola

4,796 24/03/2016
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида меҳнаткаш – мигрантларининг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Хукуматлараро Битим доирасида республикамиз фуқароларининг Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошириш шарт-шароитлари тўғрисида
 МАЪЛУМОТ
1. Ўзбекистон ва Рuzb rusоссия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида тузилган Ҳукуматлараро битимнинг мазмун-моҳияти.
Сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви мамлакатлар ўртасида товарлар, хизматлар ва меҳнат ресурсларининг тобора эркин ҳаракатланишига олиб келиб, бунда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти ҳам жаҳон хўжалиги ва молиявий-иқтисодий тизимига жадал суратлар билан қўшилиб бормоқда. Албатта, жаҳон иқтисодиётининг тез суратлар билан ривожланишида товарлар экспорти, инвестиция қўйилмаларининг ортиши билан бирга мамлакатлар ўртасида меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатланиши ҳам муҳим ўринга эга бўлмоқда. Ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган мамлакатларга ишчи кучининг интенсив ҳаракатланиши натижасида жаҳон меҳнат бозорида рақобат муҳитининг кескин ошишига ҳамда ривожланган мамлакатларнинг маҳаллий меҳнат бозорларида ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг янгидан шаклланиши юзага келмоқда.
Маълумки, республикамиз фуқаролари ҳам чет элларда ҳеч қандай тўсиқларсиз меҳнат қилиш имконига эга. Ҳозирда меҳнат қилиш учун хорижий давлатларга кетаётган республикамиз фуқароларининг аксарият қисми Россия Федерациясига бориб ишламоқдалар. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Россияда меҳнат қилаётган фуқароларимиз жойларда тегишли рухсатномаларни расмийлаштиришда қийналаётганликларини, Россия иш берувчилари билан меҳнат муносабатларида иш ҳақи бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаслик, иш жойида меҳнат шартномаси тузмасдан ишга жалб етиш, иш берувчилар томонидан меҳнат шарт-шароитларини яратиб бермаслиги, иш вақтидан ташқари оғир меҳнатга жалб етиш ҳамда ишлаб чиқаришда ижтимоий муҳофаза қилмаслик каби муаммоларга дуч келмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, фуқароларимизга борадиган мамлакатида қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Мазкур битимнинг тузилиши икки мамлакат Ҳукуматлари ўртасида меҳнат миграциясини ташкил этишнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш, меҳнат миграцияси борасида икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш, қолаверса, мазкур давлатлар ҳудудида қонуний меҳнат қилиш истагида бўлган фуқаролар учун зарур шарт-шароитларни таъминлашни ўз ичига олади.
Ушбу Ҳукуматлараро битим Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида меҳнат миграцияси жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш, меҳнат кучларининг эркин ҳаракати учун қулай шароитлар яратиш ҳамда меҳнаткаш-мигрантларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялашни назарда тутади.
2. Ҳукуматлараро Битимга мувофиқ Россияда меҳнат қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фаолиятига доир қўланиладиган асосий атамалар.
Меҳнаткаш-мигрант- 18 ёшга етган ҳамда чет элда яшаётган ва қонунга асосан чет элда хақ тўланадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахсдир. Меҳнат фаолияти – меҳнаткаш-мигрантнинг маълум ишларни бажариш (хизмат кўрсатиш) учун чет элда иш берувчи билан тузилган меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ҳамда чет давлат қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартиб ва шартларда амалга ошириладиган ишдир. Иш берувчи – қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган тартибда тузилган меҳнат шартномаси асосида меҳнаткаш-мигрантлар меҳнатидан фойдаланадиган юридик ёки жисмоний шахсдир. Иш (хизмат) буюртмачиси – қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган тартибда тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида меҳнаткаш-мигрантлар меҳнатидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахсдир
Меҳнаткаш-мигрантнинг оила аъзоси – меҳнаткаш-мигрант никоҳида бўлган шахс ва унинг қарамоғидаги болалар ва қабул қилувчи давлат ҳамда икки давлат иштирок этаётган халқаро шартномаларга мувофиқ оила аъзолари деб эътироф етилаётган шахслардир.
3. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Хукуматлари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида тузилган Битимнинг татбиқ этиш шартлари.
Битимда белгиланган қоидалар Россия Федерациясида қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига унинг жинси, ирқи, тили, диний еътиқоди ёки маслаги, сиёсий ва бошқа қарашлари, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, ёши, иқтисодий, мулкий, оилавий аҳволидан қатъий назар, тадбиқ етилади.
Битимга мувофиқ, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан мазкур давлатнинг қонунчилигига, Битимнинг қоидаларига риоя қилишлари ҳамда Россия давлати халқларининг маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилишлари белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур Битим қоидалари қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қўлланилмайди:
• Халқаро ташкилотларнинг штаб квартиралари ва ваколатхоналарига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси ҳудудидаги расмий ваколатхоналарига ишлаш учун юборилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
• Россия Федерацияси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида тузилган алоҳида битим билан тартибга солинадиган ривожланиш дастурлари ёки бошқа ҳамкорлик дастурида иштирок етиш учун юборилган ва ушбу Битимга мувофиқ меҳнаткаш-мигрантлар ҳисобланмайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
• Қочоқлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга;
• Россия Федерациясида таълим олаётган  Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
• Денгизчиларга ва қирғоқ бўйича стационар қурилмада банд бўлган меҳнаткашларга;
• Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси ҳудудида филиаллар ва ваколатхоналари бор ташкилотнинг Россия ҳудудида хизмат топшириғини бажараётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
• Россия Федерацияси ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
• Россия Федерацияси ҳудудида чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари сифатида аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига.
4. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия иш берувчилари билан тузадиган меҳнат шартномалари. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини ўша ердаги иш берувчилар билан меҳнат шартномаси тузган ҳолда ёки иш бажариш (хизмат кўрсатиш) буюртмачилари билан фуқаровий-ҳуқуқий шартнома тузиш асосида амалга оширишлари белгилаб қўйилган.
5. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Россия Федерацияси ҳудудига кириш ва ундан чиқиш масалалари.
Битимда меҳнаткаш – мигрантларнинг икки давлат ўртасида кириш – чиқиш қоидаларига оид муносабатлар ҳам алоҳида тартибга солинган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудига кириши, у ерда бўлиши ва чиқиши Россия қонун хужжатлари ва Ўзбекистон билан Россия давлатлари иштирок этаётган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
6. Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ҳукуматлараро битимга мувофиқ ҳуқуқлари.
Ушбу Битимга кўра, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россиянинг қонунчилигига ҳамда ушбу давлат иш берувчиси билан тузиладиган меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш вақти ҳуқуқига эгаликлар белгиланади.
Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия иш берувчиси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг расмий байрам кунларида меҳнат фаолиятидан озод қилинишлари мумкин.  Бундай озод бўлиш шартлари иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномасида келишиб олиниши мумкин.  Мазкур Битимда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш Россия Федерациясининг қонунчилигига мувофиқ, Россия иш берувчисининг маблағи ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Россия Федерациясига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўзлари билан шахсий мол-мулклари ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўладиган асбоблар ва кўчма ускуналарни мазкур давлат ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.
7. Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланадиган иш ҳақи миқдори, уни тўлаш, доимий яшаш давлатига ўтказиш ва иш берувчидан иш ҳақи тўғрисида маълумот олиш масалалари.
Россия Федерациясида меҳнат қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иш ҳақилари Россия иш берувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида тартибга солинади. Бунда фуқароларга тўланадиган иш ҳақи миқдори Россиянинг худди шу лавозимга, мутахассисликка ва ихтисосликка эга бўлган хамда худди шундай ишларни бажарувчи ўз фуқаролари учун белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаслиги, шунингдек, меҳнат шароитлари Россия фуқаролариникидан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросига Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини ниҳоясига етказиб, ушбу давлатдан бутунлай чиқиб кетиши пайтида Россия иш берувчиси ўз муҳри билан тасдиқлаган ҳолда меҳнат муддати ва тўланган иш ҳақи тўғрисида маълумотни тақдим этади. Ушбу Битим билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерациясида меҳнат фаолияти давомида ишлаб топган иш ҳақларини Ўзбекистон Республикасига ўтказишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россияда меҳнат фаолиятлари давомида ишлаб топган даромадларига солиқ солиш Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилиги ва икки давлат ўртасидаги солиққа доир халқаро шартномаларга мувофиқ тартибга солинади.
8. Иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ва Россия ҳудудидан чиқиб кетиш масалалари.
Россия Федерал миграция хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросига расмийлаштирилган меҳнат фаолияти учун рухсатнома ўрнатилган тартибда бекор қилинган тақдирда, мазкур фуқаро Россия ҳудудидан 15 кун ичида чиқиб кетиши керак бўлади. Агар Россия иш берувчиси Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан тузилган меҳнат шартномасини Россиянинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ муддатидан илгари бекор қиладиган бўлса, Россия иш берувчиси Ўзбекистон Республикаси фуқаросига Россия қонунчилигида белгиланган асослар бўйича компенсация тўлайди.
Россия иш берувчиси Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан меҳнат шартномасини бекор қилган тақдирда агар Россия Федерал миграция хизмати томонидан мазкур фуқарога меҳнат фаолияти учун расмийлаштирилган рухсатнома муддатининг амал қилишига 3 ойдан кам бўлмаган муҳлат қолган бўлса, у ҳолда ушбу фуқаро бошқа иш берувчи билан янги меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқига эга бўлади.
9. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалардан шикастланиш ёки вафот етиш туфайли компенсация олиш масалалари.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси Россия иш берувчисининг айби билан вафот етса ёки иш жараёнида майиб бўлса, у ҳолда иш берувчи Россия қонунчилигида назарда тутилган компенсация тўловларини тўлаб бериши лозим.
Шуни эътиборда тутиш лозимки, ишлаб чиқаришда ишчининг меҳнат фаолияти давомида шикастланиши, касб касаллигига чалиниши ёки майиб бўлиши оқибатида унинг саломатлигига етказилган зарарни тўлаш тартиби Россиянинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг вафоти етганлиги ҳақида Россия иш берувчиси Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги дипломатик ёки консуллик муассасасини хабардор қилиши лозим. Шунингдек, Россия иш берувчиси марҳумнинг жасадини Ўзбекистон Республикасига жўнатиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатларни ҳамда меҳнат шартномасида бошқача шартлар назарда тутилган бўлмаса, унинг мол-мулкини ва маблағларини Ўзбекистон Республикасига жўнатиш бўйича барча ҳаражатларни тўлаб бериши лозим.
10. Дипломлар, маълумот тўғрисида гувоҳномалар ва касб бўйича тегишли ҳужжатларни тан олишга доир масалалар.
Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дипломлари, маълумот тўғрисидаги гувоҳномалари, унвон, разряд, малака бериш тўғрисида тегишли ҳужжатлари ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлари мазкур давлатда ушбу ҳужжатларнинг рус тилига таржима қилинган нусхалари тан олиниши белгилаб қўйилган. Бунда Россияда алоҳида касб ва малакани талаб қилувчи иш бажариладиган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу мутахассислик бўйича тегишли ҳужжат борлигини ҳамда бу соҳада махсус малакага эга еканлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим етишлари лозим.
11. Ҳукуматлараро Битимни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида масъул бўлган ваколатли идоралар.
Ушбу Битимга Ўзбекистон Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъул ҳисобланади. Россия Федерацияси томонидан Россия Федерацияси Федерал миграция хизмати ҳамда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги масъул ҳисобланади. Мазкур Битимга мувофиқ икки давлат масъул идоралари меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш, меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолиятига доир масалаларни биргаликда кўриб чиқиш ҳамда меҳнат миграцияси борасида ўзаро ахборот алмашинувини олиб боради.
Фуқаролар ушбу Битимга доир ўзларини қизиқтирган барча саволлар ёки мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидаги 239-88-27 телефон рақамига ёки Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг 252-13-61 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмий сайти
Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya