Maqola

3 946 01/05/2023

Апрель ойида рубль йиллик энг паст даражасига тушиб кетди. Шу билан бирга, Россия пул бирлиги ўзининг манфий кўрсаткичларини ҳам янгилашда давом этмоқда.

Хўш, нима учун рус валютаси бу қадар заифлашяпти? Келгусида уни яна қандай хавф-хатарлар кутмоқда? Йил давомида рубль курси етакчи валюталар – доллар, евро ҳамда юанга нисбатан қай даражада қадрсизланиши мумкин?

Бу саволларга «Открытие Инвестиции» молиявий таҳлил маркази глобал тадқиқотлар кафедраси бошлиғи Михаил Шулгин жавоб беради.

Рубль курси 2022 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб мунтазам равишда қадрсизланиб бормоқда. Рус валютаси қийматининг пасайиш суръати март ойига келиб янада тезлашди. Апрелда эса рубль дунёнинг етакчи валюталари доллар, евро ва Хитой юанига нисбатан йиллик энг паст даражасигача тушди.

Албатта бунинг бир қатор омиллари мавжуд: Экспорт ҳажмининг қисқариши, импортнинг ўсиши, мамлакатдан хорижга капитал оқимининг кўпайиши ҳамда жорий йил аввалидаги бюджет тақчиллигининг кескин ошиши шулар жумласидандир.

Экспорт ҳажмининг санкциялар ва бошқа босимлар туфайли қисқариши рубль заифлашувнинг энг асосий сабабларидан биридир.

Келинг, 2023 йил учун мамлакат бюджет параметрларини кўриб чиқамиз:

Россия томонидан экспорт қилинадиган Urals нефтининг бир баррели учун ўртача нархи – $70,1;

Ўртача доллар/рубль курси – 68,3;

Давлат параметрларига кўра, Urals нефтининг ўртача нархи бир баррели учун 4790 рублга сотилиши назарда тутилганлиги маълум бўлди.

Бироқ, РФ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида рус нефтининг ўртача нархи бир баррели учун 48,92 долларни ташкил этган. Бу пайтга келиб доллар ва рублни айирбошлаш кўрсаткичи 73,56 га етди ва 2023 йилнинг биринчи уч ойи давомида нефтнинг бир баррел учун ўртача нархи  3,6 минг рублга баҳоланди. Бу эса нефть нархи бўйича йил давомида режалаштирилган ўртача нархдан 25 фоизга кам бўлганини билдиради.

РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг апрель ойидаги тахминий ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Brent нефти нархи ўртача $80,7 бўлади, долларнинг ўртача курси эса 76,5 рублга тўғри келади. Urals ва Brent нефти чегирмалари йил давомида бир баррели учун 30 доллардан ошмаслигини инобатга олсак, рус маркасининг ўртача нархи жорий йилда баррелига 3879 рублга етиши мумкин. Шунга қарамай, ушбу нарх сентябрь ойидаги ўртача кўрсаткичларидан 19 фоизга арзонлигича қолмоқда.

Россия иқтисодининг таянчи ҳисобланган Urals нефти нархининг тушиши, ҳамда бюджет маблағларининг камайиши ҳисобига рублнинг заифлашуви бир томонлама оқланади.

Путиннинг февраль ойидаги 72-сонли қарори ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Ҳукуматлараро келишувларни амалга оширувчи экспортчилар хорижий валютани бозорда сотмасдан тўғридан-тўғри россиялик маҳсулот етказиб берувчиларининг ҳисобларига ўтказиш қонун билан белгилаб қўйилди. Бу эса биржада валюта таклифининг қисқаришига олиб келди.

Россия Марказий банкининг қайд этишича, 2023 йилнинг биринчи чорагида Россия Федерацияси тўлов балансидаги жорий ҳисоб профицити 18,6 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2022 йилнинг биринчи чорагига қараганда қарийб тўрт баробарга камдир.

Савдо баланси жорий йилнинг биринчи чорагида 29 млрд долларни ташкил қилди. Таҳлил натижаларига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 баробарга камайиш ҳолати кузатилган.

2023 йилнинг биринчи чорагида Россия экспорти ўтган йилга қараганда 35 фоизга камайган.

Импортнинг ўсиши

Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида савдо баланси таркибидаги импорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган. Шунга қарамай, ўтган чоракга таққослаганда импорт ҳажми 13 фоизга камайиб, 71,8 миллиард долларни ташкил қилган.

Йил бошида биз рублнинг долларга нисбатан курси йилнинг иккинчи ярмига қадар 75-80 оралиқ диапазонда ўзгаришини кутган эдик.  Кейинги икки-уч ой ичида валюта курси 80 рублдан юқорилигича сақланиб қолиши эҳтимоли катта. Доллар қийматининг қанчалик ўсишини аниқ айтиш мушкул. Долларга нисбатан рубль курсининг 90 дан ошиши эҳтимоли пайдо бўлса, рус валютасининг бу қадар заифлашуви расмийларни ҳам жиддий ташвишлантириши табиий.

Ва ниҳоят, ҳақиқий «қизил чизиқ» 1 долларнинг 100 рублга чиқиш жараёнидир. Биз долларнинг бу даражага эришишини башорат қилмаймиз. Рублнинг АҚШ долларига нисбатан 80-85 оралиғидаги ўзгаришини эса истисно қилиб бўлмайди.

Нефть-газ даромадларининг ортиши натижасида валюта тушумларининг ўсиши рубль курсини қўллаб-қувватлайди. Яқинда ОПEК+нинг бир қанча аъзолари нефть қазиб олишни май ойидан 2023 йил охиригача жами 1,66 млн баррелга қисқартиришини маълум қилди. Хусусан, Россия ишлаб чиқаришни қисқартириш ҳажмини кунига 0,5 млн баррелга етказмоқчи.

Менимча, картель Brent нефтининг бир баррелини камида 80 долларга кўтаришни мақсад қилган. ОПEК+ нархларни қўллаб-қувватлаш эвазига келгуси ойларда нефть нархини 80-90 доллар/баррел оралиғида ушлаб туриши кутилмоқда. Бу эса Россия рубли учун ижобий ҳолат.

Яна бир асосий сценарийга кўра, жорий йилнинг иккинчи ярмида Хитой иқтисодиётининг қайта тикланиши ушбу давлатда хом ашёга бўлган талабнинг ортишига олиб келади. Бу эса нафақат россиялик нефть-газ экспортчилари учун, балки умумий иқтисодиёт учун ҳам ижобий ҳолатдир.

Шунингдек, биз Urals’нинг Brent’га чегирмаси баррелига 25 долларгача туширилишини тахмин қиляпмиз. Бу рублни кучли заифлашувдан ҳимоя қилади. Россия валютасининг мустаҳкамланиши учун Urals маркасининг ўртача нархи бир баррелга 70 доллардан ошиши керак. Аммо ҳозирги шароитда юқори нархдаги савдо эҳтимоли ҳақиқатдан анча йироқ ҳолат. Шунга қарамай, агар вазият асосий прогнозга мувофиқ ривожланса, жорий йил охиригача доллар курси 75-80 рубль оралиғида сақланиб қолиши мумкин.

Марказий банк маълумотларига кўра, март ойида четдан маҳсулот олиб кирувчилар томонидан хорижий валютани харид қилиш қиймати 549 миллиард рублга етди. Бу эса февраль ойига қараганда 10 миллиард рубль кўпроқ қийматдаги хорижий валюталар сотиб олинганлигини англатади.

Шу жумладан, нокредит молия институтлари ва норезидентлар томонидан март ойида қарийб 112 миллиард рубль қийматидаги чет эл валютаси сотиб олинган. Февраль ойидаги хорижий валюталар савдоси 62 млрд рублни ташкил қилган эди.

Жисмоний шахслар февраль ойида 72,6 млрд рублга хорижий валюта сотиб олган бўлса, жорий йилнинг март ойига келиб 122 млрд рублга чет эл валютасини харид қилишган. Шу боисдан ҳам биз импортнинг ошиши ҳисобига капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳамда экспортнинг камайиши эвазига рубль сезиларли равишда заифлашди, деб ҳисоблаймиз.

Россия капиталининг хорижга чиқиб кетиши

2023 йилда вазият ўзгарди: Россияда капиталнинг четга чиқиб кетиши кўпайди. РФ резидентлари ўз молиявий активларини хорижга кўчира бошлади. Бу бир томондан параллель импортни юзага келтириш мақсадида амалга оширилган бўлса, иккинчи томондан россияликларнинг хорижда яшаши, турар жой ва бошқа тўловларига сарфланмоқда.

Шу сабабли ҳам 2023 йил 1 апрелдан Россия банки пул маблағларни чет элдаги ҳисобларга ўтказиш бўйича чекловларни кучайтирди. Шунга қарамай россияликлар ва дўст мамлакатлар фуқаролари 1 млн доллардан ошмаган маблағларини бир ой давомида хориждаги исталган ҳисоб рақамларига ўтказишлари мумкин. Россиялик юридик ёки жисмоний шахслар томонидан назорат қилинадиган хориждаги компаниялар бу борадаги ҳеч қандай чекловларга дуч келмайди.

Бошқа сабаблар

Рублга босим ўтказувчи яна бир омил бу Ғарб компанияларининг Россия бозоридан чиқиб кетиши ва уларнинг РФ юрисдикциясидаги активларини сотишидир. Масалан, мамлакатда чет эл валютасига спекулятив талабнинг ошиши бевосита Shell компаниясининг Сахалин – 2 лойиҳасидан воз кечиши ҳам бўлиши мумкин.

Компаниянинг лойиҳадаги улуши 27,5 фоизлигини ҳисобга олганда, Шелл Россиядан тахминан 95 млрд рубль қийматидаги маблағини қайтариб олади.

Шунингдек, Россияга хориж валютасини олиб кирувчи йирик компанияларнинг мамлакатни тарк этиши натижасида, ички бизнесда қайта қуриш жараёни бошланди, айрим ишлаб чиқариш соҳаларига асосий капиталдан инвестициялар киритилди. Давлат инвестицияларининг ўсиши, мудофаа саноатидаги фаоллик ҳамда корпоратив кредитлашга бўлган эҳтиёжнинг ортиши фонида инфляция жараёни олдинги йилларга қараганда тезлашди. Айниқса, жорий йил бошида буджет харажатларининг ортиши ҳисобига четдан киритиладиган инвестицияга талаб сезиларли равишда ошди.

Халқаро шартномаларда юандан фойдаланила бошланганига қарамай, амалда бир қатор контрагентлар ҳақиқий тўловни доллар ва еврода амалга оширилишини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, импорт шартномаларининг энг муҳим қисми «дўст бўлмаган давлатлар» билан тузилганлиги, тўловлар доллар ва еврода амалга оширилишини унутмаслигимиз жоиз. Шу боисдан, Россия иқтисодиёти аввалгидек мустаҳкамлигини сақлаб қолиши учун вақт ўтгани сайин «заҳарли валюталар»га муҳтожлиги ошиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда россиялик амалдорлар ва баъзи иқтисодчилар томонидан доллар ва еврони «токсик валюта» деб аташ урф бўлди. «Заҳарли валюталар»дан тезроқ қутилиш, уларнинг ўрнини босадиган пул бирлигига ўтиш ғояси пайдо бўлди.

Шунга кўра, россиялик импортёрлар ички бозорда етарлича «токсик валюталар»га эга бўлмасаларда, мавжуд танқисликни ушбу валюталарни юанга сотиб олиш орқали бартараф этишлари мумкин. Аммо ушбу тадбир валюта операциялари занжирини узайтириши билан бирга, тўловлар хавфсизлигини сўроқ остига қўяди. Қўшимчасига, импорт нархининг қимматлашиши хавфини юзага келтиради.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya