Мақола

138 05/12/2023

“Айрим енгилтабиатларнинг дастидан покиза аёлларимизга ҳам шуҳба билан қарайдиган бўлиб қолишган”

Кеча Истанбулда яшайдиган жияним ёзғириб қолди.

Тўйга борган экан, бир аёл жиянимнинг ўзбеклигини билиб роса сасибди. Ишхонасида ўзбек аёллар ишлар экан. “Ўзбек аёллари суюқоёқ, юртида эри бўлатуриб, бизнинг эркакларни йўлдан уради” дермиш.

“Куёв томондан бўлгани учун аранг ўзимни босдим, лекин барибир охирида портлаб кетдим”, – дейди жияним.

Аёл ҳеч гапдан қолмасмиш-да (эрини бирорта ўзбекистонлик аёл илиб кетганми нима бало). Жиянимнинг оиласидагилар “Мана, бизнинг келинимиз яхши-ку” деса, “Битта яхши чиқиб қолибди-да, қолган ҳаммаси бир гўр” дермиш.

“Хафа бўлма, – дедим жиянимга. – Калтафаҳм аёл экан. Акс ҳолда шунақа гапларни гапирмаган бўларди”.

Олдин ҳам айтган эдим: бу ерда ҳар биримизнинг хатти-ҳаракатимизга қараб нафақат бизга, балки бутун бошли халқимизга баҳо беришади. Умумлаштириш нотўғри, лекин чуқур ўйламайдиган одамлар барибир шундай қилаверади.

Мана, ўзбекистонлик айрим енгилтабиатларнинг дастидан покиза аёлларимизга ҳам шуҳба билан қарайдиган бўлиб қолишган. Ҳолбуки, ҳалол-пок ишлаётган, мусофирчилик машаққатларига чидаб, Ўзбекистонга ташлаб келган фарзандларини боқаётган, кўксига бир муштлаб, юрт соғинчи, оила соғинчини ичига ютаётган хотин-қизларимиз жуда-жуда кўп. Улар ўйнаб-кулгани ёки кимнидир йўлдан ургани келмаган бу ерга, тирикчилик деган оғир юкни заифа жисмига ортмоқлаб келган. Хотин боши билан бутун бошли оиланинг рўзғорини тебратаётган аёллар бор.

Аммо нодонлар бу нарсаларни ўйлармиди, уларнинг тили узун, гапираверади.

— Эбрар Ўзбек — 

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация