Кеч 20:00 ларда қўнғироқ бўлди: «Mr. Анвар, сизга почта бор. Икки дақиқада уйингизнинг пастига тушиб туринг, илтимос».
Тушдим, ёши катта онахон, эски машинада келибди. Кеч бўлганда фарзандларининг бағрида ўтирмасдан почта тарқатиб юрибди. Бир йил аввал ғайриоддий бўлган ҳолат, энди табиий бўлиб қолди.
Малайзияда минглаб одамлар ҳозир (2020 йил) ишсиз. Такси чақирсангиз, қиммат машиналарда, салобатли амакилар келади. Пандемиядан аввалги яхши ишидан ажраб, мана энди куни ўтиши учун қимматбаҳо машинасида кира қилиб юрибди.
Мана, бугун ҳам бир учувчи ҳақида ўқиб қолдим. Ишсизликдан йўл юзида «Captain Corner» деб кичкина раста очиб, овқат сотаётган экан.
«Маошим 12000$ эди, кредитга уй-жой, қиммат машина олганман. Фарзандларим хусусий мактабларда ўқишади. Ойлик харажатларим 8000$. Ҳозир кунига 300-400$ топяпман. Ишламаса бўлмайди», дейди.
Лекин малайзияликларнинг бир одатига қойил қолиш керак, ҳалол ишни паст санашмайди. Қўшни хонада ўтирадиган профессор нонуштага бўғирсоқ олиб келиб, мен билан улашди. Қўлидаги қутига қарасам устига РМ1 деб ёзилган (нархи).
Билсам, ҳар куни эрталаб бўғирсоқ пишириб, йўл чеккасида сотиб, кейин ишга келар экан. Ўзига тўқ. Яқинда 50 минг долларлик «Toyota» машинасини олди. Лекин йўл чеккасида нонушта сотишни ўзига ор деб билмайди.
Анвар НАЗРУЛЛОҲ