Мақола

214 11/01/2024

“Amazon” компаниясига ишга ўтганимга роппа-роса бир йил тўлди. Ўтган бир йил сарҳисобини ва бу мен учун қандай кечганини қисқача баён қилмоқчиман.

“Amazon” қанақа компания?

“Amazon” нафақат Американинг, балки дунёнинг энг йирик технологик компанияларидан бири. Уни, асосан, онлайн дўкон сифатида танишади, лекин бугунга келиб унинг бизнес қамрови анча кенгайган: онлайн товарлар савдоси, интернет хизматлари, реклама платформаси, кино ва мусиқа хизматлари ва ҳоказо. Компаниянинг бозор қиймати 1,5 триллион доллардан ортиқ.

Мен “Amazon”да нима иш қилдим?

Коронавирус пандемияси пайтида дастурлаш бўйича бир йиллик курсда ўқиб, 2022 йил охирида “Amazon”га “Software Development Engineer Apprentice” (Дастурлаш муҳандиси шогирди) лавозимига ишга қабул қилиндим. Ушбу лавозимнинг шарти – бир йил давомида бошқа дастурчилар каби ишлайман; фақат менга ментор бириктирилади ва иш мобайнида малакамни ошириб боришим керак. Йил охирида компания талабларига жавоб берсам, мени доимий ишга қабул қилишади. Акс ҳолда, мен билан хайрлашишади.

Ўтган бир йил мен учун қандай кечди?

“Amazon”дагилар орасида битта машҳур гап бор. Бу ерга ишга янги келган ҳар қандай одам бошида бир неча ой давомида ўзини ўт ўчирувчиларнинг жуда катта босим билан сув пуркайдиган шлангидан сув ичаётгандек ҳис қилади. Ўрганадиган нарса шу қадар кўпки, бир неча ҳафта ва ҳатто ой давомида ҳеч нарсани тушунмаётгандек сезишингиз табиий ҳол. Бу ёқимли кайфият эмас, албатта. Сизда катта босим, масъулият ва ҳатто тушкунлик юз бериши мумкин. Камина учун ҳам бу ҳиссиётлар бегона бўлмади. Айниқса, дастурчиликка бутунлай бошқа соҳадан келган ва ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган мендек одам учун бу янада қийинроқ бўлиши аниқ эди.

Ўтган бир йил давомида ижтимоий тармоқларда, хусусан, “Телеграм” каналимда жуда пассив бўлганимнинг асосий сабаби ҳам шунда. Бир неча ой ўтиб, ниҳоят ўзимга кела бошладим ва ҳозирда бериладиган вазифаларни деярли тўлиқ мустақил бажара оляпман.

“Amazon”да иш маданияти қандай?

Компаниянинг машҳур 14 та этакчи тамойиллари бор. Ишга қабул қилишда ҳам шу тамойиллар асосида алоҳида суҳбат бўлади. Қайси лавозимга киришингиздан қатъи назар, иш жараёнида мана шу тамойилларга риоя қилишингиз ва уларни ўз ишингиз орқали кўрсатишингиз талаб қилинади.

Сизга бирор лойиҳа ёки вазифа берилса, у якунига етгунча эгалик ва масъулият тўлиқ сизга юкланади.

Ҳар икки ҳафтада жамоанинг режалаш йиғини бўлади ва шу куни жамоа аъзолари орасида келаси икки ҳафта учун вазифалар тақсимланади. Баъзи ишлар 1-2 кун, баъзилари бир неча ойгача вақт олиши мумкин. Вазифа тақсимлангач, унинг режасини ўзингиз тузасиз ва қанча вақтда тугата олишингизни ҳисоб-китоб қилиб, менежерингизга айтишингиз лозим. Шундан сўнг ҳар куни қисқа 15 дақиқалик йиғинларда ўзингиз ишлаётган вазифа бўйича ҳисобот бериб борасиз.

Берилган топшириқнинг эгаси сизсиз. Қандайдир тўсиққа учрасангиз ёки ишнинг тугатилиши бошқа бир жамоа бажарадиган ишга боғлиқ бўлса, унинг ортига тушиб, тўсиқларни бартараф этиш учун фақат ва фақат сиз масъулсиз. Тушунмадим, эплолмадим ёки билмаяпман, дейиш “Амазон”да қабул қилинмайдиган жавоб.

Билмасангиз, ўрганинг, бошқа дастурчилардан ёрдам сўранг ва ҳоказо. Хуллас, ишни бажариш учун масъулсиз!

Қолаверса, вазифани беришда сен бу технологияни биласанми, бу дастурлаш тилини ўрганганмисан, деб ҳеч ким сўрамайди. Сизни ишга қабул қилишдими, исталган тилда ва технология ёрдамида ишни бажаришга тайёр бўлишинг керак. Билмасангиз, ишни бажариш давомида ўрганишга мажбурсиз.

Беҳзод Муҳаммад

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация