Украинага чегарадош ҳудуддаги Россиянинг Курск давлат тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишни кўчиришни сўраб Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетди.
11 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Курск вилоятида таҳсил олувчи бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади, видео тармоқларда тарқалди.
Уларнинг сўзларига кўра, Россиянинг Курск вилояти Украинанинг Суми шаҳри билан чегарадош ҳисобланганлиги боис, «махсус операция»нинг таъсири талабалар ўқиётган ҳудудга ҳам сезилмоқда.
«Тёткино [аҳолия яшаш пунктига] кунда ва кун ора снарядлар келиб тушмоқда. Ундан ёмони, биздан 30 км узоқда жойлашган Курск атом станциясига шу пайтгача 3 марта теракт содир этилди. Қўшни Белгородда ахолининг асосий қисми эвакуация қилиниб, ўқишлар онлайн тарзга ўтказилди», — дейди талабалардан бири.
Шунингдек, жорий йилнинг март ойида, ҳали вазият барқарор бўлган пайтда Қозоғистон талабаларининг ўқишларини ўз давлатига кўчириб олиб кетганини ҳам айтиб ўтди.
«Ҳурматли Шавкат Мирзиёев, бизни ўқишимизни Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларига кўчиришингизни илтимос қиламиз», — дейилади мурожаат сўнггида.
Ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганини маълум қилди.
Унинг натижалари тўғрисида қўшимча хабар берилиши айтилди. Бу ҳақда “Газета.уз” ёзмоқда.