«Справедливая Россия — За правду» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Давлат Думаси ялпи мажлисида Россияга барча соҳаларда меҳнат муҳожирларини тартибга солувчи федерал қонун кераклигини маълум қилди.
Мироновнинг иддаосича, минтақалар аллақачон ўз қарорларини маҳаллий даражада қабул қилиб, хорижлик мутахассисларга маълум соҳаларда, жумладан соғлиқни сақлаш, таълим ва таксиларда ишлашни тақиқлаб қўйган. Бироқ Федерал марказ ва Давлат Думаси меҳнат муҳожирлари масаласида қарор қабул қилишда ортда қолмоқд экан.
“Ишончим комилки, бизга ҳар қандай соҳада мигрантларнинг беш фоизидан кўп бўлмаган бир хил стандартларга эга федерал қонун керак. Буни албатта амалга ошириш керак, чунки Челябинскда махсус ҳарбий операция иштирокчилари ва уларнинг хотинларининг калтакланиши ва янги йил байрамларида содир бўлган бошқа кўплаб фактлар ўз-ўзидан далолат беради”, — деди Сергей Миронов.
Бироқ муҳожирларга нафрати билан танилган популист депутат Челябинскда “СВО” қатнашчиларини асли россиялик фуқаролар калтаклаган ва улар орасида мигрантлар бўлмаганини унутган кўринади.
Миронов ҳукумат Европада содир бўлаётган “бошбошдоқликлар”га йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлаб, улар Россия миллий манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга мажбур эканлигини таъкидлаган.
Мироновнинг сўзларини амалга оширса бўладими? Россия иқтисодиётига 5 фоиз мигрант етадими? Ўтган 2023 йилнинг охирида Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти тадқиқоти эълон қилинган ва унда 2023 йил охирига келиб Россияда 4,8 миллион ишчи етишмаслиги айтилган эди.