Мақола

893 18/09/2023

Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов нега яқинда тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда халқаро валюта операцияларини амалга оширишга тақиқ жорий этилганини тушунтирди.

Унинг айтишича, регулятор фақат тўлов компанияларига Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиши учун рухсат берган. Шунинг учун мамлакат ташқарисидаги операциялар улар учун ноқонуний эди. Бу ҳақда у 16 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Нурмуратов, шунингдек, регулятор нима учун аввал тўлов тизимлари томонидан содир этилган қоидабузарликларга эътибор бермаганига ҳам изоҳ берди. “Биринчидан, улар [тўлов ташкилотлари] мигрантларнинг маблағлари ўтказилаётганини айтишди – бунинг ҳаммаси бекор гап. Тўлов ташкилотларининг пул ўтказмаларидаги [меҳнат мигрантлари транзакцияларининг] улуши бир фоиз ҳам эмас”, деб тушунтирган у.

Марказий банк раҳбари, шунингдек, тўлов тизимлари мижозлар номидан валюта айирбошлаш билан боғлиқ операцияларни амалга ошира бошлаганини даъво қилмоқда. Маблағлар, гарчи бундай амалиёт бўлмаган бўлса ҳам экспорт тушуми сифатида қайд этилган.

Унинг фикрича, бу валюта қонунлари ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қонунларни бузишдир.

У, шунингдек, QIWI Uzbekistan тўлов тизими худди шу сабабга кўра чеклангани — у ҳам ноқонуний операциялар иштирокчиси бўлганини таъкидлади.

Нурмуратовнинг қўшимча қилишича, улар бошқа мамлакатлар марказий банклари ва молиявий мониторинг ташкилотларидан тўлов ташкилотларининг шубҳали операциялари ҳақида маълумот олишган.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг бир қанча тўлов хизматлари 5 сентябрдан бошлаб халқаро валюта операцияларини вақтинча тўхтатган эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация