Мақола

668 06/03/2023

МИГРАНТЛАР НОМИДАН КРЕДИТ ОЛИНМОҚДА

Бугунги эфирда:

  • Россия қурилишларида 200 минг нафар ишчи етишмаяпти
  • Россияда 14 нафар Ўзбекистон фуқароси қулликдан озод этилди
  • Россияда асли ўзбекистонлик эркак полициячига қарата ўқ узди
  • Россиядаги чет элликлар «Госуслуги»да суғурта полисини расмийлаштириши мумкин
  • «Золотая Корона» тўлов тизимининг мижозлари йирик фирибгарлик қурбони бўлишди
  • «Тинькофф» банки иловалари AppStore’дан олиб ташланди
  • Қирғизистонлик муҳожирлар “оккупация қилинган зоналар”да окоп қазишмоқда

Россия қурилишларида 200 минг нафар ишчи етишмаяпти

Бу ҳақда Россия Федерацияси Қурилиш вазирлигининг кадрлар маркази раҳбари Елена Сенкевич “Хабаровск ўлкасининг ёш қурувчиси” форумига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Ҳозирги пайтда қурилишларга 200 мингга яқин, уй-жой коммунал соҳасига 90 минг ишчи етишмаяпти. Биз барча субъектлар бўйича таҳлилларни тўплашимиз учун сўровнома юборган тармоқларда 85 тадан 78 таси маълумот берди. Айтишимиз мумкинки, бу кўрсаткич ҳақиқатга жуда яқин”, — деди Сенкевич.

Хабаровск ўлкасида ҳозирда қурилишда 45 минг ишчи меҳнат қилмоқда, бу ерда 3,5 минг нафар қурилиш мутахассислари етишмайди, деди вилоят ҳукумати раиси ўринбосари Керим Сунгуров.

Бутунроссия миллий қурилиш сиёсати маркази раҳбари Александр Моорнинг айтишича, корхоналар, тадбиркорлар ва таълим муассасаларининг ўзаро самарали ҳамкорлиги учун қурилиш соҳасида кадрлар сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

“Бир вақтнинг ўзида бундай тадбир ва форумларни ташкил этишда машғул ҳамкасбларимиз билан биргаликда кадрлар сиёсати стратегиясини шакллантирмоқчимиз ва унда ана шу ишчилар етишмаслигига барҳам бериш ниятидамиз. Таълим муассасалари, компаниялар ва тадбиркорлар ўртасида зарур бўлган янги кўприкларни яратмоқчимиз”, – деди Моор.

Унинг таъкидлашича, федерал ҳукумат 2030 йилгача Россия Федерациясининг қурилиш индустрияси ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш стратегиясини 2035 йилгача прогноз билан тасдиқлаган.

Иқтисодиёт фанлари номзоди Михаил Беляев МЕДИА МИГ нашрига берган интервьюсида қурилиш соҳасида ишчилар етишмаслиги муаммоси ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ишчилар бор, лекин уларни соҳага ишга жалб қилиш учун меҳнат шароитларини яхшилаш керак.

“Ишчиларни жалб қилиш учун корхоналар иш ҳақини ошириши керак, улар эса буни хоҳламайдилар. Менимча, бу ўйлаб топилган муаммо. Қурилиш компаниялари фақат ойлик маошларини ошириб, мамлакатимизда яшовчи фуқароларни иш билан таъминлаши керак. Шу масала ҳал бўлгач, ишчилар тақчиллиги бўлмайди”, – деди Беляев.

Россияда 14 нафар Ўзбекистон фуқароси қулликдан озод этилди

Россия Федерациясида 14 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳужжатлари олиб қўйилган ва текинга ишлашга мажбурланган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Волгограддаги вакили Шерзод Каттахонов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 февраль куни ишонч телефонига 14 нафар ўзбекистонликдан ёрдам сўраб мурожаат келиб тушган. Фуқаролар иш берувчи олиб қўйган паспортларини қайтаришда ёрдам сўраган.

Бу ҳолатни ўрганиб, Ўзбекистоннинг барча фуқаролари жорий йилнинг 19 январь куни Россияга пул ишлаш мақсадида келгани маълум бўлди.

Улар Екатеринбургдаги “ОЗОН” компаниясига ишга жойлашмоқчи бўлган. Белгиланган манзилга етиб келиб, ётоқхонага жойлаштирилган ва эртаси куни уларни компания омборига олиб боришган. У ерда ички имтиҳондан ўтиш зарурлиги ҳақида айтишган. Улар бу аттестациядан ўта олишмаган, бироқ бошқа бир Ўзбекистон фуқароси Х.А.улар билан боғланиб, Волгоград шаҳрида жойлашган паррандачилик фермасига ишга жойлашишни таклиф қилган.

Шаҳарлар орасидаги масофа қарийб 2000 километр, жуда катта бўлишига қарамай, ўзбеклар чорасизликдан иш таклифини қабул қилишган. Келгач, улар ижарага олинган квартирага жойлаштирилиб, бироздан кейин улар иш шароитлари билан танишадилар. Бироқ меҳнат, яшаш шароити ва маоши эркакларга ёқмайди ва улар ишлашдан бош тортадилар.

Фақат уларнинг янги иш берувчиси рад жавобини қабул қилмайди ва турар жой ҳамда йўл харажатлари учун пул тўлашмагунча уларга паспортларини бермаслигини айтади. Бундан ташқари, агар улар ишга бормасалар, у йигитларни квартирадан чиқариб юборишини айтади. Ҳаммаси бўлиб, эркак ҳар бир фуқародан 53 минг рублдан сўраган. Йигитлар уларнинг ҳеч бирида бундай пул бўлмагани учун ёмон шароитларга кўз юмиб, ишга киришга мажбур бўлишган.

Аввалига 9 февраль куни Ўзбекистон фуқаролари Волгоград вилоятининг Иловлевский тумани полициясига ёрдам сўраб мурожаат қилган, у ерда уларга  ишга бориш ва қарзларини тўлашни тавсия қилишган. Шундан сўнг улар Миграция агентлигига мурожаат қилишган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Волгограддаги вакили Ш.Каттахонов зудлик билан фуқаро Х.А. билан боғланди.Телефон мулоқоти чоғида у ҳозирда Москвада эканлигини ва 11 февраль куни фуқароларга паспортларини қайтариб беришини ваъда қилган.

Ўша куни у ҳақиқатдан ҳам Волгоградга қайтиб келди, аммо у йигитларнинг шахсий ҳужжатларини бермаган. Бундан ташқари, у фуқароларни оғир меҳнатга мажбурлай бошлади ва агар улар бўйсунмаса, бу вазият ёмонлик билан тугашини айтиб, таҳдид қилган.

12 февраль куни ўзбекистонликлар яна Агентликка мурожаат қилиб, ҳаётлари хавф остида эканини айтишган. Уларнинг барчаси зудлик билан шаҳар атрофидаги хавфсиз жойга жойлаштирилди. Натижада 6 нафар фуқаро ўз дўстлари билан ишлашга ва пул ишлагандан  сўнг ватанга қайтишга қарор қилишди.  Яна 8 нафар фуқарога зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди.  Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консуллиги томонидан ўзбекистонликларга ўз ватанига қайтиш учун вақтинчалик гувоҳнома олишда ёрдам кўрсатилди.

Россияда асли ўзбекистонлик эркак полициячига қарата ўқ узди

Можаро 24 февраль куни, Невский проспектидаги «Гостиний двор» метро бекатига кираверишда маҳаллий вақт билан соат 11:50 да юз берган. Ҳужум қилган шахс милтиқдан сочма ўқ узган.

Ўт очган киши Тигран Хачикян, 50 ёшли, асли ўзбекистонлик экани, иккита қурол, патрон, иккита “Молотов коктейли” ва мусиқий колонка билан Санкт-Петербург марказига боргани ва ОМОН машинасига қарата “Молотов коктейли”ни отмоқчи бўлгани айтилмоқда.

Ушбу шахс метрога кираверишда колонкада «Муқаддас уруш» қўшиғини қўйган ва милтиқни қўлига олган. Миллий гвардия ходими унинг ёнига келганида у: «Йўқол!» деб бақирган ва отишни бошлаган. Видеокузатув камераси тасвирига кўра, иккита ўқ узилган. Шундан сўнг, яқин атрофдаги полиция ходимлари етиб келиб, уни қўлга олишга муваффақ бўлган.

Жароҳатланган полициячи Мариинский шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган, унинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Хабарга кўра, қўлга олинган шахс сўроқ пайтида «намойишлар ўтказиш тақиқлангани», шунингдек, «талон-торож қилинаётган халқ ва тақиқланган митинглар» сабабли шу ишга қўл урганини тан олган.

Тергов қўмитаси ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган.

Россиядаги чет элликлар «Госуслуги»да суғурта полисини расмийлаштириши мумкин

“Минцифры”нинг хабар беришича, ихтиёрий тиббий суғурта полиси учун тўлов ариза қабул қилингандан кейин суғурта компаниясининг веб-сайтида амалга оширилади.

Хорижлик фуқаролар давлат хизматлари порталида ихтиёрий тиббий суғурта полиси (ДМС) олиш учун ариза топширишлари мумкин бўлади – полисни расмийлаштириш учун махсус хизмат мавжуд, дея хабар беради Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги.

«Ихтиёрий тиббий суғурта – Россиядаги чет эл фуқаролари учун мажбурий ҳужжатдир. Мазкур ҳужжат мамлакатда тиббий ёрдам олиш ва ишга жойлашиш учун зарур. Энди хорижликлар Давлат хизматларига мурожаат қилиб, онлайн тарзда полисга ҳақ тўлашлари мумкин», – дейилади вазирлик хабарида.

“Минцифры”нинг тушунтиришича, чет эл фуқароси полисни расмийлаштириш учун Давлат хизматларида тасдиқланган ҳисоб ёзувидан фойдаланиши ва тегишли аризани тўлдириши керак. Полис учун тўлов ариза қабул қилингандан кейин суғурта компаниясининг веб-сайтида амалга оширилади. Ихтиёрий тиббий суғурта электрон полиси фойдаланувчининг порталдаги шахсий кабинетига икки иш куни ичида келади.

Чет эл фуқароларининг ишлаши учун патент олиш учун “ДМС” полиси талаб қилинади. У уч, олти, тўққиз ой ва бир йил муддатга берилади.

«Золотая Корона» тўлов тизимининг мижозлари йирик фирибгарлик қурбони бўлишди

Қирғизистоннинг юзлаб фуқаролари ўз ватанларига пул ўтказаётган «Золотая Корона» тўлов тизимидаги фирибгарлик ҳақида полицияга оммавий равишда шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, “Известия” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, фирибгарлар мигрантга қўнғироқ қилади ва ўзини хизмат ходими сифатида кўрсатиб, жабрланувчини СМС-хабардан хавфсизлик кодини тақдим этишга кўндиради. Шу билан бирга, суҳбат давомида жиноятчи жабрланувчини шахсий маълумотларини айтади, шунда ҳамма нарса ишончлидек кўринади.

Жабрланувчи кодни айтганида, фирибгар кичик миқдордаги кредитни расмийлаштиради, лекин юқори фоиз билан, жабрланувчи уни тўлашга мажбур бўлади – мижозларнинг ҳисобларига 5000 дан 150 000 рублгача пул тушади ва дарҳол ғойиб бўлди. Айтиш жоизки, аксарият муҳожирлар учун бундай кредитни тўлаш имконсиз вазифа ҳисобланади.

Бир ҳолатда, кўча супирувчи Азамат Қурмонқулов қарзини қайтарганидан 3 ой ўтиб, жиноятчилар қўнғироқ қилиб, кредит сўраб мурожаат қилганини айтади. Ва агар у кредитга буюртма бермаган бўлса, «шахсий маълумотларни тўлиқ ўчириш учун сиз СМС-дан кодни айтишингиз керак” дейишди. Курманқулов кодни айтди ва унинг ҳисобидан 5000 рубль ечиб олинди. Худди шундай ҳолат бошқа чет элликлар билан ҳам содир бўлди.

Шуниси эътиборга лойиқки, агар жабрланувчида шубҳа бўлса, жиноятчилар унга «код айтилмаса, хавфсизлик хизмати миграция картасини блоклаши мумкин», деб таҳдид қилишган. Жабрланувчиларнинг кўплаб мурожаатларидан сўнг “Золотая Корона” уларга ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза ёзишни тавсия қилди, шунингдек, ҳар қандай ҳолатда ҳам олинган кредитни тўлаш кераклигини таъкидлашди, чунки жабрланувчиларнинг ўзлари фирибгарларга кодни айтиб беришган.

«Золотая Корона» компанияси мижозларига кредитлар компаниянинг ҳамкори «Страна Экспресс» молиявий ташкилоти томонидан берилишини тушунтирди. Иккала фирма аллақачон ички аудит ўтказган ва маълумотларнинг компаниядан ноқонуний чиқиб кетишини рад этишган.

Бироқ, «Информзащита» фирибгарликка қарши марказ директори Павел Коваленконинг фикрича, мижозларнинг шахсий маълумотлари  тўлов хизмати ходимларидан ёки олувчи манбасидан, бу ҳолда Қирғизистон банкидан  чиққан бўлиши мумкин.

Адвокат Мария Прилепскаянинг сўзларига кўра, агар суд “Золотая Корона” фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сақлаш қоидаларини бузганини исботласа, қарздорларнинг кредитлари бекор қилинади, агар тасдиқланмаса, кредит тўланиши керак бўлади.

Қирғиз диаспораси фаоли Нурали Абгдивалиевнинг айтишича, фирибгарлар муҳожирларни рус тилини яхши билмагани учун нишонга олган. Унинг айтишича, жабрланувчилар полицияга жамоавий ариза ва судга даъво тайёрламоқда.

«Тинькофф» банки иловалари AppStore’дан олиб ташланди 

Европа Иттифоқи жорий йилнинг 25 февралида Альфа-Банк, Росбанк ва «Тинькофф»ни санкциялар рўйхатига киритган.

“Тинькофф” банкининг барча иловалари AppStore’дан олиб ташланди, деб хабар бермоқда Россия молия муассасаси матбуот хизмати.

Ўша кун барибир келди – “Тинькофф” иловалари AppStore’дан олиб ташланди.  Банк бу вазиятда нима қилишни тавсия қилади:

“Биринчидан, хотиржам бўлинг: аллақачон юклаб олинган иловалар одатдагидек ишлайди. Сиз пул ўтказишингиз, ҳисобингизни тўлдиришингиз ва бошқа операцияларни бажаришингиз мумкин. Ёки «Тинькофф» веб-сайтидаги шахсий кабинетингизда ҳам худди шундай қилинг.

Иккинчиси, норасмий манбалардан иловаларни юклаб олмаслик керак, бу хавфли бўлиши мумкин.

Иловаларни қандай хавфсиз юклаб олиш ва бошқа муҳим саволларга жавоб бериш ҳақида батафсил маълумот билан тез орада қайтамиз».

«Тинькофф» мижозлар ўз ҳисобларини тўлдиришлари ва аллақачон юклаб олинган иловаларда бошқа операцияларни бажаришлари мумкинлигига ишонтирди.

Қирғизистонлик муҳожирлар “оккупация қилинган зоналар”да окоп қазишмоқда

Бу видеони «Kloop» нашрига юборган манбанинг даъво қилишича, у Украинанинг «оккупация қилинган зоналари»да тайёрланган ва окоп қазаётган ишчилар Қирғизистондан келган муҳожирлардир.

Ишчиларга катта маош ваъда қилинган. Аммо бу пул ҳақиқий иш шароитларини оқламайди: ўнлаб ишчилар Украина Қуролли кучлари томонидан ўлдирилмоқда, иш берувчилар уларни алдамоқда, ўз ватанларида эса мигрантлар қамоқ ва фуқароликдан маҳрум этилиши билан жазога тортилиши мумкин.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация