Maqola

743 14/11/2022

МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ПАСПОРТИ БОР ЎЗБЕГИМ

Бугунги эфирда:

  • Ўзбекистон фуқаролиги 1 миллион долларга баҳоланмоқда;
  • Ўзбекистонликлар Россияга асосан ишлаш учун келиши маълум қилинди;
  • Россиялик депутат 100 минг муҳожирга ҳужжатларни сохталаштиришда ёрдам берди;
  • Қрим ва Севастополдаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилди;
  • Wildberries Тошкентда логистика комплексини ташкил қилади.

Ўзбекистон фуқаролиги 1 миллион долларга баҳоланмоқда

Чўнтагингиздаги Ўзбекистон паспорти нақд бир миллион доллар туришини биласизми?! Ҳа, ҳа, айнан бир миллион доллар! Иншонмаслигингиз мумкин. Лекин, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бунга нафақат ишонади. Балки, буни қонунлаштирмоқчи.

Гап шундаки, айнан шу вазирлик Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга қўшимчалар ишлаб чиқиб, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Қонун лойиҳасига кўра, мамлакатга камида 1 млн. доллар инвестиция киритган хорижликларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини бериш таклиф қилинмоқда.

Бундай имконият нафақат инвесторларга, балки бошқа мамлакатларнинг таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан ҳам тадбиқ этилади.

Яъни, кимлардир сизнинг чўтагиниздаги Ўзбекистон паспортини олиш учун бир миллион доллар сарфлашига тўғри келади. Демак, ҳар бир ўзбекистонликда миллион долларлик паспорт бор.

Амалдаги Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасида Ўзбекистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш талаблари келтирилган. Унга кўра, бир вақтни ўзида бир нечта талабларга жавоб бериши керак. Яъни, чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс:

  • мамлакат ҳудудида яшайдиган ва фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлиши;
  • тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлиши;
  • Ўзбекистон Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олиши;
  • ва ўзбек тилини қонунчиликда белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши шарт.

“Пулинг бўлса, чангалда шўрва” деганларидай, бир миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритганларга юқоридаги талабларни бажариш шарт бўлмайди.

Инвестиция эвазига имтиёзлар ва ҳатто давлат фуқаролигини бериш амалиёти деярли бутун дунёда кенг тарқалган. Қолган гап асосан инвестициянинг миқдорида ва ўша давлатнинг қонуний манфаатларига мос келишига боғлиқ.

Жаҳон тажрибасида фуқаролик олиш учун минимал инвестиция талаби 100 минг АҚШ долларидан бошланади. Масалан, Туркияда 400 минг долларлик уй сотиб олсангиз, фуқаролик олишингиз мумкин. Бу талаб Молдовада 135 минг, Черногорияда 450 минг Мальтада эса 880 минг еврони ташкил қилади.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 1 миллион доллар киритиш талабини қандай белгилаган бизга қоронғу.

Ўйлаб қарасам, элчихонада паспорт олиш 200 доллардан ошиқ туриши ҳам бекорга эмас эканда. Биз соддалар паспорт олиш нархини қўшни давлатлар билан солиштириб, Ташқи ишлар вазирлигидаги жанобларнинг бошини бекорчи саволлар билан қотириб юрибмиз.

Билмагаланларга эслатма. Каналимиз томонидан элчихоналарда паспорт олиш нархлари қўшни мамлакатлар билан солиштирилиб таққосланган видеоролик тайёрланган эди.

Маълум бўлишича фуқаролик паспортини олиш:

  • Қирғизистон элчихонасида $10;
  • Қозоғистон элчихонасида $30;
  • Туркманистон элчихонасида $93;
  • Тожикистон элчихонасида $100;
  • Ўзбекистон элчихонасида эса $220-240 ни ташкил этади.

Балки, бу нархни яна ҳам ошириш керак бўлар?! Бир миллион доллар турадиган фуқаролик паспорти учун 200 доллар анча пастда.

2022 йилда Ўзбекистон  фуқаролари Россияга асосан ишлаш учун келган

Ўзбекистонликлар меҳнаткаш халқ. Айнан шундай. Улар Россияга меҳнат қилиш учун боришади. Асло уришиш ёки Россия ичида бузғунчилик қилиш учун эмас.

Яна статистикага қайтамиз. Бу галги статистик маълумот Россияга 2022 йилда кириб келган муҳожирлар ҳақида бўлади.

Россия ИИВ қайд этишча, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Россияга меҳнат қилиш мақсадида Ўзбекистондан – 4 465 692 киши, Тожикистондан – 2 714 331 киши ва Қирғизистондан – 675 968 нафар фуқаролар келган.

Албатта, бу рақамлар Россияга четдан шунча мигрант келганини эмас, Россия чегарасини кесиб ўтган чет эл фуқаролари сонини билдиради. Россияда туриб чегарага бир неча марта чиқиб келган мигрантлар ҳам талайгина ва улар ҳам шу рақамлар ичида. Лекин, шунда ҳам Россияда ўртача 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар бор десак, хато қилмаган бўламиз.

Ушбу маълумотларга кўра, Тожикистондан – 81 671 нафар, Қозоғистондан – 71 568 нафар ва Ўзбекистондан – 55 388 нафар фуқаро Россияга ўқиш мақсадида келган.

Бу даврда Россияга Хитойдан кириб келган 23 763 киши, Туркиядан кириб келган 21 785 киши ва Беларусдан кириб келган 10 505 киши  тадбиркорлик фаолятини амалга ошириш мақсадида келишган.

Россиялик депутат 100 минг муҳожирга ҳужжатларни сохталаштиришда ёрдам берди

Санкт-Петербургда ҳуқуқ-тартибот идоралари мисли кўрилмаган миқёсдаги ноқонуний миграция каналини ташкил этган жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олди.

Россияда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган 100 мингдан ортиқ муҳожирни ноқонуний равишда “қонунлаштирган” жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги шахснинг айтишича, бир неча ўнлаб кишилар, жумладан жиноий гуруҳ ташкилотчиси ва раҳбари – Санкт-Петербург муниципалитетларидан бирининг депутати ҳам қўлга олинган.

Жиноий гуруҳ назоратидаги молиявий ресурсларнинг умумий айланмаси йилига 1,5 миллиард рублдан (тахминан 21 миллион доллар) ошган.

Жиноятчилар мигрантларни сохта “қонунийлаштириш” учун шаҳарнинг марказий туманида 20 тадан ортиқ хостеллар ташкил этган, уларда минглаб меҳмонлар рўйхатга олинган.

Аслида муҳожирлар уларда яшашмаган. Ташриф буюрувчиларга тиббий кўрикдан ўтганлари, рус тилини билиш учун  имтиҳон топширганлиги ва кўрсатилган ётоқхоналарда рўйхатдан ўтганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар берилган.

Легаллаштириш хизматлари учун улар бир кишидан 30-35 минг рубль олиб келишган.

Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу ноқонуний канал орқали сохта “қонунийлаштирилган” шахслар томонидан содир этилган 100 дан ортиқ оддий жиноятлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўхтатилган. Ҳозирда мазкур гуруҳга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 210-моддаси “жиноий ҳамжамиятни ташкил этиш” бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Муносабат

Россияда мигрантлар учун “регистрация” билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш доим муаммо бўлиб келганлигини кўпчиликка маълум. Чунки, уй эгалари регистрация қилиб беришдан бош тортишади. Натижада ватандошларимиз ҳужжат тайёрлаб берувчи воситачиларга мурожаат қилишади. Сиз сотиб олган регистрация базада бўлиши мумкин. Лекин, сиз у ерда яшамайсиз. Бу эса ҳар қандай текширув пайтида сизни базадан учириб юборишга ёки регистрациядаги манзилда яшамаслигингиз учун жавобгарликка тортишга асос бўлади.  Шунинг учун регистрация қилиб берадиган хонадонда яшашни ёки хостелларда туришни тавсия қиламиз. Хостелда регистрация ҳам бепул, ҳам яшаш манзили бўйича қилиб берилади. Ҳозирги кунада хостелда яшаш нархи ҳам хонадонда турган билан деярли бир ҳил.

Қрим ва Севастополдаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилди

Энди Қрим ва Севастополдаги ўзбекистонлик талабаларга ҳам ўқишни кўчиришга рухсат берилди.

Аввалроқ, ОАВ В.И.Вернадский номидаги Қрим федерал университетининг учинчи курсида таҳсил олаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллагани ҳақида ёзган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Қрим ва Севастополь ҳудудларидаги ОТМда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишини Ўзбекистондаги давлат таълим муассасаларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди.

1 ноябрь куни эса Давлат комиссиясининг 7-сон баёни билан Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилганди.

Муносабат

Бизга шу талаблар томонидан битта савол келиб тушди. Масалан, тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган талаба, вилоятида бундай соҳа бўйича ОТМ бўлмаган тақдирда, унга қандай ёрдам кўрсатилади? Бошқа соҳаларга ихтисослашган ОТМларни тушунса бўлар. Лекин, тиббиёт йўналиши, ўзига хослиги билан барча ОТМлардан ажралиб туради. Ҳар ҳолда бу ОТМни тамомлаган талаблар келажакда инсон саломатлиги ва хаётига маъсул мутахассислар ҳисобланишини мутасаддиларга эслатиш шарт бўлмаса керак?

Умид қиламизки, бу ишларга мутасадди бўлганлар, ушбу масалани ҳам кўриб чиқадилар ва ижобий ҳал этадилар.

“Савоб ишни ҳар куни қилиш керак, ҳар ким қилиши керак”, деганларидек мутасаддиларга қараб савоб ишни оҳиригача ва сифатли қилиш керак, деган жумлани қўшиб қўйсак бўлади.

Wildberries интернет-дўкони Тошкентда логистика комплексини ташкил қилади

Россиянинг Wildberries маркетплейси, яъни онлайн савдо қилиш сайтини кўпчилик муҳожирларимиз билади. Энди ушбу компания Тошкентда Ўзбекистондан тайёр маҳсулотлар — тўқимачилик, чарм, қурилиш материаллари ва электр жиҳозларини сотиш бўйича тўлақонли логистика мажмуасини ташкил қилади.

Лойиҳа қиймати 130 млн долларга тенг. 8 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев йирик халқаро маркетплейслардан бири ҳисобланган Wildberries компанияси асосчилари Владислав ва Татьяна Бакалчукларни қабул қилди.

Лойиҳа ишга тушиши билан 5000 та янги иш ўрни яратилади. Шу нуқтаи назардан, маркетплейс орқали сотишга чиқариш учун биринчи босқичда ўзбек ишлаб чиқарувчилари томонидан 900 миллион доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари, 121,5 миллион долларлик чарм маҳсулотлари, 172,2 миллион долларлик маиший электротехника буюмлари ҳамда 382,5 миллион долларлик қурилиш материаллари етказиб беришга тайёрлик билдирилди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида компания ўзбекистонлик тадбиркорларни сотувчилар сифатида рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратади, электрон платформада ишлаш ва ўз товарлари сотиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўзбек ва рус тилларида ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун онлайн семинарлар ўтказади, шунингдек, янги ўзбек брендларини яратиш фабрикасини ишга туширади. Унда маркетинг тадқиқотлари, бозор таҳлиллари ўтказилади ва тегишли брендлар ишлаб чиқилади.

Маълумот учун, Wildberries компанияси 2004 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда универсал форматдаги энг йирик онлайн гипермаркетдир. Маркетплейс орқали кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар ва уй-рўзғор буюмларининг жаҳонда энг машҳур брендлари маҳсулотлари сотилади.

Муносабат

Демак, Россияда ушбу компания омборхоналарида ёки етказиб бериш хизматида ишлаган ёки олди-сотди билан шуғулланган юртдошларимиз энди Ўзбекистонда ҳам шу ишларини давом эттиришлари мумкин. Ўзбекистон бозорига бу каби катта компанияларнинг кириб келиши нафақат янги иш ўринлари яратилишига, балки бозорда рақобат кучайиши, бунинг натижасида эса нархлар пасайиши ва хизмат сифатининг ошишига олиб келади. Ўзи Россиядан чиқиб кетаётган катта компанияларни ҳам иложи борича ўзбек бозорига жалб қилиш керак. Шундагина бизда монополия камаяди ва кунимиз баъзи бир компанияларнинг сифатсиз ва қиммат товарларига қолмайди.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ёдингизда тутинг сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya