Москва ҳукумати 2015 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Россия Федерацияси пойтахтида меҳнат мигрантларига айнан шунча ҳисобда ишлаш учун рухсатнома берган.
Россия пойтахтида меҳнат мигрантлари 3,8 миллионта патент олди. Москва кўптармоқли миграция марказида ана шунча ҳисобдаги ишлаш учун рухсатномалар 8 йиллик иш давомида тақдим этилган. Бу ҳақда Москва иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти раҳбари Мария Багреева маълум қилди.
“2015 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда кўптармоқли миграция маркази пойтахтда ишлаш учун 3,8 миллионта патент берди”,- деди Багреева.
Унинг сўзларига кўра, 2021 йил ноябрь ойидан бошлаб марказ Москва вилоятида фаолият юритиш учун патент расмийлаштириш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Ҳаммаси бўлиб, ўтган йили 322 мингта патент берилган.
Багреева, шунингдек, 2022 йилда 1,2 миллионга яқин чет эл фуқаролари патент олишнинг бошқа мажбурий тартиб-қоидаларидан ўтганини таъкидлади.
Аввалроқ Россия Федерацияси Давлат думаси мигрантларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича Ички ишлар вазирлигининг ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганлиги хабар қилинган эди.
Жумладан, Ички ишлар вазирлигига қарашли “Паспорт-виза хизмати” корхонаси патентларни қайта расмийлаштириш, виза, таклифнома ва вақтинчалик яшаш учун рухсатномаларни (РВП) бериш учун ҳужжатларни қабул қилишни бошлайди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Россия субъектлари мигрантлар учун йиллик квоталар сонини ўзлари белгилайдилар. Шу тариқа, маълум бир ҳудудда маҳаллий аҳоли ишлаш истагини билдираётган касбларни эгаллашда мигрантларнинг имконияти чекланиши мумкин, деб ёзади Sputnik Тожикистон.