Maqola

1 302 19/12/2023

Улардан 22 нафари Россиядан депортация қилиниши мумкин.

Москванинг Люблино туман суди пойтахтнинг “Садовод” бозори яқинида полиция билан тўқнашувда иштирок этган 73 нафар муҳожирни маъмурий ҳибсга олишга қарор қилди. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати маълум қилган. Аввалроқ хавфсизлик кучлари ҳодисанинг 80 дан ортиқ иштирокчисини қўлга олгани хабар қилинганди.

Суд 51 нафар мигрантни полиция ходимининг талабларига бўйсунмаслик баённомалари бўйича айбдор деб топди.

Яна 22 нафар ҳибсга олинган шахс Россияга кириш ёки мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганликда айбдор деб топилиб, хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жўнатилди.

“Садовод” бозоридаги воқеа 15 декабр куни кечқурун содир бўлган эди. Полиция ходими 21 ёшли Тожикистон фуқароси Сухроб Юсуповни ҳужжатларини текшириш учун Верхние Поля кўчасида тўхтатганди. “Осторожно, Москва” телеграм-каналининг ёзишича, Юсупов бундан бош тортган ва полициячини йўл бўйлаб судраб қочишга уринган, кейин эса машинадан тушиб, уни урган.

Полиция хабарларига кўра, ҳибсга олиш чоғида тожикистонлик фуқарони эпилептик тутқаноқ тутган. “Қўлга олинган шахсга ёрдам кўрсатаётган пайтда бир гуруҳ агрессив фуқаролар (80 дан ортиқ киши) милиция ходимларига яқинлашиб, уларни ҳибсга олинган шахсдан узоқлаштирмоқчи бўлиб, хизмат машинасига ғилдирагини кесиб шикаст етказган. Воқеа жойига қўшимча полиция ходимлари етиб келган”, — дейилади Ички ишлар бошқармаси баёнотида. Полиция ҳавога икки марта огоҳлантирувчи ўқ узган.

Хабар қилинишича, мигрантни тўхтатган полиция ходими тиббиёт муассасасига бормаган ва хизматни давом эттирган.

21 ёшли Тожикистон фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 318-моддаси (“Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш”) ва Жиноят кодексининг 319-моддаси (“Ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Люблино суди айбини тан олмаган тожикистонликни икки ойга тергов изоляторига жўнатди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya