Мақола

2 138 03/08/2023

Ушбу “ахлоқ кодекси”нинг муаллифи номаълумлигича қолмоқда, аммо унинг мазмуни рус шовинизмининг кучайиб бораётгани ҳақида жиддий ташвиш уйғотади.

Яқинда тармоқда очиқчасига шовинистик хусусиятга эга ва Россия ҳудудида яшовчи муҳожирларга қарши қаратилган эслатма пайдо бўлди. Ушбу ғалати “ахлоқ кодекси”нинг муаллифи номаълумлигича қолмоқда, аммо унинг мазмуни рус шовинизмининг кучайиб бораётгани ҳақида жиддий ташвиш уйғотади.

Илк слайдда муаллиф муҳожирлар Россия тупроғида экани ва уларнинг ҳаёти осон кечиши учун маълум меъёрларга амал қилишлари кераклигини таъкидлайди. Бироқ қоидалар биринчи навбатда мусулмонларга қарши қаратилганлиги бошиданоқ аён бўлади. Муаллифнинг иддаосича, мусулмон муҳожирлар шариат қонунларини ўрнатишга, низоларни мушт билан ҳал қилишга уринмоқда эмиш.

Бундай қараш аниқ нохолис ва бутун мусулмон жамоатчилигига берилган нотўғри тавсифдир.

Истироҳат боғлари ва спорт майдончалари каби жамоат жойлари муҳожирларга тегишли эмаслиги таъкидланган.

“Агар сизнинг гуруҳингиз бошқа биров эгаллаб турган майдонда футбол ўйнамоқчи бўлса, сабрли бўлинг ёки режаларингизни ўзгартиришингиз керак”, дейилади эслатмада.

Эслатмадаги яна бир тақиқ алкогол ва гиёҳванд моддаларга тегишли.

Мигрантларга жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш тақиқланади, дейилган. Гарчи бу умумий қабул қилинган қоида бўлса-да, унинг айнан мигрантлар контекстида тилга олиниши яширин камситиш таассуротини қолдиради. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ислом динида спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар ҳаром ҳисобланиб, мусулмонларга уларни истеъмоли умуман тақиқланган.

Навбатдаги қоида мигрантларнинг жамоат жойларида намоз ўқиш каби диний маросимларни бажаришини тақиқлайди.

Ушбу қоида муаллифи бундай хатти-ҳаракатни ортиқча ва кўр-кўрона деб ҳисоблайди, лекин бу билан у турли хил жамиятда жуда қадрланадиган эътиқод эркинлиги ва бағрикенгликни унутади.

“Россия дунёвий давлат. Бу ернинг аксар аҳолиси ислом қадриятларига риоя қилмайди. Чўчқа гўшти дўконларда сотилади, қонун исломий кийиниш қоидаларини тан олмайди. Ит нопок эмас, балки уй ҳайвонидир. Бунга чиданг”, дейилади “қоида”да.


“Ёш руслар ташқи кўриниши билан ажралиб туришни яхши кўришади. Агар улар сизнинг таниш қўйингизга ўхшамаса ёки мўйловсиз соқоли бўлмаса, уларга ваҳшиёна қичқириқлар билан ташланмаслик керак ” – бу қоида билан муаллиф ЛГБТ вакилларини ҳимоя қилгандек бўлиб, ўзи қаттиқ тураётган “рус қадриятлари”га зид гапларни сўзлайди.

Айрим стереотиплар ва ЛГБТ ҳамжамиятига ҳаволалар эслатма муаллифи рус қадриятларини ҳимоя қилиш ниқоби остида ҳаракат қилаётгандек кўринса-да, аксинча, камситиш ва тарафкашликни қўллаб-қувватлаётгани аниқ билиниб қолади.

Эслатманинг хулосасида, агар муҳожирлар қоидаларга риоя қилишдан бош тортса, уларни депортация қилиш таҳдиди билан якунланади: “Агар бу қоидалар жуда мураккаб бўлса, Россиядан яшашингиз осон бўлган мамлакатларга самолётлар учади ва поездлар боради”.

Бу ҳар қандай жамиятнинг асоси бўлиши керак бўлган меҳмондўстлик ва бағрикенглик руҳига зиддир.

Бундай шовинизм ва дискриминацияга қарши туриш лозим. Россия турли маданиятлар ва миллатлар яшайдиган жой бўлиб келган. Келиб чиқиши, миллати ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсон қонун доирасида яшаши ва иш юритиши, бир-бирини ҳурмат қилиши мумкин бўлган тинч ва тотув жамиятда яшаши лозим.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация