Мақола

101 26/04/2024

Мурғак қизалоқнинг кўнгли ҳозир чироқ ёқса, ёришмайди. У ўзини кераксиз одамдек ҳис қилмоқда. Дардлашгани отаси, онаси ёнида эмас, улар… Россияда. Бир неча ой олдин ҳам яхши кўрган, ота-онаси ишониб ташлаб кетган аммаси бугун унинг учун энг ёмон, энг бемеҳр одам. Идиш-товоқларини яхши ювмагани учун, кўчада кўпроқ ўйнагани учун, мультфильм кўргани учун ҳам дакки эшитарди, калтакланарди… Афсуски, ота-онаси бундан бехабар эди…

Мусофирлик, муҳожирлик — бу ғайриихтиёрий, вазият тақазо қилган тақдир. Бугун миллионлаб ўзбекистонликлар ўз ватанидан, яқинларидан йироқда меҳнат қилиб, оиласини ҳар томонлама таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Мигрантлар орқали мамлакатга кириб келаётган миллионлаб долларлар, иқтисодиётга келаётган фойда ва мигрантлар оиласидаги яхшиланаётган моддий ҳолат, янги солинган уй, сотиб олинган машина ва бошқа моддий қиймат ҳақида сиз-да яхши биласиз.  Бироқ бугун гаплашадиган мавзумиз ота-онаси хорижда меҳнат муҳожирлигида бўлган, қариндошларига ташлаб кетилган болалар ҳақида…

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда чет элда меҳнат муҳожирлигида бўлганлар сони 2 миллион киши. Норасмий статистикада улар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Муҳожирлар орасида оилалилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Баъзан улар фарзандларини яқинларига ташлаб, хорижга ишлагани кетишади. Афсуски, ишониб топшириб кетилган болаларга доим ҳам қариндошлари томонидан етарлича меҳр, эътибор берилмайди. Ҳатто болалар жисмоний ва руҳий зўравонликка учрайди.

Масалан, жорий йилнинг 15 март куни Бўка туманида 7 ёшли қизалоқнинг аммаси томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабар кўпчиликнинг қалбини ларзага солди. Бош прокуратуранинг хабарига кўра, қизалоқни ота-онасини аммасига ишониб топшириб кетган…

“Ўзбеклар болажон халқ” деган чиройли иборалар ўйлаб топганмиз. Лекин ўз жиянини уриб ўлдираётган, ишониб топшириб кетилган болаларга зулм қилаётган қариндошларга ундай нисбатни ишлатиб бўлмайди, албатта. Хўш, бундай ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Албатта, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қоидалар қонунчиликда белгиланган.

Жумладан, “Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга яшаш жойидан, шу жумладан, чет давлатга вақтинча чиқиб кетаётганида Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунининг 26-моддасига мувофиқ ўз боласига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши шарт.

Ота-она уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга яшаш жойидан, шу жумладан, чет давлатга вақтинча чиқиб кетаётганида ўз боласини қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдириши шарт. Бу ҳолда васийлик ёки ҳомийлик агар боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади”.

Васийлик ва ҳомийлик ўзи нима? У қандай ҳолларда белгиланади?

Фарҳод Камилов, Ижтимоий ҳимоя агентлиги бош мутахассиси:

“Қонунга кўра 0 ёшдан 14 ёшгача васийлик, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга ҳомийлик белгиланди.

Уч ҳолатда бу амалга оширилади:

  1. Бола етим бўлиб, ота-она қарамоғисиз қолса;
  2. Ота-она муомалага лаёқатсиз бўлса ( ёки озодликдан маҳрум қилинган бўлса);
  3. 3 ой муддатдан ортиқ яшаш жойида бўлмаганда (жумладан, хорижга иш ёки бошқа мақсадда кетса);

Айтиш керакки, хорижга иш ёки бошқа мақсадда кетса, болаларига васий ёки ҳомий тайинлаб кетиши мажбурий қилиб белгиланган.

Тартибга кўра, чиқиб кетишидан бир ой олдин ўз ҳудудидаги туман ёки шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасига келиб, васий ёки ҳомий белгилаб кетиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши керак.

Агар фавқулодда мамлакатдан чиқиб кетишга тўғри келса, нотариал тартибда аризани ташлаб кетиш белгиланган.”

Албатта, одам муҳожирликка турли вазиятда кетиши мумкин. Яъни режа билан ёки кутилмаганда. Ҳар икки ҳолатда ҳам меҳнат миграциясига кетаётган одам васийлик ва ҳомийлик тайинлаш учун кетадиган ҳужжатлар ёки югур-югурлар кўп бўлса керак, деб ўйлайди.

Янги тартибга бу учун қандай ҳужжатлар талаб этилади? Булар ота-онанинг ва боланинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, ота-онанинг аризаси, никоҳ тўғрисидаги маълумот, васийлик ёки ҳомийликка олаётган шахснинг аризаси ва боланинг соғлиги тўғрисида яшаш ҳудудидаги оилавий поликлиникадан маълумотнома.

Бордию узоқ муддатга ҳорижга кетаётган ота-она васийлик ва ҳомийлик тайинламаса, қандай ҳуқуқий ёки ижтимоий оқибатлари мавжуд?

Фарҳод Камилов, Ижтимоий ҳимоя агентлиги бош мутахассиси:

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 47-моддасига кўра, маъмурий жарима қўлланилади.

“Бу ўринда масаланинг ижтимоий оқибатлари ҳақида гапиришимиз керак. Ота-она бир буюмнинг эмас, тирик жон, фарзандининг тақдири ҳақида гап кетаётганини унутмаслиги керак. Бу биринчи галда боланинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур. Кейинги галда ўзларининг хотиржамлиги учун. Янги тартибга кўра маҳалалардаги ижтимоий ходим васий ёки ҳомийга ташлаб кетилган болаларнинг ҳолатини назорат қилиб боради. Қолаверса, иссиқ жон, ҳар хил ҳолат юз бериши мумкин. Худо кўрсатмасин, болани шошилинч операция қилишга тўғри келиб қолса, қонуний вакил бўлган васийнинг рухсати билан амалга оширилади. Одамларимиз бу қоиданинг барча учун фойдали ва зарур эканини тушунишлари керак”.

Қонун тақазосига кўра, меҳнат муҳожири фарзандларини яқинларига васийлик ёки ҳомийлик ҳуқуқи асосида топшириб кетди ҳам дейлик. Шу билан муаммо ҳал, олам гулистон, болалар тинчми? Йўқ, албатта. Калтакланиб ўлдирилган ўша 7 ёшли қизалоқни ҳам аммаси васийлик ҳуқуқи асосида олиб қолганди. Демакки, бу ўринда болаларнинг ҳолидан хабар олувчи, доимий назорат функциясини бажарувчи ижтимоий ходим ёрдами керак бўлади.

Мадина АМИНОВА, ижтимоий ходим:

“Боланинг биологик ва ижтимоий ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётганини доимий назорат қилиб бориш бизнинг асосий вазифаларимиздан. Ота-она ва васий йилда бир марта боланинг умумий ҳолати тўғрисида Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасига ҳисобот топширишлари керак. Биз эса мунтазам равишда хонадонга бориб, боланинг умумий ҳолатини ўрганамиз. Васий ёки ҳомий билан, боланинг ўзи билан суҳбатлашамиз, муаммоларини ўрганимиз. Агар бола балоғат даврида бўлса, унга мутахассислар кўмагида зарурий маслаҳатлар берилади, ёрдамлар кўрсатилади. Шунингдек, ота-она томонидан юборилган маблағлар бола учун сарфланяптими, ўз вақтида таълим оляптими, дам олиш ҳуқуқлари таъминланганми, мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганми”.

Ўзбекистонда замонавий миграция 2000 йиллардан ривожлана борди. Аввалига барча бу жараёнлар вақтинчалик, ўткинчи чора, кейинроқ ҳаммаси ўз изига тушиб кетади, деб ишонганди. Лекин, афсуски, бу доимий глобал муаммога айланди, қарийб барча оилага кириб борди ва оилавий қадриятларга, тарбияга-да рахна сола бошлади.

Ҳар бир муҳожир уйда камида иккита ва кўпинча турли ёшдаги болалар қолади. Бу миллионлаб ота-она меҳрисиз ўсаётган болалар дегани. Улар энг керакли пайтда ота-оналарининг эркалашларини, меҳрини яқиндан ҳис қилмайди, туймайди. Ҳозирга келиб, болаларнинг бутун бир авлоди ота-оналари томонидан эмас, балки қариндошлари ва баъзан ҳатто болага бегона одамлар томонидан тарбияланлигини тасаввур қилиш қўрқинчли.

Нилуфар ТОЖИБОЕВА, психолог:

“7 ёшгача бўлган болалар учун ота-она энг муҳим, асосий одам. Дунёқарашни улар орқали шакллантиради. 12 ёшгача бола онаси билан ўзини бир бутун ҳис қилади. 16 ёшгача эса бола ўз ўрнини шакллантиради. Ана энди ота-онасидан узоқда ўсаётган бола ким ёки нимадан узоқда эканини тасаввур қилаверинг. Боланинг “бутун дунёси” ундан узоқда. Хўш, шундай вазиятда ўзи учун керак бўлган муҳим нарсаларни кимдан олади?

Бола бундай шароитда “мен ҳеч кимга керак эмасман” деган жароҳат билан ўсиши мумкин. Бундай болалар ёки қўрқоқ, ўзига ишонмайдиган, ўзига паст баҳо берадиган, тортинчоқлик бўлиб улғаяди ёки ўта худбин, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган, ўзгаларга доим ўзининг зўр эканини кўрсатиб қўйишга ҳаракат қиладиган агрессив шахс бўлиб ўсади. Энди бугун жамиятга бир назар ташлаб, 20 йиллар олдин бошланган миграциянинг таъсирини одамларда сезиш мумкин…”

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, меҳнат муҳожирлари оилаларидаги болаларнинг 75 фоиздан ортиғи отаси ёки онаси ёнида бўлмагани сабабли психологик стрессни бошдан кечиради. Ўсмирлар кўпинча тушкунлик сабаб ғам-ташвишга берилади. Уларнинг кўпчилигининг хатти-ҳаракати изоляция ва тажовузкорлик билан ажралиб туради.

“Агрессия, айниқса, ўғил болалар орасида кенг тарқалган, эҳтимол улар йўқ оталар ролини ўз зиммаларига олишга мажбур бўлганлари сабабли, улар итоаткорлик камроқ бўлади”, дейилади тадқиқотда.

Ҳа, миграциянинг сизу биз пайқамайдиган, бироқ ўта муҳим ижтимоий-руҳий муаммолари етарлича. Ана шундай шароитда муҳожир ота-оналар фарзандлари билан мулоқотни қай тарзда йўлга қўйиш керак? Васийликка олган шахслар-чи?

Нилуфар ТОЖИБОЕВА, психолог:

“Биринчи навбатда доимий мулоқот. Ҳар куни қўнғироқ қилиб (видеоалоқа орқали, масалан) у билан бирга дарс қилиш, суҳбатлашиш, фикрларини тинглаш керак. Бола ота-онасининг ҳеч бўлмаганда руҳан бирга эканини ҳис этиши керак. Васий ёки ҳомийларда бу сал нозик ва мураккаброқ кечади. Яъни бировнинг боласи деб, ўта қаттиқ эъзозлаш, кўнглига қарашда меъёрни ушлаши, чегараларни ҳис қилиши, вақтида эркалаб, рағбатлантириб, вақтида тергашни билиши керак. Ва ёки бировнинг омонати, деб тарбияда қаттиққўлликнинг ошириб юбормаслик ҳам талаб этилади. Ота-онаси соғинчи билан яшаётган болага ҳар қандай ортиқча танбеҳ ёки қаттиққўллик керагидан зиёд таъсир кўрсатини инобатга олиш керак…”

Америкалик таниқли ихтирочи, дунёга машҳур автобренд асосчиси Генри ФОРД “Менинг энг яхши дўстим – мендаги энг яхши ҳислатларни очган, кашф қилган кишидир”, деган эди.

Болалик, нари борса, 16-18 йил давом этадиган қисқа муддат. Ана шундай муҳим паллаларда сиз, яъни фарзандлари бор дўстим, акам, укам, опам, синглим, қаерда бўлишингиздан қатъий назар, болалаларингизнинг энг яхши жиҳатларни очган инсон бўлинг. Умид қиламизки, бугун айтилган фикрлар, мутахассислар маслаҳатлари сизга, албатта азқатади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация