Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга хорижий инвесторлар ва юқори малакали мутахассисларнинг мамлакатга киришини соддалаштиришга буйруқ берди.
Бу ҳақдаги кўрсатма президентнинг 26 май куни “Деловая Россия” ташкилоти аъзолари билан учрашуви якунлари бўйича берилган.
Ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси 1 августга қадар Россия Федерациясининг миграция қонунчилигини таҳлил қилиши ва бундай хорижий фуқароларнинг кириши, бўлиши ва меҳнат фаолияти учун мавжуд тўсиқларни аниқлаши лозим.
Бундай таҳлилдан сўнг ҳукумат қонунчиликка виза бериш ва ишлаш учун рухсатномалар олиш тартибини соддалаштирувчи ўзгартиришлар киритиши керак.
29 июнь куни Путин Россия компаниялари “яхшироқ ишлай олишларини аллақачон исботлаган ва исботламоқда” деди. У “мамлакат улар билан фахрланиши мумкин ва нафақат Россияда, балки бутун дунёда тан олинадиган” Россиянинг ўз савдо белгиларига эга бўлиши учун уларни оммалаштириш йўлида ёрдам беришга чақирди.
16 июн куни Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида президент тадбиркорлар Россия бизнесини ривожлантиришга сармоя киритишга эътибор қаратишлари кераклигини, шу ҳолдагина пуллар ишончли жойда бўлишини айтди. Путин, шунингдек, Россияда маблағ ишлаб топилиб, кейин хорижий ҳисобларга қўйилаётган ҳолатни қабул қилиб бўлмайдиган, деб атади.
2023 йил май ойи охирида БКФ банки таҳлилий бўлими раҳбари Максим Осадчий Россияни тарк этган хорижий инвесторлар ўз бизнесларини сотиш орқали бир йилда 36 миллиард долларга яқин маблағни олиб кетишганини маълум қилди.