Россия шаҳарларидаги жоме масжидларида жума намозидан сўнг полиция рейдлар уюштириб, фуқароларни мажбуран ҳарбий рўйхатга қўймоқда. Навбатдаги рейд Курган шаҳри жоме масжидида ўтказилди. Намозхонлар масжиддан чиқиш эшикларининг фақат биттаси очиқ қолдирилганидан норози бўлишган. Уларнинг кўпчилиги ишга кеч қолаётганини айтгани полиция ходимларига қўполлик бўлиб кўринди.
Полиция етти кишини ҳарбий хизмат учун рўйхатдан ўтмаганликда айблаб, уларга ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози берди. Шунингдек, яна бир муҳожир Россия бўлиш режимини бузган деб топилди.
— Полиция хорижлик фуқаронинг Россия ҳудудида бўлиш режимини бузганлиги фактини аниқлади. У қўшимча тергов ўтказиш учун Курган ИИБга олиб кетилди”, — деб хабар берган ИИВнинг Курган вилояти бўйича матбуот хизмати.
Қоидабузар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Муҳожирларга қарши курашга православ дини арбоблари ҳам аралашмоқда. Курган ва Белозерск митрополити Даниил вилоят ҳокимиятини чет эллик мутахассисларни олиб киришни чеклашга чақирди.
– Миллатлараро тинчлик ва тотувлик муҳити доимо ҳукм сураётган тинч минтақамизда хавотирли тенденция кузатилмоқда. Қўшни давлатлардан келаётган фуқаролар нафақат бизнинг урф-одатларимизни ҳурмат қилмайди, балки ёшларимизни гиёҳванд моддаларга илинтириб, бизни эртанги кунимиздан маҳрум қилади, дейилади черков вакилининг маҳаллий ҳокимиятга йўллаган мактубида.
Митрополит чет эл фуқароларини Россия фуқаролари ўртасида иш ҳақи ва ишсизликнинг пасайишига олиб келадиган, шунингдек, ижтимоий, миллий ёки диний можароларга олиб келадиган жойларда ишга олишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Айтганча, шунга ўхшаш қарорлар аллақачон Калининград ва Калуга вилоятларида қабул қилинган.
Краснодар шаҳрида ҳам 8 сентябр куни жума намозидан сўнг маҳаллий ОМОН масжидга рейд ўтказди. Тожикистонлик муҳожирлардан бири полициячилар масжид эшикларини ёпиб, намозхонларнинг ҳужжатларини текшираётгани акс этган видеони юборган.
“Биз намозга келганларнинг ҳаммасини текширдик. Россия паспорти эгалари алоҳида рўйхатга киритилиб, уларга икки кундан кейин ҳарбий комиссариатга келиш шарти қўйилди. ОМОН ходимлари Россия Федерациясида вақтинчалик пропискага эга шахсларнинг ҳужжатларини суратга олган. Ҳужжатлари билан муаммога дуч келган муҳожирлар эса полиция бўлимига олиб кетилган”, – дейди тожикистонлик муҳожир.
Верхняя Пишма шаҳрида (Свердловск вилояти) полиция ва ФСБ ходимлари масжиддаги рейд пайтида ҳарбий хизматга чақирув қоғозларини топширган. Бу ҳақда вилоят ИИБ бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи, полковник Валерий Горелих маълум қилган.
“Рейд давомида яқинда Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатдан ўтишга шошилмаётган шахсларга 33 та чақирув қоғози топширди. Энди улар буни имкон қадар тезроқ қилишга мажбур бўлишади, – дейди полковник Горелих.