Мақола

1 549 04/09/2023

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги якшанба кунги разведка маълумотларида Россия ички норозиликларга дуч келмаслик учун Украинадаги “махсус операцияси” учун хорижликларни сафарбар қилишга уринаётганини айтади. Хабарларга кўра, Россияда Марказий Осиёдан камида 6 миллион муҳожир бор.

Британия разведкаси 2023 йил июнь ойи охиридан бошлаб Россия қўшни давлатлар фуқароларини Украинада жанг қилишга чақирувчи эълонларни жойлаштирганини маълум қилган.

“Арманистон ва Қозоғистонда 495000 рубл (5140 доллар) дастлабки тўлов ва 190000 рублдан (1973 доллар) маошлар таклиф қилинган онлайн эълонлар пайдо бўлди. Қозоғистоннинг шимолий минтақаси — Қўстанайда этник рус аҳолисини ёллашга уринишлар бўлган”, — дейилади Британия разведкаси хабарида.
Янгиланган маълумотларда айтилишича, Россия 2023 йил май ойидан бери Марказий Осиёдан муҳожирларни Украинада жанг қилиш учун ўз аскарлари сафига қўшишга ҳаракат қилмоқда. Россия уларга тезлаштирилган фуқаролик ва 4160 долларгача маош ваъда қилган.

“Маълумотларга кўра, Мариуполдаги қурилиш ишлари билан шуғулланаётган ўзбек муҳожирлари етиб келиши билан паспортларини олиб қўйиб, Россия армиясига қўшилишга мажбур этилган. Россияда камида олти миллион марказий осиёлик муҳожир бор, уларни Кремл потенциал ёлланма аскар деб билади», дейилади хабарда.
Хабарларга кўра, Россия 2024 йилги президентлик сайловлари олдидан мамлакат ичида номақбул фикрлар пайдо бўлмаслиги учун хорижликларни ёллашга уринмоқда.

“Россия, 2024 йилги президентлик сайловлари олдидан халққа ёқмайдиган ички сафарбарлик чораларидан қочмоқчи. Чет эл фуқароларидан фойдаланиш Кремлга йўқотишлар ортиб бораётган шароитда уруш ҳаракатлари учун қўшимча аскарлар олиш имконини беради”, — дейди Британия разведкаси.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация