Халқимизда «кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деган мақол бор. Лекин баъзан айрим миллатдошларимизнинг «ҳассаларини бир неча марта ҳам йўқотаётгани»га гувоҳ бўляпмиз.
Кун кеча ВВС ўзининг YouTube каналида Сербияга қишлоқ хўжалик ишлари учун борган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тўғрисида кўрсатуви эълон қилинди. Мухбир номини айтишни истамаган икки ўзбекистонлик билан суҳбатлашган.
Айтилишича, улар Германиянинг Mamminger Konserven SRB фирмаси, Ўзбекистонда GET VISA ва Agro Staff ишга ёллаш агентликлари томонидан олиб кетилган. Муҳожирнинг сўзларига кўра, уларни Сербияга олиб кетишларидан олдин шароитлар ҳақида ёлғон гапирилган. Кетиш учун 1200 доллар тўлаганини гапирган муҳожир, ўзбекистонликларнинг ўта оғир шароитда яшаётганини айтади. Иссиқ сувнинг йўқлиги туфайли касалликларнинг кўпайгани, бериладиган овқатнинг сифатсизлиги, тўймасликдан кўпчиликнинг озиб кетгани ҳақида сўзлаб берган. Бунинг устига немис, серб ва ўзбеклардан бўлган бошқарувчиларнинг ҳақорат билан ёмон муомаласи кўпчиликнинг нафратига сабаб бўлмоқда.
Иш шароитлари ҳақида гапирган муҳожир,уларга дастлаб соатига 3 евродан ҳақ тўлаш ваъда қилингани, бироқ иш ҳақи серб динорида ва келишилганидан анча кам берилаётганини айтиб ўтган. “Кунига 11-13 соат ишланади, сал тўхтаса, жарима солинади”, дейди у.
Устига-устак барча муҳожирларнинг паспорти қонунга хилоф равишда олиб қўйилган. “Йўлкирага пул йиғсам, бу ердан кетаман”, дейди қийин аҳволда қолган муҳожир.
“Ўзбекистонда биз келишган шартнома билан буёққа келгандан кейин имзолаган шартномамиз ўртасида кўп фарқ бор”, дейди муҳожир. “Ўзбекистондаги вакилларга телефон қилиб муаммоларни айтсак, “чёрний”га тиқиб қўяди, гаплашмайди”, деб қўшимча қилади Сербиядаги ўзбек муҳожири.
Иккинчи бўлиб сўз олган ўзбекистонлик муҳожирнинг ҳам ҳасратидан тутун чиқади.
Иккинчи суҳбатдош ҳам Сербияга айни компания Mamminger Konserven SRB орқали кетган. Сербия далаларида олти ой ишлаб ватанига қайтган. У сафарга кетказган 1800 долларини олти ойда қоплай олмаганини айтади.
Бу ишчи мавсум вақтли якун топгани учун уларга озиқ-овқат берилиши тўхтатилгани ва мардикор бозорида иш топишга мажбур бўлганини айтган. Далада ишлаган пайтларида серб ва ўзбекистонлик раҳбарлари зуғум ва таҳдидлар қилганини даъво қилади.
Шуни ҳам айтиш лозимки, Сербияга келаётган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бу ерда озгина ишлаб Европа Иттифоқига ўтиб кетишни ният қилишади. Сербия ЕИ аъзоси эмас, шунинг учун Европа давлатларига эркин ўтишнинг иложи йўқ.
Сербиядаги “Mamminger Konserven SRB” компаниясининг суҳбатдошлар тилга олган ижрочи директори – Наталия Секуларач. Ўзбекистонда эса улар “Get Visa” ва “AgrostaffRS” фирмалари орқали виза олганлар. Би-би-си билан ёзишмаларида Аҳрор Бозоров шу икки фирманинг таъсичси ва асосчиларидан бири эканини тасдиқлади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги деб номланадиган вазирлик қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов бу фирмалар ҳақида саволларга қуйидагича жавоб йўллади:
Аммо, Бозоров “Get Visa” ҳануз ишлаб турганини айтган.
“Ҳа, ўтган йилги фаолиятимизда ҳам фақат виза хизматларини кўрсатганмиз. Лекин ҳудди шу йилдагидек бир неча кишининг шикояти сабаб бизга текширув чиқарилди ва компания хорижга чиққанларга фақатгина виза тайёрлашда ёрдам берганини исботлай олмади. Шикоятчиларни, инсон фактори доим ҳар жойда бўлишини биз ҳисобга олмаганмиз. Натижада катта жарима қўйилди ва биз жаримани тўладик. Компания ҳозирда фаолият олиб боради ва фақат виза хизматларини кўрсатади.”
Би-би-сининг паспортлар олиб қўйилиши борасидаги саволларига Бозоров ва Секуларач қуйидагича жавоб йўлладилар:
Бозоров: “Ишчилар иш жойига етиб борганларида иш берувчи паспортларини регистрация қилиш учун ишлатишини айтган. Бундан ташқари истаганлар учун офисда сақлаш ячейкаси – сейф алоҳида ажратилган. У ерда кўпчилик уз хоҳиши билан хоҳлаган қимматбаҳо буюмларини сақлашлари мумкин, баъзилар паспортларини ва праваларини бериб қўйишади. Компания маъмурияти хеч қандай мажбурлаш ёки паспортни тортиб олиб қўйилишига йўл қўймаган ва қўймайди ҳам. Серблар жуда тўғри халқ.”
Секуларач: “Уларнинг паспортлари регистрация учун олинади. Биз паспортларни ҳужжатлар билан бирга маҳаллий полиция идорасига олиб бориб, бизнинг адресимизга рўйхатдан ўтказишимиз керак. Ундан кейинги босқич – миграция полицияси, у эрда уларга ID рақамлар оламиз. Улар Туркияга, Россияга ёки ватанига сафар қилишлари мумкин. Бу каби визага бошқа давлатлар ёпиқ. Туркияга сафар қилолмаяпман деганлари нотўғри. Кеча ўзим далада ишлай олмаган бир кишига Туркияга кетиши учун ҳатто чипта олиб бердим.”
Би-би-си ундан “Паспортлар регистрация учунгина эмас, бутун мавсум давомида олиб қўйилар экан-ку”, деб қайта сўраганида, Секуларач хоним жавоб бермади.
Секуларач ва Бозоров ишчилар арз қилаётган жарималар ҳақида ҳам жавоб йўллашди:
AgrostaffRS ишчиларга нотўғри ваъдалар берилганини рад этади.
Секуларач: “Ишчилар режага кирган бўлса, ва ишга бормаса, вақтида офисга келиб планни ўзгартиришни сўрашмаса, соат 11 да уйғониб норози бўлишса, “ортиқча жарималар” қўлланади. Бу одамлар учун кунлик харажатимиз бор. Биз кунда солиқ, суғурта, овқат, ётоқхона учун пул тўлаймиз. Бу харажатларимиз уларнинг маошларидан баланд.”
Бозоров: “Жарималарга келсак, аввало ҳеч қандай жарималар режа қилинган эмас. Компанияга кўра бу ҳолат 6 киши томонидан бошқаларни ноқонуний ишларга жалб қилиш бошланганида ишлаб чиқилган. Сабаби 6 киши ва уларнинг бир неча кишидан таркиб топган гуруҳи 2-4 кун мобайнида кетма-кет кўчадаги ноқонуний ишларга чиқа бошлаган, лекин компания ётоқхонаси, души, овқатларидан фойдаланган.”
Ҳам Секуларач, ҳам Бозоров далада ишлаш визаси билан келган ўзбекистонликларнинг бошқа давлатга ёки бошқа ишга ўтиб олиш мақсадлари ҳақида ҳам фикр билдирдилар.
Энди мақоланинг бошидаги “кўрнинг ҳассаси”га қайтсак.
Ўзбекистонликларнинг Сербиядаги “ғаройиб саргузаштлари” биринчи марта бўлаётгани йўқ. Бир йил олдин, 2022 йилнинг августида муҳожирларимизнинг Сербияга бориб, оч-наҳор, оғир шароитларда бодринг тергани, ҳақини ололмай қайтиб келгани ҳақида катта шов-шувлар бўлган эди. Шундан сўнг ҳам юзлаб ҳамюртларимизнинг ёлғон ваъдаларга ишониб мусофир юртга кетаётганлари, ажабланарли ҳол.
Фирибгарларнинг қўлига тушмасликни истаган иш қидираётган муҳожирларга бир нечта эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади:
Қисқаси, ўзингизни алдашга йўл қўйманг!