Мақола

1 108 02/10/2022

2013 йил. Новосибирск.

– Оятуллоҳ, уканг қани болам?

– Ишга кетувди, дада.

Одатда ўғилларим мендан бирор нарсани яширса гапирганда охирги сўзи жуда секин чиқарди.

– Ҳмм, ишда дегин, яна нима бўлди?

– «Железнодорожний» районни мелисахонасига кетди, битта рус хотиннинг оёғини машинаси қорда сирғалиб туртиб юборган экан, шунга терговга қатнаяпти.

– Ҳмм, бир ой уйга кетганимдаям жим юрмайсанлар-а.

Мелисахонага бордим, у ерда йўқ, телефони ўчиқ. Яхши, Зиёвиддинда терговчининг телефони бор экан.

Қўнғироқ қилдим, темир йўл вокзали «Линейний» полиция биносига боришимни тушунтирди.

Ҳайрон бўлдим, «Линейний» полиция фақат темир йўлларга тегишли худудни назорат қилади, нега ўғлимни ишини бу бўлим кўряпти?

Терговчининг хонасига кирдим, ўғлим қўй оғзидан чўп олмагандай мўлтирашни “ёқиб” олиб ўтирибди.

Терговчи билан гаплашишни бошладим:

– Мен шу боланинг отасиман, ўғлим нима билан айбланяпти?

Терговчи ҳам ўзича оқсуяк “ақллини” ёқиб, рўпарасидаги “қора гастер”ни назарга илмагандай энсасини қотириб ўзича тушунтира кетди:

– Русчани тушунасанми? Агар тушунмасанг таржимон чақираман, ўғлинг оғир жиноят қилган, бир аёлни ногирон бўлишига сабабчи бўлган, аёл жуда ўткир экан, ўғлингни қамайдиган бўлсак камида 7 йилга қамалади.

– Мен русчани биламан, аммо таржимон орқали гаплашишга хуқуқим бор, чунки тергов ишидаги айрим терминларни тушунмаслигим мумкин, марҳамат қилиб таржимон чақиришинг мумкин.

– Яхши, ҳозир билайчи, таржимонимиз шу ердамикан.

Терговчи қандайдир Федя деганига телефон қилиб, бўлимга келишини буюрди.

Федя келгунга қадар ўғлимга очилган иш билан танишиш учун «дело»ни варақлай бошладим.

Ҳаммасига тушундим, аммо охиригача сабр қилишга аҳд қилдим.

– Келдингми Федя, «давай» ўтир, мана бу «зёма»ларинга таржимонлик қиласан.

– «Понел», началникжон.?

Ия ? бу таржимон тушмагур ўзимиздан-ку ?. Эгнига сариқ жилет кийган кўча тозаловчи ” таржимон” хўжандлик йигит экан.

– Сиз таржимонмисиз ука?

– Ҳа энди, землякларни сўзларини терговчига, терговчини сўзларини землякларга таржима қилиб турамизда энди.

– Яхши-ку, таржимонликка сертификатингиз ҳам бўлса керак-а, укажон?

«Зёма» тушунмади, аксинча асаби чиқиб:

– Қанақа сертификат акажон, хотиржам бўлинг, мен сиз тараф акажон, «иследивителам» зўр бола, муроса қилса бўлади акажон.

– Жаноб терговчи, бу сизни «мужик» одам деяпти, балки анави оёқсиз қолган жабридийда билан кўришиб аризасини қайтариб олишга келишармиз?

– Йўқ, йўқ, тергов тугамагунча хавфсизликни назарда тутган холда кўриштириш мумкин эмас. Мен билан гаплашавер.

– Хўш, мўлжалда қандай келишсак бўлади.

Терговчи телефонига 20.000$ ёзувини ёзиб аста кўрсатиб:

– Шу билан ҳал бўлади, – деди.

– Ҳа яхши, демак “без лоха жизнь плохо” тўғрими?

– Тушунмадим, нима бу «дерзость».

– Биринчидан, ЙТҲ Кировский районда бўлган, аёлни манзили эса Дзерженский районда, ўғлимни рўйхатдан ўтган манзили ҳам Дзерженскийда, тўғрими?

– Ну, давом этавер.

– Иккинчидан, сен ўтирган идора темир йўл линейний полициянинг идораси, железнодорожний район полиция идораси эса чорраҳадан бир километр нарида. Тўғрими?

– Ну, продолжай давай, – терговчининг асаби ва кўзлари ўйнашни бошлаган ҳолати менга мотивация бера бошлади.

– Учинчидан, манави ёзган ишларинг «филкина грамота» дейилади, таржимон эса сени бу «лохотрон» ишларингда «подделнигинг»дир.

Энди мен ҳозир бу ердаги холатни Ўзбекистон консуллигига хабар бераман ва у ГУВД билан боғланиб оперларни олиб келади ва бу ишлар албатта Россия ташқи ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида бўлади.

– Ты чего гониш, кого ты пугаеш, ўғлинг жиноят қилган, ему надо отвечат придется, – терговчи ҳаяжонга тушиб, паст келгиси келмасди.

Мен эса ғолиблардай босиқлик билан алжирашини кузатиб ўтирибман.

– Гапириб бўлдингми? Энди менга қулоқ сол, манавини «дубль гис» дейишади, – дея телефонимдаги “Дубль гис” дастурини очдим ва Новосибирскдаги Ўзбекистон консуллиги манзили ва телефон рақамини топиб кўрсатиб, консулнинг қабулхонаси рақамига телефон қила бошладим.

Ҳаракатимни кузатиб турган терговчи:

– Бўлди керакмас, анави аёлни ўзим ҳал қиламан, сен ўғлингни олиб кетавер, сен ютдинг, – дея таслим бўлди. Русларни шу одати ёқади, енгилса мағлубиятни дарров тан олади.

– Бир нарса сўрасам майлими, – дея синиқ оҳангда сўради терговчи.

– Сўрашга харакат қилиб кўрчи, – дедим энсамни қотириб.

– Бу ерда, яъни Новосибирскда нима иш қиласан?

– Сенга нисбатан иш қўзғатаман, – дедимда калитимдаги брелок шаклидаги диктофонни кўрсатдим.

Ранги оқ бўлсаям баттар оқариб кетган терговчи:

– Балки келишармиз братан, – деди ялинганнамо. – Айб мен аҳмоқда, битта хотиннинг гапига кирганим менинг аҳмоқлигим, шартингни айт.

– Ўғилларим бомбилалик (таксистлик) билан шуғулланишади, асосан вокзалга келган землякларимни кутиб олишади, (бошқа шаҳарларда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар Новосибирскгача поездда келиб кейин Новосибирскдан автобусда Ватанга қайтишади).

Ўзинг биласан, землякларимни кўпларида регистрация муддати тугаган бўлади, мободо вокзалдаги қароқчи полицияларингни қўлига тушиб қолса ўғилларим сенга қўнғироқ қилишади ва сен уларни вокзалдаги қароқчиларинг қўлидан жаримасиз олиб чиқиб берасан, тамом.

– Қўлимдан келганича ёрдам қиламан, эркакча сўзим, фақат анави записларни ўчириб юбор.

– Мен ҳам эркакман, аммо запис эсталик бўлиб ўзимда тура – турсин. Саломат бўл. Танишганимдан хурсандман.

Мелисахонадан чиқишимиз билан Оятуллоҳ:

– Ёмон қилдингиз-а дада, – дея сўйлоқ тишларини кўрсатиб кулди.

– Сал бўлмаса 2 «пачка» кўкига еб куяй дебсиз-ку, «шустрийжон», энди нима қилсангиз ҳам ўртангизга тушмайман, юз марта айтдим, видеорегистраторга чип қўйинг деб, боринг тезда чип қўйинг энди.

Шундай қилиб темир йўл вокзали земляклар учун хавфсиз худудга айланди.

Владимир Максимович (терговчининг исми) эса берган ваъдасида туриб, ярим тунда бўлсаям «кришалик» қилиб, ўзини оқлади.

Қисқаси, шантажчи аёл ва терговчи владимирвойларни ўйинлари “емади” ?

Ҳой Россияга ишлаш учун кетаётган укаларим!

Ишлашга кетишдан аввал рус тилини ва ўз хуқуқларингни вақт топиб, ўрганинглар.

Ўзингизни ҳимоя қилишни билмасангиз, Қозоғистондан бошлаб аферисту машенникларга қул бўлиб қайтишингиз ҳам шундай бўлиши мумкин.

Ору – номусингизни арзимас рублларга алмаштириб муте бўлиб хорлангандан кўра, озроқ бўлса ҳам ўз Ватанингизда ҳалол ишлаб ота – онангиз бағрида бўлганингиз яхшироқдир.

Россияда дарахтни бир тепсангиз пул тўкиладиган даврлар ортда қолди. Ҳозирги Россия 10 йил аввалги Россия эмас. Ҳозирги ркслару фирибгарлар ўзбек миллати Марказий Осиё бўйича Россияда энг ҳимоясиз миллат эканлигини билиб бўлди. Диаспора ҳимоя қилади деб хомтама бўлманглар, диаспора ташкилотчиларининг кўплари нафсига сотилган хоиндирлар.

Муҳаммад ИКРОМ

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация