Мақола

878 01/01/2023

Мусофирчиликда касбимиз сабабли ҳар хил одамларни кўрамиз, турфа тақдирларни  эшитамиз. Одатдагидек янги олган ишимиз, яъни бир хоналик уйнинг ички таъмирлаш ишларни бошлагандик. Эски девор ва полни бузиб, тахталарни майдалаб халталарга солдик.

— Мен пастга тушиб атрофни тозалаш ишлари билан шуғулланувчи одамни топиб келай,  савдомиз келишса шу қопларни ахлат ташланадиган қутига олиб бориб ташланг дейман, — шеригим шундай дея пастга тушиб кетди.

Уй эгаси бу уйни яқинда сотиб олган экан, бира тўла янгидан таъмирлатиб кейин кўчиб кирмоқчи. Аввалги эгаси анжомларини олиб кетишда кўп нарсаларини ташлаб кетган. Эски мебеллар, идиш товоқлар ва бир уюм китоб. Шеригим келгунча китобларни бир-бир кўздан кечирдим, ҳаммаси қизиқарли китоблар, қани имкон бўлса, ташламасдан олиб қололсанг. Гоҳ унисини, гоҳ бунисини ажратиб оламан. Эшик очилиб шеригимга эргашиб бир киши кириб келди, ёши элликлар атрофида.

— Ассалому алайкум, — дея кўришишга қўлини узатди-ю, икки кўзи китобларда. Юзлари ёришиб кетгалнидан сездим, менга ўхшаган китоб жиннисилиги аниқ.

— Валайкум ассалом ака, — дедим қўлини қисиб кўришиб.

— Бу китоблар ҳам чиқиндихонага кетадими?— деди, қалин китобдан биттасини қўлига олиб.

— Ҳаммаси чиқиндига, — дея жавоб бердим.

— Сиз ҳам китобчими? Иккита китобсевар бир бўлдингизлар энди, кечгача ўтирсаларингиз керак китобга тикилиб, — кулди шеригим, келингизлар битта-битта кофе ичайликчи, у ёғи бир гап бўлар. Стол атрофида ўтириб анча суҳбатлашдик.

Руслар “двроник” дейдиган ишда ишлайдиган акамиз олий маълумотли экан.

Она тили ва адабиёт фанидан ўқитувчилик қилиб бир неча йил қишлоғимиздаги мактабда ишладим дейди.

— Нимага ҳозир ишламаяпсиз? — сўрадим мен.

— Мажбур бўлдим ишдан кетишга, ҳозирги вақтда баъзи ота-оналарнинг олдида ўқитувчининг хурмати йўқ.

Ўқитувчиларга паст назар билан қарашади кўпчилик, мактаблардаги буйруқбозликлар ҳам бунга асосий сабаблардан бири. Мен ишлаб юрган вақтларда йиға-йиғ кўп эди, металлом тўпла, ремонтга пул тўпла, обунага пул йиғ, китоб ижарасига пул йиғ, синф пардасига пул йиғ ва ҳоказо. Янаям сабаб кўп бунга, иш ҳақимиз пастлиги ҳам, ўқитувчиларнинг ишдан ташқари мардикор ишлаб юришлари ҳам ҳалқ ичида бизларни хурматимизни пасайтирган бўлиши мумкин. Ота-она ўқитувчини хурмат қилмадими, уларнинг фарзандидан хурмат кутиш бефойда.

Ўз касбимни яхши кўрардим, йигирма йил ишладим. Кўпчилик ўқувчиларим ҳам мени яхши кўришарди. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганидек, ҳулқи оғир ўқувчилар ҳам учраб турарди. Ўн биринчи синфда ўқийдиган бир бола дарсга кеч келди бир куни. Нимага кеч қолиши сабабини сўрагандим,  синфдошлари олдида ўзини кўрсатиб қўйгиси келдими, “носга бориб келдим, сиз ҳам чекасизми? Мана олинг” дея чўнтагидан нос қовоқ чиқарди. Очиқча устимдан кулаяпти. Ёнига бориб юзига бир шапалоқ урдим. Ана шундан кейин ғавғолар бошланди. Ота-онаси келиб роса олиб-бориб олиб-келишди мени. Қишлоқнинг пулдор оилаларидан бири бўлганлиги учун ҳеч ким уларга ҳеч нарса дея олишмади, аксинча мен айбдор бўлиб чиқдим. Бу биринчи зарба эди. Бунақа асаб бузишлар қанча бўларди ўхўўў… Ҳар  сафар бизлар айбдор бўлиб чиқамиз.

Орадан кўп вақт ўтмай туриб, юқори синф ўқувчиларидан бўлган бир йигит билан қизни синфхонада қучоқлашиб турган ҳолатида тасодифан кириб қолдим. Дарслар тугаб кетган,  ҳамма уйига кетиб бўлган вақт эди. Камига ўн олти ёшли йигитча қўлида сигарет ҳам бор.

— Бу нима қилиқ? Уялмасдан нима қилиб ўтирибсизлар бу жойда? — дедим уларга. Йигит қўрқиб ўзини четга олди.

— Илм олинадиган даргоҳни ҳам расво қилди сенларга ўхшаган бехаёлар!

— Агар бу гап шу жойдан ташқарига чиқса, ўқитувчим мени шунга мажбур қилди, деб хат қолдираман, кейин уйга бориб ўзимни осаман, — деди қиз кўзларини лўқ қилиб.

Баданим бижирлаб кетди, бутун танам товонимгача музлади ўзиям. Тилим бир сўз айтишга айланмай қолди.

— Йўқол икковинг ҳам, — дея олдим ҳалос.

Икки ўт ўртасида қолдим, устоз бўлиб туриб ўқувчиларимга сўзим ўтмаса, бунақа беодобликларига ҳеч нарса дея олмасам. Нимадир десам бошим баттар балога қолса. Неччи кундир уйқуларимда ҳаловат бўлмади, ҳалиги қиз чиндан ҳам ўзини бир нима қилиб қўйсачи, ростан хат ёзиб кетсачи, дея ўйланавериб миям ғовлаб кетди.

Ўқувчиларингнинг ножўя қилиқларини кўриб уларни жазоласанг ҳам бошинг балога қолади,  индамай кўз юмиб кетсанг аввало виждон азоби қийнайди, кейин шу ўқувчилардан бири бирор жойда ишкал қилса яна ўқитувчи айбдор. Хаттоки ўқувчиларимиз ёзги таътилга чиқиб кетган вақтида бир иш қилиб қўйишса ҳам биз гуноҳкор ҳисобланамиз. Бу қизнинг қилиғи иккинчи оғир зарба бўлди менга. Кейин ойлик маош камлиги ҳам рўзғор тебратишга етмади.

Э, борее, деб ишдан бўшаб, Москвага келиб юбордим, беш йилдан бери шу жойда кўча тозалаш ишларида ишлайман. Иш ҳақи яхши, ватан соғинчи, оила ва қариндошлар соғинчи демаса ҳаммаси яхши.

— Ўқитувчилик қилган дамларингизни соғинасизми? — дея сўрадим.

— Жудаям соғинаман, баъзи вақтларда эртагаёқ ватанга учаман, мактабга ишга кираман бориб, дея хаёлларга бериламан. Мактабимиз директори кўп чақиради, келинг сиз яхши мутахассиссиз, иш ўрни ажратаман сизга дейди. Аммо ижтимоий тармоқларда кўзим тушиб қолади, ўқитувчилар билан бўлаётган можароларни кўриб қоламан. Фикримдан қайтаман,  бунақа шароитда ишлашга қўрқаман.

— Дарров чекинибсизда, сизни илмингиздан қанча бола фойдаланиши мумкин эди, — дедим.

— Дарровмас, йигирма йил ишладим, охири чекиндим, тўғриси қўрқоқроқ одамман, асабларим ғавғоларга дош бермайди. Кейин кўрган нарсамни кўрмадим, эшитган нарсамни эшитмадим, деб жим ишлаб юравериш ҳам қўлимдан келмайди.

Бахтиёр Турсун

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация