Мақола

632 31/05/2023

2022 йилда 10 420 нафар россиялик АҚШ фуқаролигини олган. 10 йил давомидаги бу рекорд кўрсаткич ўтган йилларда берилган аризаларни кўриб чиқишнинг кечикиши натижасида шаклланган.

Бу ҳақда “Ведомости” Давлат департаменти ва АҚШ Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати маълумотларига асосланган Second Wind консалтинг компанияси маълумотларига таяниб ёзмоқда.

Худди шу маълумотларга кўра, россияликлар ўтган йили 97 та инвестиция визасини олган бўлса, 2021 йилда 9 та ва 2020 йилда 36 та олинган. Бундан ташқари, россияликлар “лотерея визалари” бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади: 2022 йилда 9 811 нафар россияликка грин-кард чиққан, шундан Давлат департаменти лотереясида 2 642 та яшаш учун рухсатномаси ютиб олинган. Умуман олганда, Россия фуқаролари йил давомида 4654 та иммиграцион ва 42770 та ноиммиграцион АҚШ визалари олган. 2022 йилда Россия фуқаролари учун туристик визалар сони (Б1 ва Б2 тури) 33 600 тани, рад этиш даражаси эса 26,18% ни ташкил этган.

Paragon Advice Group ҳамкори Александр Захаровнинг сўзларига кўра, АҚШ фуқаролиги ва инвестиция визаларининг ўсиши 2017-2019-йилларда топширилган аризаларни кўриб чиқишнинг кечиктирилган самарасидир. Фуқароликни олиш муддати грин-кардни олгандан кейин камида беш йил, инвестиция визаси бўлса – бир йилдан тўрт йилгача, деб тушунтиради Захаров. Унинг қўшимча қилишича, Америка хизматлари Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси” ва Россияда қисман сафарбарлик бошланганидан кейин Қўшма Штатларга келган русларга, ҳатто чегарани ноқонуний кесиб ўтганларга нисбатан юмшоқ сиёсат юргизмоқда.

МДҲнинг бошқа давлатлари фуқаролари учун визани рад этиш фоизи юқорироқ: Арманистон фуқаролари учун – 37,8%, Қозоғистон – 44%, Ўзбекистон – 47%, Тожикистон – 58%, Қирғизистон – 37,85%. Умуман олганда, 2022 йилда Қўшма Штатларда чет элликларга турли хил визалар бериш сезиларли даражада ўсди: иммиграцион бўлмаган визалар (шу жумладан сайёҳлик, бизнес ва талабалар учун) – бир йил олдингига нисбатан 2,5 баравар кўп (6,8 миллион кўпроқ). 1 миллиондан ортиқ хорижликлар грин-кард олган.

Россия ФА ИМЭМО институти  қошидаги Шимолий Америка тадқиқотлари маркази раҳбари Виктория Журавлеванинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Барак Обама давридаги юмшоқроқ сиёсатни қайтаришга ҳаракат қилмоқда, бу эса қониқтирилган аризалар сонининг кўпайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.  Гарчи ариза берувчилар сони Кариб ҳавзаси ва ЕИ инвесторларидан кам бўлса-да инвестицион виза дастури ( EB-5) сўнгги 10 йил ичида Россия фуқароларини қизиқтирмоқда, деган  LCP Group консалтинг компанияси вице-президенти Денис Карасев. 2022 йилда  EB-5 дастури бўйича АҚШга иммиграция сўровлари сони 4-5 баробарга ошган, дея қўшимча қилган у.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация