Мақола

703 18/08/2023

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги қарори асосида амалга оширилаётган божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш доирасида халқаро аэропортларда янги “масофавий божхона назорати” тизими жорий этилади. У халқаро рейсларга жўнайдиган йўловчилар учун махсус ажратилган жойларда визуал назорат орқали ишлайди.

Ушбу янгиланиш билан икки йўлакли (яшил ва қизил) божхона назорати тизими бекор қилинади. Янги “масофавий божхона назорати” тизими хавфларни таҳлил қилиш ва масофавий визуал назорат тамойилларига асосланган.

Йўловчи ташиш иштирокчилари учун халқаро аэропортлардан жўнаб кетишда махсус божхона рўйхатга олиш пункти ажратилади. Мазкур пункт йўловчиларнинг умумий ҳаракатига таъсир қилмайди ва жисмоний шахсларга божхона декларациясини тақдим этиш ва божхона қонунчилиги бўйича тушунтиришлар олиш имкониятини беради.

Божхона расмийлаштируви пунктларининг жойлашуви давлат, рус ва инглиз тилларида “Божхона”, “Таможня” ва “Customs” ёзувлари бўлган махсус график белгилар билан белгиланиб, йўловчилар учун тушунарли ва қулай тизим яратилади.

Масофавий божхона назорати қандай ишлайди?

“Тошкент-Аэро” ихтисослашган божхона комплекси бўлим бошлиғи Акмал Эшоновга кўра, янги амалиёт махсус ажратилган жойлар орқали хавфни бошқариш тизими билан йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун аэропорт заллари мослаштириб бўлинган.

“[Энди халқаро аэропортларининг учиб кетиш йўналишида] Йўловчиларимизга божхона хизмати ходимлари “кўринмайди”. Йўловчида декларациялаш керак бўлган товар бўладиган бўлса, улар шундагина махсус ажратилган [божхона декларациялаш] жойига бориб, расмийлаштириб, яна ҳаракатида давом этаверади. Агар декларация қилинадиган товарлар мавжуд бўлмаса, йўловчилар божхона хизмати ходимларига умуман юзланмайди. Божхона хизмати ходимлари ҳам уларни ортиқча безовта қилиб, вақтини олмайди”, – дейди у.

Жараённи содда қилиб тушунтирсак, белгиланган меъёрдан кўп товар ёки валюта бойликларига эга йўловчилар рейс учун рўйхатдан ўтганидан сўнг махсус ташкил этилган божхона декларациялаш бурчагига бориб, юкларини расмийлаштиришади.

Божхоначилар фақат меъёрдан кўпроқ товар-моддий бойликлари, валютага эга фуқаролар билан суҳбатлашади ва юкларини тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказишига ёрдам беради.

“Бу жараён амалда 5 ёки 10 дақиқани олиши мумкин. Йўловчи биздан декларацияни олиб кетади, махсус маълумотлар жойига бориб, уни тўлдириб келади ва бизга тақдим этади. Биз маълумотларни шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар билан текшириб оламиз, валюта маблағлари ёки товар-моддий бойликларни текшириб оламиз. Шундан сўнг улар йўлларида давом этиши мумкин бўлади”, – дейди божхона инспектори, божхона хизмати лейтенанти Мухлиса Турдиева.

Қайд этилишича, янги тизим давлат назорат органларининг такрорланувчи назорат шаклларини қисқартириш, назорат зоналаридан ортиқча вақт сарфламасдан ўтиш имконини беради.

“Масофавий божхона назорати” ҳозирча халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида ишламоқда. Қўниш залларидаги икки йўлакли тизими ҳали бекор қилингани йўқ.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация