Maqola

1,029 23/05/2022

Ўзбек аёллари ўртасида меҳнат миграцияси – халқимиз учун мутлақо бегона ҳолат. Бунақаси олдинлари кузатилмас, аёл ҳатто бегона кўзлардан сақланар эди. Kun.uz сайти аёлларнинг чет элга ишлашга кетиши борасидаги саволлар билан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари – қайта тузилган вилоят Хотин-қизлар бошқармалари бошлиқларига юзланган. Қуйида ушбу мақола билан танишишингиз мумкин.

Водийнинг уч вилоятидаги ҳолат билан танишадиган бўлсак, Андижоннинг 48 минг, Фарғонанинг 30 минг ва Наманганнинг 11 минг аёли миграцияда.

Ваҳоланки, аёл – янги зурриёд тарбиячиси. Аксарият ҳолларда улар ўз фарзандларини қариндошларига ташлаб кетишган. Ота тарбиясини кўрмай ўсаётган болалар муаммоси ёнига онасининг бевосита меҳр-эътиборидан айро мурғаклар муаммоси ҳам қўшиляпти.

Сабаблар эса, аниқки, иқтисодий асосларга эга. Ишсизлик ва иқтисодий муаммолар оилалардаги муҳитга таъсир қилмай қолмаяпти. Биз бу борада водий аҳолиси ўртасида ижтимоий сўров ҳам ўтказдик. Андижон, Фарғона ва Наманган шаҳри кўчаларида юқоридаги саволларни аҳоли вакилларига берганимизда одамларнинг жавоблари деярли бир-бирига яқин бўлди.

Унга кўра, аёлларимиз аввало оиладаги етишмовчилик, фарзандлар учун шароит яратиш, муносиб иш ўрни йўқлиги, турмуш ўртоғининг рўзғор юкини хотинига ташлаб қўйгани сабаб чет элга йўл олади.

Хўш, қайта ташкил этилган Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий раҳбарлари бу борада қандай фикрда? Аёллар миграцияси бўйича саволларимизга Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари – ҳудудий Оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари Гулнора Абдуллаева, Камила Кавланова ва Динара Якубова жавоб беришди.

Масъулларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:

— Вилоят хотин-қизларининг чет элга чиқиб кетишининг асосий сабаблари нимада?

— Хорижда ишлаётган аёлларнинг оилавий аҳволи мониторинг қилиб бориладими? Уларнинг болалари кимнинг қарамоғида қолади, тарбияси ва таълимига ким жавобгарлиги ҳақида аниқ маълумотлар шакллантириладими?

— Четда бир неча йил ишлаб келган аёл вилоятга қайтса, унинг шу ерда иш топишига ёрдам бериш учун бирор механизм ишлаб чиқилганми?

— Қишлоқ ҳудудларда аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш учун қандай лойиҳалар бор? Бор бўлса, бундай лойиҳалар бирор натижа беряптими ёки йўқми?

— Туман-шаҳарларда йиллар давомида ўтказиб келинаётган бўш иш ўринлари ярмаркаларининг самараси бўлганми ёки йўқ? Унинг ўрнига қандай лойиҳа таклиф қилган бўлар эдингиз?

— Нега аёлларга берилаётган имтиёзли кредитлар ўзини оқламаяпти?

— Ўзбек аёли қанча маош олса ва қандай шароитда яшаса, чет элга кетмайди?

— Бугунги кунда таклиф этилаётган иш ўрнида нега аёлларимиз ишлашни хоҳламайди?

Масъуллар нуқтаи назари билан видеокўрсатувимиз орқали танишишингиз мумкин.

Таъкидлашни истардикки, аёллар бандлигини таъминлаш масаласи ортида миллат келажаги – фарзандлар тақдири ётибди, десак муболаға бўлмайди. Миграция ва яна кўплаб ижтимоий муаммолар ечими эса адолатли сиёсат ва инклюзив иқтисодий ўсишни тақозо қилади.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya