Мақола

1 038 05/06/2023

Россия колониясида “Вагнер” томонидан ёлланган йигит Бахмут яқинида ҳалок бўлди.

Марказий осиёликлар Россия Украинада олиб бораётган урушда ҳалок бўлишда давом этмоқда. Журналистлар урушда қурбон бўлган яна бир одамни аниқлашди: бу Қирғизистон фуқароси, Ўш вилоятида туғилган Аян Алишеров. Унинг онаси Рахат Абдибалиева ўғлининг Бахмут яқинида ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Аян 29 ёшда эди, у Рахатнинг тўнғич ўғли эди: улар Москвада бирга яшаб, умумий овқатланиш соҳасида ишлаган. Тўрт йил аввал Аян талончиликда айбланиб, етти йилга колонияга жўнатилган. У бу муддатнинг ярмидан кўпини хизмат ўтаб бўлганидан сўнг “Вагнер” ХҲК томонидан фронтга ёлланган.

Аяннинг онаси Migrant.media лойиҳаси журналистларига ўғлининг ўлими ҳақида январ ойида хабар топганини айтган. Унинг фикрича, ўғли алдаб урушга жалб қилинган.

“19 январ куни ишда бўлганимда номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўғлимнинг ўлими ҳақида хабар берди, – дейди у.– Ўшанда ҳеч нарсага тушунмадим ва яна сўрадим: “Ўғлим, қанақасига? Украинада ўлганми? У қамоқда-ку!”

Қўнғироқ қилган одам: “Ўғлингиз Украинада портлаш натижасида вафот этди”, деди.

“Эрталаб соат 5 да туриб, ишга кетдим. Ўшанда қор ёғаётган эди. Мен доимо уруш ҳақидаги хабарларни тинглардим. Бироқ ўғлимнинг фронтга кетганини билмасдим, – дейди Рахат, – Ёнимдагиларга бечора аскарлар шундай совуқда музлаб қолишса керак, деб айтганимни эслайман, лекин маълум бўлишича, ўша пайтда ўғлим ҳам шулар қаторида бўлган экан…”

Онасига Аян 2022 йил ноябр ойида Бахмут яқинидаги жангларда ҳалок бўлганини айтишган. Бахмут учун жанглар шиддатли кечди: Россия маҳбуслар ва ёлланма аскарларни штурм қуроли сифатида ишлатди.

“Вагнер” вакиллари, онасининг сўзларига кўра, Аян жанговар зонада бўлганидан тахминан бир ой ўтгач ҳалок бўлганини айтишган.

“Улар менга ўғлим ўз ихтиёри билан жангга борганини айтишди, жуда қўпол гапиришди, – дейди Рахат Абдибалиева.

“Вагнер” ПМC вакиллари Рахатга ўғлининг ўлими ҳақидаги ҳужжатларни олиш учун келишни, шунингдек, унинг жасадини олиб кетишни таклиф қилишган.

Рахатга ўғлининг жасадидан ташқари 100 минг рубл (1200 доллардан сал кўпроқ) бериб, бу тобутни Қирғизистонга етказиш учун пул эканлигини айтишган.

“Менга бу пул керак эмас эди, аксинча, ўшанда урушга жўнатишларини айтишганида, уйни сотардим, пул берган бўлардим, ўғлим урушга жўнатилмаса эди”, дейди бечора она.

Рахатнинг айтишича, Аян Россияда судланганидан кейин ўғли Қирғизистонда жазони ўташни давом эттириши учун ўз ватанига экстрадиция қилишга ҳаракат қилган. Лекин у буни уддалай олмаган. Шунингдек, унинг айтишича, Аяннинг яқинлари ҳар ҳафта унинг қабрини зиёрат қилиб, руҳига фотиҳа қилишига қарамай, унинг Украинадаги урушда ҳалок бўлганига ҳалигача ишонишмайди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация