Мақола

147 14/02/2024

Россияда муҳожирлар муҳаббат мавзусида ҳам кўп алданиб қолишади. Фойдали маълумотларимиз қаторини бугун Россияда мигрантлар учрайдиган муҳаббат ёлғонлари билан тўлдирамиз.

Танишув сайтлари аллақачон урфга кирган. Айрим муҳожирлар ҳам танишув сайтларидан фойдаланишади. Афсуски, танишув ва муҳаббат бобидаги фирибгарликлар ҳам мигрантларни айланиб ўтмайди. Улар қандай фирибгарликлар?

Фейк дэйтинг – ёлғон учрашувлар

Танишув сайтида мигрантлар қизлар билан ёзишишни бошлайди. Ундан кейин суҳбат ватсап ёки телеграмда давом этади. Суҳбат давомида қизлар ресторанга таклиф қилади. Ҳисобни ўртада, тенг қилиб бирга тўлаймиз, дейди. Лекин ресторанга борганда учрашувга келган қиз банк картаси ишламаётганини ёки пули машинада қолиб кетганини баҳона қилиб, кейин ўтказиб беришини, ҳозирча мигрант тўлаб туришини сўрайди. Тушуниб турганингиздек, кейинроқ ҳеч ким пул ўтказиб бермайди. Ҳисоб жуда катта бўлади. Учрашувдан қизлар одатда эртароқ ҳожатхона ёки чекиб келиш баҳонаси билан кетиб юборади, натижада учрашув ҳам, пул ҳам йўққа чиқади.

Бизнинг тажрибамизда шундай учрашувга чиқиб, 400 рубллик сок ва 700 рубллик салат учун 36 минг рубл тўлаган муҳожирлар бор.

 Калтакланиш

Учрашувга бориб, калтак еб келиш ҳам мумкин. Одатда телеграм, интернет сайтларида маромида кетаётган танишув суҳбатлари учрашув белгиланиши билан янги поғонага чиқади. Афсуски бу поғона никоҳ эмас, қаттиқ калтакланиш билан тугайди. Алдаб учрашувга чақирилган мигрантлар учрашув белгиланган жойга келишганида боплаб “пўстаги қоқилади”. Учрашув қаерга белгилангани умуман аҳамиятсиз – квартирага, паркка, кинотеатрга. Ҳар ерда учрашувга чақирувчи тараф панада яшириниб турган шериклари билан бўлади. Яқинда Калуга шаҳрида 10 дан зиёд мигрантлар учрашувга чиқиб, ўсмир йигитлар тарафидан калтакланган.

Шантаж

Яна бир энг аянчли турдаги фирибгарлик учрашувлари вояга етмаганлар билан боғлиқ. Мигрант танишиб, суҳбатлашиб турган қизни вояга етган ёки танишишига ота-онаси қарши эмас, деб ўйлайди. Аммо учрашувга келганидан кейин қаердандир қизнинг “ҳимоячи”лари пайдо бўлиб, унинг вояга етмаганини ва энди мигрант жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтиб, шантаж қила бошлайди. Кўпинча бундай шантажлар узоқ муддат давомида ариза ёзмаслик эвазига пул талаб қилиб бориш билан давом этади. Баъзида эса интернетда сазойи қилиш ёки ҳақиқатдан полицияга ариза ёзиб, вояга етмаган қизга тегажоғлик қилишда айблаш билан якун топади.

Яна қандай “муҳаббат ёлғонлари” билан юзлашгансиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Зарнигор Омонуллаева

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация