Мақола

866 01/03/2023

Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар қандай ишлайди?

Йўловчилар аэропортнинг учиб кетиш залидан ўтаётганларида божхона ходимларига деярли дуч келишмайди. Аммо бу уларнинг багажлари божхона назоратидан ўтказилмайди, дегани эмас. Шунчаки, бу назоратни йўловчиларнинг ўзлари сезишмайди.

Яқин йилларгача Тошкент халқаро аэропортида учиб келган ёки кетаётган йўловчилар соатлаб қолиб кетишарди: қўлида чиптаси билан аэропортга кирган йўловчи то самолётга чиқиб ўтиргунча бир нечта назорат босқичларидан ўтар, бу уларнинг ҳам вақтини олар, ҳам асабини чарчатарди.

Бугун эса вазият бироз бошқача. Аэропорт ҳар қандай мамлакатнинг дарвозаси ҳисобланади: кимдир кириб келади, кимдир чиқиб кетади. Бу жараёнда хавфсизликни таъминлаш жуда муҳим. Айниқса, йўловчилар тақиқланган товарларни олиб чиқиб кетмаслиги ёки олиб кирмаслигини назорат қилиш божхона ходимларидан алоҳида масъулиятни талаб қилади.

Тошкент халқаро аэропорти орқали кунига қарийб 11,5 минг нафар йўловчи келиб-кетади. 2022 йил давомида аэропортда 29 606 та халқаро авиарейсда 4 164 451 нафар йўловчи ташилган. Албатта, уларнинг ҳар бирини тўхтатиб, багажини бирма-бир кўрикдан ўтказиш имконсиз. Хўш, унда божхоначилар бунча йўловчининг юкини қандай назорат қилади?

Даставвал учиб кетиш ҳақида тўхталсак. Дунёнинг кўплаб аэропортларида йўлга қўйилган масофавий божхона назорати тизими 2022 йилнинг июль ойидан Тошкент халқаро аэропортида ҳам жорий қилинганди. Яъни учиб кетиш залида йўловчилар божхона ходимларини деярли кўришмайди. Бу учиб кетиш олдидан йўловчилар ўтиши керак бўлган бир нечта назорат босқичларининг бир халқаси узилди, дегани.

Учиб кетиш залида божхона ходимларига кўзингиз тушмайди. Бошида йўловчилар ҳам ҳайрон қолишган, уларда божхонадан ўтмаймизми, деган саволлар пайдо бўлган. Дунё амалиётида, энг гавжум халқаро аэропортларда бу тизим кенг қўлланади. Божхонадан ўтаётганини йўловчининг ўзи пайқамайди. Яъни содда қилиб айтганда божхоначисиз божхона назорати ҳисобланади.

2022 йилда илк бор Самарқанд халқаро аэропортида масофавий божхона назорати тизими йўлга қўйилди. Ва бу амалиёт Тошкент халқаро аэропортида, шунингдек, республикадаги қолган халқаро аэропортларда ҳам учиб кетиш йўналишида босқичма-босқич жорий қилинмоқда.

Йўловчининг қўл юки ва багажи текширилмаса, божхонадан назоратдан ўтмаса, қандай қилиб хавфсизлик таъминланади, деган савол туғилади. Аслида йўловчи қўл юки ва багажи билан божхона назорати доирасида ҳаракатланар экан, аслида у божхона назоратидан ўтаётган бўлади. Фақат буни ўзи пайқамайди. Бунинг барчаси ақлли технологиялар ҳисобига амалга оширилади”, — дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев.

Учиб келган йўловчилар ва уларнинг багажини назоратдан ўтказиш ҳам олдингидай соатлаб давом этадиган жараён эмас: дунёнинг қайсидир бурчагидан Тошкент халқаро аэропорти томон кўтарилган самолёт ҳавода пайтидаёқ ундаги йўловчилар ва уларнинг юки ҳақидаги тўлиқ маълумотлар электрон тарзда ташкил этилган “Мониторинг маркази”га етиб келади. Ушбу марказда йўловчиларга доир барча маълумотлар улар аэропортга келгунларига қадар таҳлил қилинади. Шу тариқа, хавф гуруҳига мансуб йўловчилар аниқлаб олинади ҳамда текширувдан ўтказилади. Бир рейсдан фақатгина 2-3 фоиз йўловчи мақсадли текширилади.

“Toshkent-AERO” ихтисослашган божхона комплексининг божхона назорати ва расмийлаштиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи Акмал Эшоновнинг таъкидлашича, 2022 йил масофавий божхона назорати тизими ишга тушгач, “Мониторинг маркази” ташкил қилинган:

Ҳар бир учиб келаётган ёки учиб кетаётган йўловчилар ҳақидаги маълумот турли авиакомпаниялар томонидан божхона органига тақдим қилинади. Бунда битта рейс бўйича учиб келаётган йўловчиларнинг сони, уларнинг багажлари тўғрисидаги маълумотлар божхона органига рейс учиб келишидан камида 2 соат олдин берилиши керак.

Мазкур маълумотлар “Мониторинг маркази”да таҳлил қилинади. Олдин битта рейсда келган йўловчиларнинг 50-60 фоизи божхона назоратидан ўтказилган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 5-6 фоизни ташкил этади. Яъни хавф тизими томонидан берилган топшириққа мувофиқ йўловчиларнинг маълум бир қисмигина божхона назоратидан ўтказилади”.

Йўловчиларнинг багажлари махсус жойда сканер қурилмаси орқали текширилади. Буни йўловчилар сезмайди ҳам. Фақат сканер жараёнида бирор сумкада тақиқланган буюмлар борлиги шубҳа остига олинса, унга махсус қизил лента боғлаб юборилади. Уларни эса божхона ходимлари багаж эгаси гувоҳлигидан божхона кўригидан ўтказади.

Умуман олганда, яқин тарихда Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар соатлаб навбатларда туришган. Бугунги кунда МДҲ давлатларидан учиб келган йўловчилар 25-35 дақиқада, тижорат рейсларида учиб келган йўловчилар эса 40 дақиқадан бир ярим соатгача бўлган вақт оралиғида аэропортни тарк этишмоқда. Бу халқаро авиарейслар ва йўловчилар сони йилдан йилга ортиб бораётган аэропортда амалга оширилаётган ўзгаришлар самарасидир.

Манба: «Кун.уз».

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация