Мақола

421 19/06/2023

ЕТТИ ЎЙЛАБ БИР “КЛАСС” БОС

Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Дилфуза Акмал қизи. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда ва қисқа шаклда айтиб берамиз.

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Интернетда диний маърузага «класс» босган аёлга ҳукм ўқилди
  2. Тошкент ва Грозний ўртасида парвозлар йўлга қўйилиши эълон қилинди
  3. Кушербаев мигрантларни “доставка” билан шуғулланмасликка чақирди
  4. Ўзбекистон Буюк Британиядаги меҳнат мигрантлари сони бўйича етакчилар қаторига кирди
  5. Қозоғистонда икки ўзбекистонлик қулликда тутиб турилгани аниқланди
  6. Қирғизистонда МДҲ давлатларида қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш тизими ишга туширилди
  7. АҚШ, Канада ва Польшага ишга юборишни иддао қилган фирибгарлар қўлга олинди

Интернетда диний маърузага «класс» босган аёлга ҳукм ўқилди

Маълум бўлишича, судланувчи аёл 2015-2019 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида қарияларга қаровчи бўлиб ишлаган.

2018 йилда “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғида профиль очган ҳамда ўзбекзабон шахснинг “бенамозлик” ҳақидаги 5 дақиқалик видеомаърузасига “класс” белгисини босган.

Аёл уйига қайтганидан 4 йил вақт ўтиб, 2023 йил 15 феврал куни ИИБ ходимлари уни Хатирчи тумани ИИБга қарашли милиция таянч пунктига чақирган. Суд ҳужжатларида аёлнинг мобил қурилмаси ва ижтимоий тармоқлардаги профили “тегишли санкция орқали” кўздан кечирилгани ёзилган. ИИБ ходимлари аёлнинг “Одноклассники” профилини ҳам текширган ва юқоридаги видеога лайк босганини топишган.

Тергов органи аёл мазкур постга “класс” муносабат белгисини босиб, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ўзининг 130 нафар виртуал дўстларига тарқатган, дея квалификация қилган.

Аёлнинг “Моторолла” русумли қўл телефони 2023 йил 15 февраль куни ашёвий далил тариқасида олинган ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига асосан ушбу маъруза диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, шунингдек уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани аниқланган.

Суд ҳужжатларида маълум бўлишича, айбланувчи ушбу ҳаракатни эслай олмаган. Яна бир муҳим жиҳат – аёл ушбу “класс”ни Ўзбекистон ҳудудида эмас, балки Туркияда (Истанбул шаҳри) мигрант сифатида ишлаб юрганида босган.

Аёл судда ўзи “класс” босган постлари виртуал дўстларига тарқалишини билмаганлиги, қачон ва нима сабабдан босганлигини ҳам эслай олмаслигини ҳамда ишидан пушаймонлигини айтган. Бундан ташқари, 57 ёшли нафақахўр аёл соғлиғи яхши эмаслиги, ковиддан сўнг оёқларида суяк емирилиши хасталиги пайдо бўлганлиги, ҳассага суяниб қолганлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Суд енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, айбланувчини “жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкинлиги” ҳақидаги хулосага келган ҳамда 244-1-модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо – 3 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Шу муносабат билан хорижда меҳнат қилиб юрган ҳамюртларимиздан ўзлари билмаган, диний қўмита тақиқлаган рўйхатда бўлган видео ва бошқа материалларга “лайк” ёки “класс” белгиларини босмасликларини илтимос қиламиз. Чунки “ўйланмай қилинган бошга келтирар ташвиш” деганларидек, ҳар босилган лайк ўзингизга қарши жиноий иш бўлиб қайтиши мумкин. 

Тошкент ва Грозний ўртасида парвозларни йўлга қўйилиши эълон қилинди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” 26 июндан Тошкент ва Чеченистон маркази бўлмиш Грозний ўртасида парвозларни йўлга қўяди.

Парвозлар ҳафтасига 2 марта – душанба/сешанба ва пайшанба/жума кунлари амалга оширилади. Авиачипта нархлари қуйидагича бўлади:

  • Тошкент – Грозний 12,200 рублдан.
  • Тошкент – Грозний – Тошкент 19,600 рублдан.

Кушербаев мигрантларни “доставка” билан  шуғулланмасликка чақирди

 Собиқ депутат ва жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ижтимоий тармоқлар орқали Россиядаги мигрантларга мурожаат билан чиқди.

Мурожаатда Россияда сўнгги пайтларда юртдошларимиз ўзлари билиб-билмай наркокурьерликка аралишиб қолишаётгани, туҳматга учраб қамалиб қолишаётгани ва бу масалада ота-оналардан илтимослар бўлаётгани таъкидланган. Кушербаев шуларни ҳисобга олиб, Россия ҳудудида такси ҳайдовчиси сифатида ишлаб келувчиларни нарса ташиш (доставка), почта етказиб бериш билан шуғулланмасликка чақирган. (видеоси қўйилади)

Ўзбекистон Буюк Британиядаги меҳнат мигрантлари сони бўйича етакчилар қаторига кирди

Британиянинг иш жойидаги қонунни  суиистеъмол қилишга қарши бошқармаси Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари билан Буюк Британияга келаётган ишчилар ҳимоясини кучайтириш бўйича муҳим келишувларни имзолади.

2022 йилда мавсумий меҳнат визаси дастури бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ишчиларига 6000 дан ортиқ визалар берилди, бу ўша йилдаги барча ишчиларнинг деярли тўртдан бир қисмини ташкил этади.

Бу йил Марказий Осиёдан янада кўпроқ одамлар келиши кутилмоқда. Имзоловчи томонлар ишга қабул қилиш жараёнида ҳам иш берувчи мамлакат, ҳам Буюк Британия қоидалари доирасида иш олиб боришини ва ўз ишчиларини эксплуатация қилиш хавфи остида қолмаслигини таъминлаш учун биргаликда ишлайди.

Ҳужжат, шунингдек, томонларни қирғиз ва ўзбек ишчиларининг Буюк Британияда қонуний ишлаётган вақтларида ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга мажбур қилади.

Ўзбекистон мавсумий ишчилар сони бўйича ўтган йили Украинадан кейин иккинчи, Қирғизистон эса рўйхатда тўртинчи ўринни эгаллади. Келишувларни имзолаган GLАА Стратегия бўйича бош директори Дэррил Диксон шундай деди: “Биз 2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистондан Буюк Британияга келаётган мавсумий ишчилар сони кескин ошганини кўрдик ва бизнинг ўрганиш маълумотларимизга кўра, бу рақам кейинги бир неча йил ичида кўтарилишда давом этади».

«Заиф ишчиларни ҳимоя қилиш учун мавжуд бўлган ташкилот сифатида биз схемага кирган ҳар бир киши Буюк Британия фермер хўжаликларида ижобий тажрибага эга бўлиб кетишини ва уларнинг меҳнати учун эксплуатация қилинмаслигини таъминлашга интиламиз», деди Диксон.

Қозоғистонда икки ўзбекистонлик қулликда тутиб турилгани аниқланди

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида икки нафар ўзбекистонлик фуқаронинг меҳнатидан фойдаланиб, қулликда тутиб турилганлиги аниқланди. Олмаота вилояти полиция бошқармаси маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар уч йилдан ортиқ вақт давомида ҳибсда бўлишган.

10 июн куни Олмаота вилояти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг икки фуқаросини меҳнат эксплуатацияси мақсадида ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш факти аниқланган.

Аниқланишича, 3 йил давомида гумон қилинувчи фуқаро 1986 йилда туғилган А. жабрланувчиларни Қорасой тумани ҳудудида сақлаган”, — дейилади хабарда. Мазкур факт бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддаси 3-қисми 2-банди (ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноий иш қўзғатилган.

Гумонланувчи тергов изоляторига жойлаштирилган. Айни вақтда, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ёнида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 22 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам аниқланган.

Қирғизистонда МДҲ давлатларида қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш тизими ишга туширилди

Ички ишлар вазирлигининг хабарига кўра, 2 июндан Қирғизистон ҳудудида МДҲ мамлакатларида давлатлараро қидирувга берилган шахсларни аниқлаш тизими ишга туширилган. Қидирувдаги жиноятчиларнинг маълумотлари таниб олиш тизимига юкланган. Масалан, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари давлатлараро қидирувда бўлган 85 мингдан ортиқ одам ҳақида маълумот берган.

Атиги ўн кун ичида МДҲ давлатларида давлатлараро қидирувда бўлган 57 нафар шахс ташқи видеокузатув камералари ёрдамида аниқлангани маълум қилинди. Фуқаролар маълумотлар базалари билан текширилиб, рўйхатга олинди. Улардан тўрт нафари қўлга олинган. Қўлга олинганлар орасида Россия ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Улар МДҲ давлатларида турли жиноятларни содир этганлик, жумладан, ўғирлик, фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш, талончилик, товламачилик, одам ўғирлаш, ҳалокатли бахтсиз ҳодисалар, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби жиноятларни содир этганликда айбланиб, давлатлараро қидирувга берилган эди. Уларнинг баъзилари саккиз-тўққиз йилдан буён қидирувда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Сўл қаршилик» жиноий ишида айбланувчи Алена Крилованинг ҳибсга олингани маълум бўлган эди. Қиз 4 июн куни Бишкек марказида сайр қилиб юрган пайтда қўлга олинган. Россияда унга қарши экстремистик уюшма фаолиятида иштирок этгани учун жиноий иш очилган. Украинадаги урушга норозилик сифатида Екатеринбург яқинидаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйган ҳарбий фаол Алексей Рожков ҳам Қирғизистондан Россияга депортация қилинган.

АҚШ, Канада ва Польшага ишга юборишни иддао қилган фирибгарлар қўлга олинди

Хорижга ишга юборишни иддао қилган айрим ҳамюртларимиз ноқонуний равишда АҚШ, Канада ва Польша ишга юборишни ваъда қилиб жиноят кўчасига кириб қолмоқдалар.  Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё туманида яшовчи шахс танишлари орқали Тайлоқ туманида истиқомат қилувчи икки фуқарони “Ўзбекистон – Испания – Мексика – АҚШ” йўналишида Қўшма Штатларга юбориш эвазига 44 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи шахс Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Канада давлатига ишга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 7,5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари мансабдор танишлари орқали 3 нафар фуқарони Польша давлатига ишлаш учун юбориш эвазига 5100 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бойсун туманида яшовчи шахс Музработ туманида истиқомат қилувчи фуқарони тегишли виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Канада давлатига ишга юбориш эвазига 138 млн. сўм олган вақтида ушланган.

Биз ҳам чет элга ишга бориш истагида бўлган ватандошларимизга турли ваъдалар берувчи шахсларнинг алдовига учмаслик, хорижга ишга бориш учун қонуний йўллардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация