Мақола

451 05/06/2023

МИГРАНТЛАР ҲИСОБИГА ТУҒИЛИШ КЎПАЙДИ

Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Дилфуза Акмал қизи. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда ва қисқа шаклда айтиб беришга ҳаракат қиламан.

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Москвада мигрант ҳужжатларни текшириш вақтида вафот этгани айтилди
  2. Москвадаги мактабда футбол ўйнаётган мигрантлар қўлга олинди
  3. Қирғиз-ўзбек чегарасини ажратган деворлар бузилмоқда
  4. Хабаровск ўлкасида ишчи кучига эҳтиёж ортиб бормоқда
  5. Тожикистондан Россияга миграция тез суръатлар билан ўсиб бормоқда
  6. Екатеринбургнинг Железнодорожний тумани мигрантлар ҳисобига туғилиш бўйича рекордчига айланди
  7. Ноқонуний муҳожирлар Қозоғистондан мажбуран чиқариб юборилди
  8. “Migrant” канали сайти янги доменга кўчди ва оммавий ахборот воситасига айланди

Москвада мигрант ҳужжатларни текшириш вақтида вафот этгани айтилди

Москвада полиция ҳужжатларини текшириш вақтида Марказий Осиёлик мигрант вафот этгани айтилмоқда. У Ўзбекистон фуқароси экан. Mash телеграм канали маълумотларига кўра, эркак қаттиқ асабийлашишни бошдан кечирган, бу эса унинг юраги тўхтаб қолишига сабаб бўлган. ОАВ хабарига кўра, икки ишчи ака-ука Отабек ва Улуғбек иш кунидан сўнг Добролюбова проездидаги қурилиш майдончасида дам олишга ва спиртли ичимликлар ичишга қарор қилган.

Кутилмаганда ҳужжатларни текшириш учун воқеа жойига полиция етиб келган, бироқ ака-укаларда керакли ҳужжатлар бўлмаган. 48 ёшли муҳожир Отабек қандай қилиб ишга киргани ва нега керакли ҳужжатлари йўқлигини  аниқ тушунтира олмаган. Милиция ходимлари билан суҳбат натижасида Отабек соғлиғининг кескин ёмонлашганини сезган.

У тез ёрдам машинасида шифохонага етказилган ва у ерда вафот этган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, фуқаро О.О. соғлиғи ёмонлашгани сабабли Боткина номидаги шаҳар шифохонасига жойлаштирилган. Шифохонада унга тиббий ёрдам кўрсатилган, аммо у вафот этган. Полиция ходимлари томонидан ҳужжатларини текшириш натижасида унинг вафот этгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмаган. 25 май куни унинг жасади Ўзбекистонга қайтарилган.

Москвадаги мактабда футбол ўйнаётган мигрантлар қўлга олинди

Полиция Москвадаги ғарбидаги мактаб яқинидаги футбол майдонини эгаллаб олган бир неча ўнлаб муҳожирни қўлга олган. Мигрантлар болаларнинг тўп ўйнашига тўсқинлик қилгани иддао қилинган.

384-мактаб яқинида хорижликлар футбол ўйнашган. Бир пайт ўқув муассасаси ёнида полициячилар пайдо бўлиб, мигрантларни бўлимга олиб кетишди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳибсга олинишга мигрантлар ва мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал сабаб бўлган: ташриф буюрганлар гўёки болаларни майдонда ўйнашга рухсат бермаган, улар ота-оналарига шикоят қилган.

Воқеа гувоҳларидан бири “360” нашрига полиция ҳибсга олинганларни қандай қилиб автозакларга ўтқазганини кўрганини айтган. Эркаклар ҳақиқатан ҳам мактаб ўқувчиларининг футбол ўйнашига тўсқинлик қилдими, деган саволга маҳаллий фуқаро аниқ жавоб бера олмаган.

“Билмайман, ростини айтсам, кичкина қизчаларим бор ва улар билан бу майдончага бормаймиз. Аммо мен кўпинча бу майдончада кўп сонли муҳожирларни кўрганман», дея қўшимча қилган москвалик.

Унга кўра, ҳибсга олинганлар кўп бўлган. “Ҳақорат ҳақида ҳам ҳеч нарса дея олмайман, чунки биз бу майдончага кирмаймиз. Аммо болалар уларни ҳақорат қилишганини айтгани учун, мен уларга кўпроқ ишонаман, чунки бу Москвадаги биринчи воқеа эмас. Москванинг барча туманларида вазият бир хил. Мен давлат ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қандайдир чоралар кўрилишини истардим ”, – дея хулоса қилган пойтахтлик фуқаро.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода полиция ходимлари муҳожирларни ерга юзтубан ётқизиб қўйгани, уларни ғозга ўхшаб юришга мажбур қилгани, айримларни резина тўқмоқ билан ургани, баъзиларини тепгани кўринади. 

Қирғиз-ўзбек чегарасини ажратган деворлар бузилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон томони Қирғизистон билан чегарадаги деворни бузаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Бу ерда  илгари чегара ўтиш жойларидан бири бўлган эди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати яқинда Жалолобод вилоятидаги Бек-Обод ҳамда Ўш вилоятидаги Қора-Сув ва Қора-Бағиш аҳоли пунктларида учта назорат-ўтказиш пункти очилишини маълум қилган.

Мазкур ўтиш йўллари Ўзбекистон томонидан 2010 йилда бир томонлама ёпилган эди.

«Қирғизистон томони ушбу нуқталардан фуқароларнинг ўтишини тиклашга тўлиқ тайёр, биз Ўзбекистон томонини кутмоқдамиз. Ўтиш жойларини очиш бўйича ҳукумат даражасида келишувга эришилган», — деб хабар берган Чегара хизмати.

Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари чегаранинг умумий участкасини белгилаш бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни маъқуллади. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг хабар қилишича, қўшма демаркация комиссияси йиғилиши якунлари бўйича томонлар икки давлат ўртасидаги давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни маъқуллаган.

Шунингдек, республикалар вакиллари чегаранинг айрим участкаларида биргаликда олиб борилган дала тадқиқотлари натижаларини муҳокама қилишган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги қарийб 1,38 минг км. СССР парчаланганидан сўнг, унда ўнлаб баҳсли ҳудудлар қолган эди.

Томонлар 2017 йилдан бошлаб чегарани демаркация ва делимитация қилиш бўйича фаол иш бошлаган. Ўтган йилнинг кузида икки давлат парламентлари чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки томонлама келишувни ратификация қилган эди. 

Хабаровск ўлкасида ишчи кучига эҳтиёж ортиб бормоқда

30 йил ичида 310 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳудудни тарк этган. Хабаровск ўлкаси Қонунчилик Думасида ташкил қилинган давра суҳбатида айтилишича, сўнги 30 йил ичида 310 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳудудни тарк этган.

Кўпинча ўзлари учун истиқболни кўрмаган мактаб ва университет битирувчилари бу ерлардан кетгандан сўнг қайтиб келмайди. Чунки нарх-наволар минтақадаги даромад даражасига мос келмайди. Сўзга чиққанлар вилоятда ишчи кучига талаб жуда юқори эканлигини таъкидлаган.

Минтақада атиги 4 минг нафар ишсиз расман рўйхатга олинган бўлса-да, бўш иш ўринлари сони 23 мингта. Қурувчилар, шифокорлар, ўқитувчилар, савдо, транспорт, ўрмон хўжалиги ва ишлаб чиқариш саноати ходимларини энг кўп талаб қилинадиган касб эгаларидир.

“Ватандош” ва “Меҳнат ресурслари ҳаракатчанлигини ошириш” дастурлари доирасида вилоятга кадрлар жалб этилмоқда, аммо улар ҳалигача миграция муаммосини ҳал қилгани йўқ. 2022 йилда “Ватандош” дастури доирасида Хабаровск ўлкасига 1486 киши кўчиб ўтган бўлиб, уларга жами 274 миллион рубл миқдорида товон пули тўланган.

РИА Новости маълумотларига кўра, 2022 йил ҳолатига кўра, Хабаровск ўлкасида аҳолининг 28,5 фоизи мамлакатдаги ўртача маошдан, 8,1 фоизи эса икки ўртача маошдан кўп маош олган. Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, Хабаровск ўлкасида 35 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири меҳнат қилади.

Улар асосан кам маошли ёки ўзига жалб қилмайдиган вазифаларда ишлайди. 2022 йилда  Хабаровск ўлкасига Тожикистондан энг кўп муҳожир кўчиб келган.

Тожикистондан Россияд миграция тез суръатлар билан ўсиб бормоқда

Россиядаги вазият ёмонлашганига қарамай, бу давлатга бораётган тожикистонликлар сони ортиб бормоқда. Россия фуқаролигини олганлар сони рекорд даражага етди. Украинадаги уруш туфайли Россиядаги вазиятнинг ёмонлашиши ҳам бу мамлакатга тожикистонликларнинг ташрифи кўпайишига тўсиқ бўлмаяпти.

2022 йилда Тожикистондан Россияга кетган эркак муҳожирлар сони 207 фоизга ошган ва 2013 йилдаги рекорд кўрсаткичга деярли тенглашган. Сўнгги 7 йил ичида Россия фуқаролигини олган тожикистонликлар сони 6,5 баробарга ошди. Шунингдек, аёллар миграцияси ҳам ўсиб бормоқда. Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оила ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, 2022 йилда муҳожир аёллар сони икки баравардан кўпроқ ошиб, 121 минг 162 нафарни ташкил қилган, бу ўтган йилга нисбатан 71 минг 988 нафарга кўпдир. Россиядаги тожик муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоячиси Каримжон Ёровнинг фикрича, улар ишлаш учун боришлари мумкин бўлган давлатни танлаш имконияти чекланган.

“Масалан, бошқа давлатларга бориш учун уларга виза керак, шунинг учун улар Россияга боришга мажбур. Бугун Россия-Украина уруши туфайли нархлар кўтарилганига қарамай, мамлакатда меҳнат муҳожирлари сони камайгани йўқ”, — дейди Ёров.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, “уруш” йили бўлган 2022 йилда Россия паспортини олган Тожикистон фуқаролари сони 60 фоизга ошган. Мутахассисларнинг фикрича, тожикистонликлар Россия фуқаролигини танлашига бу уларга яхшироқ ҳаёт кечириш имконини беради, деб ҳисоблаши сабаб бўлмоқда.

Тожикистон ҳукумати хориждаги меҳнат миграциясини камайтириш бўйича махсус давлат дастурлари ишлаб чиққани ва амалга оширилаётганини айтади.

Уларнинг мақсади фуқароларни мамлакат ичида иш билан таъминлаш, замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашдан иборат. Хусусан, ўтган йили Тожикистоннинг собиқ меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Амонзода “2040 йилгача бўлган даврда самарали бандликни ривожлантириш концепцияси” ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, мамлакат фуқаролари учун 100 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Қайд этилишича, биринчи навбатда ўз ватанига қайтган меҳнат муҳожирлари учун иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

Екатеринбургнинг Железнодорожний тумани мигрантлар ҳисобига туғилиш бўйича рекордчига айланди

Екатеринбургнинг Железнодорожний тумани туғилиш даражаси ўлим даражасидан юқори бўлган ягона ҳудуд бўлди. Туман аҳолиси 2021 йил 1 октябр ҳолатига 162,7 минг кишини ташкил этган бўлса, 2022 йилда аҳоли сони 684 нафарга кўпайди. Железнодорожний тумани маъмурияти раҳбари Виталий Першиннинг сўзларига кўра, муҳожирлар оқими туғилиш даражасига таъсир қилган.

“Муҳожирлар оқими жуда катта. Туғилиш коэффициенти ўлим даражасидан кўп, бу улар туфайли», деган Першин шаҳар думаси маҳаллий ўзини ўзи бошқариш комиссияси йиғилишида. Аввалроқ, Екатеринбург ҳукумати шаҳарда туғилиш даражаси 2025 йилга бориб тикланишини маълум қилганди. Бу ҳақда шаҳар иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Алексей Прядеин брифингда маълум қилган.

Россияда 2023 йил апрел ойида янги туғилган чақалоқлар сони 2022 йил апрелига нисбатан 4,7 фоизга, 2021 йил апрелига нисбатан 14,2 фоизга  камайган. Бу охирги 24 йилдаги энг ёмон натижа. Фақат 1999 йилнинг охирги уч ойи ва 1997 йил ноябр ойларида туғилишлар камроқ қайд этилган. Демографлар 2023 йилда туғилганлар сонининг қисқаришини, биринчи навбатда, туғиш ёшидаги аёллар сонининг 3 фоизга қисқариши билан изоҳлайди.

Ноқонуний муҳожирлар Қозоғистондан мажбуран чиқариб юборилди

 Остона полицияси ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан мажбуран чиқариб юборди – бу уларнинг миграция қонунчилигини биринчи марта бузиши эмас, деб хабар беради Ички ишлар вазирлигининг Polisia.kz расмий медиа портали. Полиция маълумотларига кўра, Остона шаҳри кўчалари ва жамоат жойларида тартибни сақлаш мақсадида тезкор-профилактика тадбири ўтказилган. (видеоси бор)

Тадбир натижасида пойтахт гарнизони ходимлари томонидан аввалроқ Қозоғистондан мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги суд қарори қабул қилнган 60 нафар чет эл фуқароси аниқланган. Масалан, 2022 йилда Қозоғистондан чиқариб юборилган, бироқ мамлакатни тарк этмаган 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди томонидан мамлакатдан мажбурий чиқариб юбориш учун 30 суткага қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари чет элликларга мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги суд қарорини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилишди. Эслатиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг феврал ойида Олмаотада ҳам миграция қонунчилигини бузганларга нисбатан шундай чоралар кўрилган эди. Суд қарорларини эътиборсиз қолдириб Қозоғистонда қолган қоидабузарлар ҳам мажбуран чегарадан чиқариб юборилган.

Ўтган йилдан бери Экибастузда ноқонуний яшаб келаётган 72 ёшли россияликка ҳам Қозоғистонни тарк этиш учун вақт берилган. Энди у мажбуран чиқариб юборилди. Жорий йил бошида Қозоғистон ҳукумати муҳожирларнинг мамлакатга кириши ва бўлиши қоидаларига хорижликларнинг Қозоғистон Республикасида бўлиш муддатини чекловчи ўзгартиришлар киритган эди.

Янги ўзгартиришларга кўра, агар чет эл фуқароси Қозоғистонга виза талаб қилмайдиган тартибда келган бўлса, у ҳолда Қозоғистон Республикаси чегарасини кесиб ўтганидан кейин 30 календар кун ўтиб республикани тарк этиши керак бўлади.

Шу билан бирга, жами 180 календар кунлик ҳар бир даврда Қозоғистонда 90 календар куни бўлишига рухсат этилади. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари учун бўлиш муддати Қозоғистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 90 календар кундан кейин тугайди. Шу билан бирга, улар Қозоғистон Республикасида ҳар 180 кунда 90 кун бўлишлари мумкин бўлади.

“Migrant канали сайти янги доменга кўчди ва оммавий ахборот воситасига айланди

1 июндан бошлаб сайтимиз янги Migrant.uz доменига муваффақиятли ўтди ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Migrant.uz ахборот-хизмат портали томонидан шу кунгача 700 дан ортиқ кўрсатувлар тайёрланган бўлиб, YouTube платформасидаги обуначилари сони 360 мингдан ортган. Биз миграция жараёнлари, мигрантлар ҳуқуқлари, меҳнат миграциясининг имкониятлари ва муаммолари, шунингдек, хориждаги ватандошларимиз ҳаёти ҳақида ишончли маълумот манбаи бўлишга интиламиз. Келажакда сизни янада қизиқарли кўрсатувлар, суриштирувлар ва фойдали маълумотлар кутмоқда.

Сиз ҳам ўз ҳикояларингиз, тажрибаларингиз ва сиз яшаётган ҳудудда мигрантлар учун муҳим бўлган хабарларни каналимизнинг махсус ботига юборишингиз мумкин. Энг фаол мобил мухбирларга пул мукофотлари берилади. 

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация