Мақола

552 29/01/2024

Ассалому алайкум! Хаш-паш дегунча гўё кечагина бошланган 2024 йилнинг биринчи ойи— январь ҳам якунланиб бормоқда. Бу ҳафтда мигрантлар учун эътиборга молик қандай воқеа-ҳодислар рўй берди? Яқин дақиқаларда энг муҳим хабарлар шарҳини сизга мен, журналист Муслим Мирзажонов етказаман!

“1917 йилгача ўзбек ва қозоқ миллат сифатида мавжуд бўлмаган”.

Бу псевдотарихчи, шовинист Михаил Смолин деган нусханинг “Место встречи” ток-шоусида айтган иддаосидан парча. Прилепин деган ахмоқнинг Ўзбекистонни қўшиб олиш керак, деган сўзлари захри тарқамай, пропаганда ахлатлари оқадиган телеканалларнинг бирида энди бу даъво янгради.

Унинг сўзларини тушунмаганлар учун қисқача мазмуни шундай: 1917 йил инқилобидан олдин ўзбеклар ва қозоқлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган. Улар сунъий яратилган.

Гарчанд бу фитнакор даъвони Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова яна соф субъектив фикр, деб изоҳлаган бўлса-да, шовинистик чиқишларнинг тез-тез кузатилаётгани бизни бошқачароқ хулосалар қилишга ундамоқда. Ўша гап: Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.

Кремль коридорларида эшитилган гаплар кўппаклар оғзидан оламга жар солинмоқда гўё.

Ўзбекистон экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг фикрича ҳам “Кремль буйруғи билан рус зиёлилари аста-секин ўз жамиятини Марказий Осиё мамлакатларини забт этишга тайёрламоқда”.

Кушербоев, Ўзбекистон аҳолисини ҳимоя қилиш учун Россия ташвиқоти олиб бориладиган каналларни тақиқлаб қўйиш кераклигини айтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП МК раиси Алишер Қодиров ҳам бундай шовинистик чиқишлардан расмий рус томони ҳам манфаатдор эканини айтади.

“Расмий рус томони шовинистларни ғалати чиқишларини таъкидлашдан нарига ўтмаяпти. Бу уларни бундай риторикадан манфаатдор деган таассурот уйғотади.

Сўнгги вақтларда рус тилида шовинистик баёнотлардан бошқа нарса эшитмаяпмиз…

Бу ҳолатда муносабатлар ўз йўлига, амалий чоралар ҳақида ўйлашимиз керак.

Масалан, 3 фоизга ҳам бормайдиган рус ватандошлар учун таълим ва телевиденияда рус тили номутаносиб даражада кўп! Бу номутаносиблик тузатилиши керак.

Биринчидан, Ўзбекистонда бошланғич таълимни она тилида ўқитилиши бўйича норма қонунга киритилиши мумкин.

Иккинчидан, қозоқ, озар, қирғиз, туркман, турк ва тожик қардошлар билан телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўяйлик.

Фракциянинг яқин мажлисларида бу масалаларни муҳокама қилмоқчимиз”, дейди у.

Таниқли журналист, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа кескин муносабат билдирди ва унга рус тилида жавоб қайтариб, тарихни тузукроқ ўқишга чақирди.

Журналистнинг тўлиқ видеомурожаатини ютубдаги каналимиздан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин. Ушбу видео “Шарлатан “тарихчи” империяшунос билағон Смолинга жавоб & маслак тарихни чуқурроқ ўқинг!” сарлавҳаси билан юкланган.

Албатта бу каби чиқишлар охиргиси эмас ва яна турли масхарабозлар тилидан янграйверади.  Суверен мамлакат, озод юрт фарзанди ўлароқ бу каби жирканч иддаоларнинг асл мақсадини яхши тушунишимиз жуда муҳим. Дўстларга юрагимизни берамиз, душманга эса омонлик йўқ!

Яхши тенденция: Россиядаги меҳнат мигрантларимиз камаймоқда

 Марказий банк шарҳида ёзилишича, 2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон фуқароларига Россияда ишлаш учун берилган патентлар ва рухсатномалар сони 12 фоизга камайган ва 1,2 миллионтани ташкил қилган. 2023 йилнинг биринчи ярмида миграция рўйхатига олинган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам 2,9 миллиондан 1,7 миллионга ёки 43 фоизга камайган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни ижобий тенденцияда деб баҳолади.

“Уч миллион ўзбекистонлик меҳнат мигранти” – бу Кремль пропагандаси томонидан бизни доимий тарда шантаж қилиш учун тўқилган миф. Эндиги вазифа Россиядаги меҳнат мигрантларимиз умумий сонини яқин истиқболда 1 миллиондан камайтириш бўлиши керак. Ва ўзи умуман бундан буён мактабни битираётган ёш ватандошларимизни Россияга ишга бормаслигини таъминлаш, уларга Ватанда иш таклиф этиш ёки инсон ҳуқуқи қадрланадиган мамлакатларга миграцион йўлаклар очиш миллий ғоямизга айланиши зарур”, деди ўз телеграм саҳифасида.

Шунингдек, таҳлилларда Меҳнат миграциясида бошқа мамлакатлардан пул ўтказмалари ҳажми 2023 йилда 14 фоизга ошгани маълум қилинган.

Россияда мигрантларимизнинг камайиб бораётганини сабабларини яхши биласиз. Ойликлар пастлиги ва турли тақиқлар. Россиянинг турли шаҳарларида патент билан ҳам мигрантларнинг ишлаши мумкин эмас.

 Хўш, Россиянинг қайси шаҳарларида мигрантларга ишлаш учун тақиқ қўйилган?

Тақиқлар Калининградская, Калужская, Новосибирская, Тульская, Тюменская, Магаданская ва Челябинская областларида, шунингдек Югра ва Саха республикларида мавжуд. Саха Республикасида (Якутияда) иқтисоднинг 33 соҳасида мигрантларга ишлаш тақиқланган. Улар орасида қишлоқ, ўрмон хўжалиги, қурилиш, савдо, транспорт, йўловчи ташиш, ов, қайта-ишлаш соҳаси, меҳмонхона, кўчмас мулк билан ишлаш, таълим, тиббиёт, ижтимоий хизматларни кўрсатиш, илмий-техник фаолият ва бошқа йўналишлар бор.

Бу ҳақдаги батафсил маълумотни телеграмдаги саҳифамиз орқали билиб олишингиз мумкин.

Тақиқлар оридан Қримда 30 фоиз ҳайдовчилар етишмаяпти

Бу ҳақда “Қрим Республикасининг ташувчилар ва йўловчиларни қўллаб-қувватлаш маркази” автоном нотижорат ташкилоти президенти Владислав Антонов маълум қилган.

Транспорт таркиби деярли 100 фоизга янгиланган бўлса ҳам янги автобус ва троллейбусларда ишлашни хоҳловчилар жуда кам.

Натижада жамоат транспорти қатнови ва шунга мос равишда йўловчилар зарар кўрмоқда.

Амалиёт шуни кўрсатадики, Қрим аҳолиси орасида жамоат транспорти ҳайдовчиси бўлиб ишлашга талабгорлар оз. Меҳнат муҳожирлари эса иш ҳақи юқори ва камроқ муаммолар мавжуд бўлган қурилиш соҳасида ишлашни афзал кўришади.

Қрим троллейбуси ходимларни топишни осонлаштириш мақсадида ҳайдовчиларга ётоқхоналарда жой билан таъминлаш амалиётини қайта тиклашни режалаштирмоқда. 

Калининград вилоятида эса муҳожирлар меҳнат бозорини тарк этмоқда

 2023 йилда Калининград вилоятидан меҳнат муҳожирларининг оммавий кетиши минтақа меҳнат бозори учун муаммоларни келтириб чиқараётгани маълум бўлди.

Минтақанинг муҳожирларга нодўстона муҳити туфайли Калининградда бу жараён айниқса кескинлашди.

“Мигрантлар қурилиш соҳасини оммавий равишда тарк этиб, тозалаш ва умумий овқатланиш тармоқларини ишсиз қолдирмоқда. Иш ҳақини ошириш ҳам муаммони ҳал қилмайди, чунки тадбиркорлар умидсиз вазият туфайли бунга мажбур бўлмоқда”, деб таъкидлайди “Аргументы и факты” газетаси.

Осиёликлар диаспораси вакилларининг айтишича, муҳожирлар илгари ишлаб топган 50-80 минг рублнинг ярмини ватанига жўнатган, аммо “энди улар ўзларини ҳам боқа олмаяпти”.

Вилоят бизнес-омбудсмени Светлана Нижегородова ушбу муаммога изоҳ бериб, ишчи кучи танқислиги вилоят саноатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Россия 2025 йилгача мигрантларни “рақамлаштирмоқчи”

2025 йилгача миграция сиёсатини амалга ошириш бўйича давлат концепцияси олти бўлим ва 42 пунктдан иборат, деб ёзади Коммерсант нашри. Кутилаётган ўзгаришлар орасида Россия олий ўқув юртлари ва коллежларида ўқийдиган хорижлик талабалар сонини ошириш мақсади қўйилган.

Бунинг учун хорижий тил сифатида рус тилини ўрганиш бўйича курс ишлаб чиқилади ва ўқув дастурларига киритилади. Битирувчилар Россияда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи “вид на жительство” (ВНЖ) ҳужжатини енгиллаштирилган тартибда олишлари мумкин бўлади.

Концепция ҳақида батафсилроқ маълумот олмоқчи бўлсангиз, сайтимиз ва ижтимоий тармоқларга юкланган махсус мақолани топиб ўқишни тавсия қиламиз.

Рус ОАВларида мигрантлар жинояти билан боғлиқ хабарлар тез-тез чиқиб туради

Масалан, икки муҳожир криминал “авторитет” буйруғига асосан иккита автомобилларга ўт қўйган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иккита машинани ёқиб юборган икки муҳожирни қўлга олди.

“Марказий Осиё республикаларидан бирининг 30 ва 36 ёшли икки фуқароси мулкни қасддан йўқ қилишда иштирок этган. Ҳар икки гумонланувчи қўлга олинди”, — дейилади Москва яқинидаги Пушкин шаҳри Ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида.

Гумонланувчилар ўз айбларига иқрор бўлган. Жиноят ташкилотчиси Ивантеевка шаҳрида қўлга олинган 45 ёшли криминал “авторитет” бўлиб чиқди. Шунингдек, у ҳужжатсиз мигрантлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганликда айбланмоқда.

«Внуково»да эса аёллар сумкасини ўғирламоқчи бўлган ўзбекистонлик ушланди

Ўзбекистонга учаётган йўловчи Внуковода бировнинг қўл сумкасини ўз юклари ичига солиб қўйган, деб хабар берган Россия ИИВ Марказий федерал округи транспорт бошқармаси матбуот хизмати.

Йўловчи аёл инстроскоп рамкасидан ўтаётганда телефони ва ичидаги шахсий буюмлари бўлган сумкачасини лентада унутиб қўйган. У буни бир неча дақиқадан сўнг билиб, қайтиб келган.

Лекин уни топа олмаган. Зарар 15 000 рублга баҳоланган. Транспорт полицияси кузатув камераларидаги ёзувларни ўрганиб чиқиб, унутилган буюмни қиздан кейин текширилаётган эркак олганини аниқлади.

Ўзбекистонга учишни режалаштирган 51 ёшли эркак аэропортда ушланиб, полиция бўлимига олиб кетилган. Ўғирланган мол-мулк мусодара қилинди. Ўғирлик бўйича жиноий иш қўзғатилган, судланувчи ҳеч қаерга кетмаслик шарти билан озод қилинган.

Шу ўринда ютдошларимизга мурожаат!

Кўчадами, аэропортдами ёки бошқа жойдами бежо ётган нарсаларни олманг! Бу на маънавий, на одоб-ахлоқ ва диний қоидаларга тўғри келади. Арзимаган нарса туфайли айбдор бўлишингиз, ва ҳатто панжара ортига тушишингиз ҳам мумкин. Бу ишлар полиция томонидан уюштириладиган “операция” бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ақлингизни ишлатинг! Қолаверса, Сиз 15 асрда яшамаяпсиз. Ҳамма ёқда кузатув камералари ишламоқда!

Бу Якутияда мигрантларга қарши митинглар бўлиб ўтди

Якутск шаҳрининг Ленин номидаги марказий майдонида ўтган митингга 26 ёшли якутияликнинг вафоти сабаб бўлган. Айтилишича, у Якутск шаҳрида18 ёшли асли тожикистонлик Россия фуқароси билан пичоқвозликдан сўнг вафот этган.

Шаҳар марказий майдонига оқиб келаётган маҳаллий халқни тинчлатиш учун Саха Республикаси ИИВ бошқармаси бошлиқлари келиб, жиноятчи Россия фуқароси эканини ва қўлга олиниб, терговга қадар икки ойлик ҳибсда эканини тушунтирган.

Республика раҳбари Айсен Николаев ҳам одамларга миллатчилик қилмасликларини, нафратдан узоқ бўлишларини, барча айбланувчилар қонун доирасида жавобгарликка торитилишини айтиб мурожаат қилган. Майдонни тарк этмаган митингчилар ноқонуний митингда иштирок этгани учун полиция бўлимларига олиб кетилган. Адоват қўзғаш мақсадида ёлғон маълумот тақатган каналлар юритувчилари ноқонуний митинг ташкиллагани учун жавобгарликка тортилган

Петербургда эса ўзбек автобус ҳайдовчиси пиёдаларни уриб юборди

Хабарга кўра,  воқеа Василевский оролида рўй берган. Автобус йўлнинг қатнов қисмидан чиқиб кетиб, бир нечта пиёдани уриб юборган. Беш киши шифохонада қолмоқда. Деярли ҳамма оғир аҳволда, дейилади Соғлиқни сақлаш қўмитаси хабарида

Ҳайдовчи, 58 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Полиция ҳодисага ҳайдовчининг соғлиғи сабаб бўлиши мумкинлигини айтган. Бироқ айрим видеоларда унинг ухлаб қолгани кўринади.

Санкт-Петербург транспорт қўмитасининг аниқлик киритишича, ишга чиқишдан олдин ҳайдовчи тиббий кўрикдан , автобус эса техник кўрикдан ўтказилган. Ҳайдовчининг соғлиги жойида, машинанинг ҳолати яхши бўлган. Ҳайдовчи 6 йиллик иш стажига эга, автобус парки ҳам унинг ишидан шикоят қилмаган.

7 январдан буён меҳнат шартномаси ёки хизмат шартномаси бўйича мигрантлар МВД бўлимига “Уведомление” (билдиришнома) топширишлари кераклиги ҳақида хабарингиз бор.

“Уведомление”ни патенти бор барча мигрантлар топшириши керак. Ҳаттоки “трудовой договор”сиз ёки хизмат шартномасисиз, бир марталик хизмат кўрсатиб ишлайдиганлар ҳам. Чунки оғзаки тузилган шартномалар бўйича ҳам уведомление топшириш кераклиги белгиланган.

“Уведомление”ни 2 ойда топшириш лозим. Олдинроқ топширсангиз бўлади, лекин кечиктиришингиз мумкин эмас. Кечикадиган бўлсангиз, патентингиз куйиши мумкин. Бу ҳақдаги батафсил маълумотни сайтимиздан топасиз!

Ҳурматли ватандошлар, сиз учун тўплаганларим, айтмоқчи бўлганларим ҳозирча шулар. Насиб қилса, кейинги ҳафтада яна гаплашамиз. Фикр ва мулоҳазаларингизни, албатта, изоҳларда қолдиринг. Кўришгунча!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация